Меню
Қашқадарё
ЭНГ БЕБАҲО БОЙЛИК
Ҳақиқатан, инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади. Маънавият аждодларни авлодларга, ўтмишни бугунга, келажакка боғловчи кўприк вазифасини бажаради. Маънавият инсон, халқ, жамият, давлатнинг куч-қудрати манбаидир.
Истиқлолнинг дастлабки кунларидан мамлакатимизда ёш авлодни комил, юксак маънавиятли инсон қилиб шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, бунда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, унинг маънавияти оила бағрида юз беради. Боланинг ёшлигидан оилада салбий ҳолатларга гувоҳ бўлиши унда ёт ғояларга мойилликни шакллантиради. Уни бундай ғоялардан асраш ота-онанинг зиммасига катта масъулият юклайди. Она меҳр-муҳаббат билан фарзандини тўғри йўлга йўналтира олиши, ота эса мардлик-жасурликка ўргатиши боланинг баркамол шахс бўлиб камол топишида муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада мутафаккирлар, аллома ва машойихларнинг билдирган фикрлари эътиборга молик. Жумладан, Шарқ маънавияти тарихида дастуриламал вазифасини ўтаган пандномалар, қимматли асарларни кўплаб санаш мумкин. Айниқса, Кайковуснинг “Қобуснома”, Саъдийнинг “Гулистон”, “Бўстон”, Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”, Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”, “Насойим ул-муҳаббат” асарларидаги ўгитлар, тарбиявий ҳикоятлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу асарларда молу давлати кўп бўлган одам бой эмас, балки маънавий етук инсон бой экани, киши ўз сўзи, амалий ишлари билан одамларга фойда келтирса, ёмонларни тўғри йўлга солса, нур устига аъло нур бўлиши уқтирилади. Бу асарларда инсоннинг маънавий қиёфаси тўғрилик, ҳалоллик, ор-номус, ғурур ва ватанпарварлик каби хислатларда намоён бўлиши айтилади. Яъни шундай хислатларга эга бўлганлар жамиятда юксак мавқега эга бўлса, эгри йўлни танлаган, ҳаромдан ҳазар қилмайдиганлар қаттиқ қораланади, уларнинг бу иллати охир-оқибат балога гирифтор қилиб, эл аро юзи қаро бўлиши таъкидланади.
Сўз мулкининг султони, мутафаккир Алишер Навоий одамларни маънавий камолот даражасига кўра, икки турга бўлади: аҳли маъни ва аҳли сурат. “Аҳли маъни” дейилганида, ҳар бир сўз ва воқеликнинг асл сабабига қизиқадиган, улардан ҳикмат, мазмун, ибрат олиб, ўзини бойитадиган кишилар назарда тутилган. “Аҳли сурат” эса ҳар бир воқеа-нарсанинг фақат шаклини, сиртини кўрадиган, асл маъносига бефарқ, кўрганига тақлид қиладиган, эшитганини тўғри деб биладиганлардир. Бундайларни йўлдан тойдириш осон, уларнинг ўйламай қўйган биргина қадамлари оқибатидан элга ранж етади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодидан муҳим ўрин олган “Бобурнома”ни маънавий тарбия дарслиги дейиш мумкин. Унда бобокалонимиз ўз кўрган-кечирганларини баён қилар экан, атрофидаги одамларнинг маънавий қиёфасини ҳам чизиб беради. Улар билан танишар эканмиз, ёмонликнинг жазосиз қолмаслиги, эгри қўйилган қадам охири жар экани, ҳар ким бу дунёда қилган амалига қараб ном қолдиришига амин бўламиз. Бобурнинг “беш кунлик дунё учун ушмундоқ ёмонликлар қилмиш” таърифи эса маълум қаҳрамонларнинг маънавиятини яққол баҳолаб, кўрсатиб беради.
Инсон – маънавияти билан гўзал. Энг бебаҳо бойлик – унинг юксак маънавияти. Ички гўзаллик, кўркам қиёфа уни бошқалар наздида ёқимли, хушсурат кўрсатади. Яхши фазилатлар, эзгу амаллар маънавиятимизни бойитадиган омил бўлса, китоб ва билим шу фазилатларни сингдирадиган бебаҳо манбадир.
Шаҳноза ЖАЛИЛОВА, Қарши педагогика коллежи директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари