Меню
Қашқадарё
ЭНГ ФАОЛ ЁШ МУТАХАССИСЛАР САРАЛАНМОҚДА
Танлов уч босқичда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, биринчи босқичда иштирокчилар ўз йўналишлари бўйича 20-30 апрель кунлари туман (шаҳар) босқичи ғолиблиги учун баҳслашиши белгиланган эди. Шунга мувофиқ, вилоятимиз шаҳар ва туманларида ҳам таълим, тиббиёт, молия-иқтисодиёт, саноат, қурилиш, транспорт ва бошқа соҳаларда энг фаол ёш мутахассислар сараланди.
Жумладан, танловнинг “Энг фаол ёш банк ходими” йўналишида Қарши шаҳар босқичи ғолиблари аниқланди.
- Унда 16 нафар банк ходими иштирок этди, - дейди Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қарши шаҳар кенгаши раиси Муножот Норова. – Даъвогарларнинг иштироки малакаси, тажрибаси, ўз соҳасини қанчалик даражада пухта ўзлаштирганлиги, умумий иш стажи, маълумотидан тортиб, чет тилларини қанчалик даражада мукаммал билиши, иш жараёнида янги ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаси каби жами 11 та мезон бўйича юз баллик тизимда баҳолаб борилди.
Якунда барча мезонлар бўйича Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси ходими Толибжон Қурбонов энг кўп балл жамғариб, “Энг фаол ёш банк ходими” дея эътироф этилди. Энди у танловнинг вилоят босқичида иштирок этади.
Шунингдек, танловнинг “Энг фаол ёш тарбиячи” йўналишида ҳам Қарши шаҳар босқичи ғолиблари аниқланди. Унда вилоят марказидаги мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган 37 нафар тарбиячи иштирок этди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Сараланган энг фаол ёш мутахассислар энди танловнинг 21-30 май кунлари бўлиб ўтадиган вилоят босқичида яна бир бора ўз омадларини синаб кўришади.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Суратда: танловдан лавҳа.