Меню

Қашқадарё

16.04.2019 1846

Энг беўхшов дуэллар: "МАРҲАМАТ ҚИЛИБ СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАБ ҚЎЙИНГ..."

Кунларнинг бирида қалин дўстлар - Максимилиан Волошин ва Елизавета Дмитриева бир финжон чой устида ўтириб, жамоатнинг кўнглини ўйин-кулги билан бироз овлаш мақсадида ўйга толишади. Сўнгра улар бир неча шеърий асарлар ёзиб, испан аёли Черубина де Габриак номи остида нашр этишади. Ўқувчилар эса шеърлардан қойил қолиб, нафақат давомини талаб қилди, балки гўзал шоирани ўз кўзи билан кўришни хоҳлаб қолди. Аммо сирли испан аёли омма олдида ўзини намоён этишга шошилмади, у фақатгина китобхонлар сабрсизлик билан кутаётган асарларини нашр эттиришни давом эттираверди.

Айниқса, шоир Николай Гумилёв бетоқат эди - у нотаниш аёлга ғойибона ошиқ бўлганди, уни учратиш йўлини излар, таҳририятлар бўйлаб қатнаб юрарди… Охир-оқибатда Волошин ва Дмитриеванинг Гумилёвга раҳми келди ва "карта"ларни очишди. Гумилёвнинг хатти-ҳаракати эса олдиндан айтиб бўлмас даражада ўзгарарди. У жазавага тушиб, Волошинни дуэлга чақирди. Дуэль жойи сифатида айнан Пушкин ва Дантес ўқ узишган Қора дарёча танланади. Николай Гумилёв рақибининг адабини бериб қўйишга ишончи комил эди, Волошин эса чўчир ва ярашишни хоҳларди. Йўлда Волошин ковушини йўқотиб қўяди, оқибатда кечикиб қолади. Унинг бахтига, Гумилёв рақиби кечикканидан шунчалик жаҳли чиқадики, қаҳр-ғазабдан қўллари қалтирарди, шунинг учун ҳам ўқ Волошинга тегмасдан учиб ўтади. Волошин эса жавоб ўқини осмонга отади.

Эҳтимол, учига чиққан дуэль қатнашчиси сифатида рус шеъриятининг қуёши Александр Сергеевич Пушкинни аташ мумкиндир. У дуэль чизиғига 29 кишини чақирган! Пушкиннинг лицейдаги ўртоғи Кюхельбекер шоирдан уни масхара қилган эпиграммаси (қисқача ҳажвий шеър) учун ғоят ранжиб, дўстини орани очиқ қилиб олишга чақиради. Кюхельбекер қўлига тўппонча олганида, Пушкин истеҳзо билан кулиб, ўз секундантига мурожаат қилади: "Тақсир, жойларимизни алмашишни хоҳламайсизми? Ростданам, дуэль чизиғида туриш хавфсизроқ!" Ҳақиқатан, бир дақиқадан сўнг Кюхельбекернинг ўқи секундантнинг қулоғи ёнидан визиллаб ўтиб кетган. Шу билан дуэль тугаган. Дарвоқе, айтиб ўтиш жоизки, Пушкин томонидан йўлланган чақириқларнинг кўпчилиги барибир дуэлгача етиб бормаган, сабаби, унинг дўстлари миршаблар билан келиб, курашчан шоирни вақтинча ҳибсга олишарди.

17 йиллик бойкот

1860-йилларда оқсуяк жангари, Севастополнинг қаҳрамонона мудофааси қатнашчиси, атоқли рус ёзувчиси Лев Толстой дуэллар оқибатида анча танилиб қолганди. Дурдона асар - "Уруш ва тинчлик"нинг бўлажак муаллифи феъл-атвори ўша маҳаллар у қадар ширинсухан эмасди, у тез-тез жанжаллар ташаббускорига айланар, ҳар кимсага панд-насиҳат қилиб қўйишга уринарди. Шунингдек, бу уринишлардан ўзининг эски ўртоғи Иван Тургенев ҳам бебаҳра қолмаганди. Тургенев эса узоқ вақт сабр қилди. Аммо бир куни иккиси шоир Фетнинг уйида меҳмон бўлишганида, Толстой аччиқ устида Тургеневни ҳақорат қилади. Шундан сўнг Тургенев Толстойга дуэлга тайёрланишни сўрайди. Агарда ўшанда ёзувчилар можаросига обрўли дўстлари аралашмаганида, ким билади дейсиз, эҳтимол, биз классик адибларнинг биридан жудо бўлишимиз мумкин эди. Дуэлни бекор қилишди, Толстой эса Тургенев билан бир-бирига бойкот эълон қилишди, бу бойкот 17 йилга чўзилди.

Дуэллар тарихи Гумилёв ва Волошинникига қараганда, хийла тутуриқсиз воқеаларни ҳам бошдан кечирган. Масалан, бир вақтлар Германия канцлери бўлган Отто фон Бисмарк Рудольф Вирхов билан тортишганди. Баҳснинг натижаси эса дуэлни эълон қилиш билан хотима топди. Вирхов жанг қилишни таклиф этган, фақат тўппончаларда, ҳаттоки шпагадларда (қиличсимон найза) ҳам эмас, аксинча... сосискаларда, шартга кўра, ғоят катта таомда сосискалар тизилар, иккисидан бири эса заҳарланиши керак эди. Бисмарк ўз вақтида  фикридан қайтиб,   дуэлни бекор қилган, негаки, сосискадан заҳарланиб ўлишни хийла аҳмоқлик деб ҳисоблаган.

Бугунги дуэллар

Бугунги замонавий дуэлларнинг "умри" чақириқ босқичида тугайди. Бундан бир неча йил илгари машҳур француз актёри Жерар Депардье Франциянинг ўша пайтлардаги бош вазири Жан-Марк Эрони дуэлга чақирганди. Бунинг асосий сабаби, вазир солиқ ошишини назарда тутадиган қонун қабул қилинишининг фаол ташаббускори эди. Актёр шамширларда курашишни таклиф этган. Амалдор эса актёрга бунинг ўрнига солиқ тўлаб қўйишини таъкидлаганди.

Яқин тарихда ёзувчи Александр Проханов дуэлга Андрей Макаревични чақирганди. Аслида Проханов чапараста дуэлни ташкиллаштиришни таклиф қилган, яъни у Макаревич билан ва Плотницкий Порошенко билан. Макаревич ўз жавобида ёзувчига аввало озиши, кейин эса отишишни маслаҳат берган. Таъкидлаш жоиз,  дуэлларнинг жуда ишқибози ва тарафдори бу - актёр Никита Жигурда. Донецкда у Александр Турчинов ва Арсен Яценюкни курашга чақирган. Ҳақиқатда, Жигурда бу уч ойга мўлжалланган юлдузли дуэль бўлади, деб қайд этганди. "Сизни ишонтириб айтаманки, ярамаслар ва пасткашлар дуэлга жавоб беришмайди, улар дуэль ўрнига бир-бирини уришишга тайёрларни гижгижлаб, ўзларининг пасткашликларини қилишади, - деганди Никита Жигурда. - Пушкин ва Лермонтовни ҳам шундай тузоққа туширишганди. Улар тақдирларини синаб кўришганди, уларни эса ўлдиришди. Шу боисдан ихтилофларни тинчлик йўли билан ҳақ қилишни ёки қон тўкмасдан дуэль уюштиришни ёқлайман. Мен дуэлни ғайришуурий тарзда қабул қиламан, яъни ижодда".

Валентина ОБЕРЕМКО

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!