Меню

Қашқадарё

19.04.2016 2103

ЭНЕРГИЯ ТЕЖАМКОРЛИГИ ВА ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси илмий ходимлари, Тошкент давлат техника университети, Наманган муҳандислик-педагогика  институти, Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва бошқа бир қатор олий ўқув юртларининг тадқиқотчилари, ёш олим ва мутахассислари, шунингдек, вилоятимиздаги йирик саноат корхоналари вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоиз, юртимизда илмий изланиш ва инновация фаолиятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани янги лойиҳа ва ғояларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш, иқтисодиётни изчил янгилаш, уни янада юксалтириш ва ресурсларни тежаш имконини бераяпти.

Айниқса, Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2015 йил 5 майдаги “2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорлари ва “Жаҳон молиявий иқтисодий инқирози, Ўзбекистон  шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” асарида илгари сурилган фикрлар бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Анжуман мамлакатимиз саноат соҳасида янги технологияларни жорий қилишда энергия сарфини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва экологик муаммоларни бартараф этишга доир долзарб масалаларни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти етакчи илмий ходимлари Раббон Авезов, Нилуфар Авезова, Энергетика ва автоматика институти етакчи илмий ходими Умарбек Одамов ва бошқа бир қатор олимлар ишлаб чиқариш корхоналарида ресурсларни тежашга оид мавжуд муаммолар ечимини топиш, уларни илмий жиҳатдан асослаш, иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган илмий ишланмаларини тақдим этишди. Шунингдек, озиқ-овқат, кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш технологияларини такомиллаштиришга доир маърузалар асосида илмий тажрибалар, илмий-амалий тавсия ва таклифлар баён этилди.

Шундан сўнг тадқиқотчи, олим ва мутахассислар тўрт секция – “Ишлаб чиқариш корхоналарида энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлигининг долзарб муаммолари. Энергия тежамкорлиги соҳасида инновация ва инновацион технологиялар”, “Ноанъанавий, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш усуллари ва энергия тежайдиган технологиялар”, “Таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион ҳамкорликнинг долзарб масалалари” ва “Энергия тежамкорлиги бўйича ёш олимлар ва тадқиқотчиларнинг инновацион ишланмалари” гуруҳларига бўлинди ва уларда танланган йўналишларга оид маърузалар тингланди, ўзаро фикр алмашилди.

Анжуман иқтисодиёт тармоқларида энергия тежамкорлигига эришиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ошириш борасида олиб борилаётган изланишлар координациясини яхшилашга, олимлар ўртасидаги илмий ва ижодий алоқаларни кучайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.

* * *

Анжуман доирасида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг “Иссиқлик энергетикаси” кафедраси қошида ташкил этилган “Энергия тежамкорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбалари” илмий-ўқув лабораторияси очилди. 

- 2013 йилда институтимизнинг айнан шу кафедраси қошида “Муқобил энергия манбалари” илмий лабораторияси ташкил этилганди, - дейди институт тадқиқотчиси Хайрулла Давлонов. - Бу эса иккинчиси. Энг муҳими, энди энергия тежамкорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишида изланаётган талабалар, тадқиқотчилар мазкур лабораторияда илмий-тадқиқот ишларини амалиёт  билан боғлаб олиб бориш имконига эга бўлишди.

Азизбек НОРОВ.

Концерт

БАХТ ВА ШОДЛИК СЕРЕНАДАСИ

Қарши санъат коллежида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, профессор Муяссар Раззоқова ҳамда унинг шогирдлари иштирокида “Эъзоз” деб номланган опера концерт дастури бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Муяссар Раззоқова юртимизда опера санъати ривожида ўз ўрнига эга санъаткор саналади. Унинг ижросидаги жаҳон мумтоз мусиқалари санъат ихлосмандларининг, мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. У дунёнинг кўплаб давлатларидаги концерт дастурларида иштирок этиб, опера ижрочилари орасида овоз имкониятлари юқорилиги билан ажралиб туради.

Вилоятимиз марказида ташкил этилган мазкур концерт дастуридан кўзланган мақсад эса ҳудудда опера санъатини янада кенг тарғиб қилиш, иқтидор эгаларини аниқлаш, маҳоратли санъаткор ижросида жаҳон саҳналарини забт этган машҳур арияларнинг бадиий завқини томошабинларга улашишдан иборат бўлди.

 Жаҳон классикасининг энг сара намуналари - “Дон Жуан”, “Каварадосси” ариялари, “Дон Кихот” серенадаси, “Мадам Баттерфляй”, ўзбек опера санъати дурдоналаридан “Муҳаббат”, “Баҳор”, “Ал-Фарғоний”, “Лайли” каби ўттизга яқин опералар санъат кошонасида жаранг сочди. Мумтоз санъат намуналари орқали бахт ва шодлик туйғулари тараннум этилди.

- Опера жаҳон санъатида муҳим ўрин тутади, - дейди Муяссар Раззоқова. –  Чунки мазкур санъат тури ижрочидан нафақат овоз, балки кенг дунёқараш, билим ва тажрибани ҳам талаб қилади. Чунки опера ижрочиси аввало бир неча тилларда куйлай олиши керак, кўп минг сонли мухлислар аудиториясини ҳис қила олиши лозим. Аҳамиятлиси, юртимизда ҳам бу санъат тури йилдан-йилга сайқал топиб бормоқда. Биргина Қашқадарё замини ўнлаб опера ижрочисига эгалигининг ўзиёқ бунинг далилидир.

Концерт дастури кўтаринки руҳда ўтди. Бир-биридан жарангдор ижролар мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди.

Якунда ўқувчи-ёшлар учун маҳорат дарси ташкил этилди.

Замира РЎЗИЕВА.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!