Меню

Қашқадарё

27.10.2020 1715

ЭНДИГИ КАТТАЛАР МАЖЛИСДАН БОШҚА НАРСАНИ БИЛМАЙДИ...

Сараланган сатрлар

"Тоғай Мурод адабиётга тутаб эмас, ёниб кирди" деган эди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад. Дарҳақиқат, нафақат ўзимиз, дунё адабиётида ҳам Тоғай Муроддай ёзувчи камдан-кам. Аввало, услуби билан - наср назмдай ўқилади. Адиб "Юлдузлар мангу ёнади" қиссасида кураш, "От кишнаган оқшом"да кўпкари, "Ойдинда юрган одамлар"да умр бўйи фарзанд кутиб яшаган эр-хотин, "Момо ер қўшиғи"да оёғи ердан узилган ижодкор мавзусини қаламга олади, бироқ уларнинг ҳаммасини содда, қалби беғубор, мард ва танти, орияти, ғурури осмондай баланд инсонлар дунёси бирлаштириб туради.

Қуйида Тоғай Муроднинг биринчи асари - "Юлдузлар мангу ёнади" қиссасидан дилга яқин лавҳаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

* * *

Бир полвон йиқилса, орига ошнаси ё оғайниси даврага чиқди. Қони тортди...

Ор-номус учун кураш болаликдан бошланади!

Қишлоқ одамлари олчин, тоғчи, паритўп, қовчин, гўрхов, юз... дея аталмиш уруғ-аймоқларга бўлиниб олишади.

Бордию, четдан полвонлар келган бўлса-чи? Унда, қишлоқ полвонлари бирлашиб, меҳмон полвонлар билан курашади.

Одамлар киндик қонлари томмиш ер шон-шарафи, орияти учун олишади.

Ватан - киндик қон томмиш ердан бошланади!

* * *

- Мағзава, ланж ҳам гапми, мағзава! Халойиқ, кўрдиларинг, Бобоқул полвон билан Мамат полвон не вақтдан буён олишиб, на йиқитади, на йиқилади! Ерга қараб суяшиб юргани-юрган! Мен уларни қурдан ҳайдаб юбораман, майлингизми?

- Давранинг фикриям шу!

- Бўлмаганга бўлишма деган!

- Бобоқул, кўп чақчайма, Бўри полвон тўғри қиляпти!

- Олиш - санъат, ҳа!

- Минглаб одам уйқудан қолиб сенга қараб ўтирибди! Шундай экан, санъатингни кўрсат-да, баччағар!

* * *

"Во ажаб, бу қандай дунё бўлди, жонивор?

Ўртада бурун бўлмаса, у кўз бу кўзни ўйиб олади шекилли?.."

* * *

Қўл чил азал-азалдан ман этилади. Боиси, қўл чилга олинмиш қўл ё чиқиб кетади, ё синиб кетади.

Қўл лат егач, қўл ўйнама бўлиб қолади.

Оқибат, полвоннинг яна қайтиб даврага чиқиши амримаҳол бўлиб қолади.

Бўри полвон даврада йиллаб олишди. Аммо бирон марта-да қўл чилга олмади.

* * *

Бўри полвон раисни ёмон кўрди. Бўри полвон раисдан ҳазар қилди.

Ҳазар боиси, раис бузуғоёқ бўлди...

Шу боис, Бўри полвон раис билан тўй-маъракаларга юрмади.

Бўри полвон раис билан ош-қатиқ бўлмади.

"Наҳс босган одам билан бир ёққа юриб бўладими? Бўлмайди! Тағин, йўлда бирор-бир фалокат юз беради-да баримиз жувонмарг ўлиб кетамиз..."

Бўри полвон шундай ўйлади!

* * *

Ҳай бир катталар бор эди-да! Ор-номус учун куйиб-пишарди, шон-шараф учун куйиб-пишарди!

Эндиги катталар мажбурият билан мажлисдан бошқа нарсани билмайди!

* * *

Азалдан полвон халқида сал... камроқ бўлади, деган гап бор.

Йўқ, полвонларда кам бўлмайди! Полвонлар вужудида ҳовур бўлади! Полвонлар кўпкарига боқилмиш отдай асов бўлади!

Полвонлар мисоли оғир тош бўлади. Оғир тош унча-мунчага кўчмайди. Бордию, фалокат босиб кўчса, ёмон кўчади! Оғир тош кўчса, ёмон бўлади!

* * *

Бўри полвон бир энтикди!

Тағин бир тўйда Момоқизни олисдан кўрди.

Кундуз куни бўлди.

Момоқиз бағрига бола босиб турди. Боласи Момоқиз рўмолини тортқилаб-тортқилаб турди...

Бўри полвон икки энтикди!

Оҳ - юракдан, ёш - кўздан бўлди!

...Шу-шу, Момоқизни ўйласа, кўнгли туб-тубида парокандалик кечар бўлди. Дунё кўзига тор кўринар бўлди. Кўнгли ўксир бўлди.

Оқибат, Момоқизни ўйламас бўлди. Момоқизни эсламас бўлди.

Момоқиз тилга олинса, эшитмас бўлди. Индамай туриб кетар бўлди.

Бошқа нима-да қилсин, Момоқиз энди бировлар аёли бўлди!

* * *

Халқ нимаси билан халқ?

Ўзининг урф-одатлари билан халқ! Ота-бобосидан қолган миллий анъаналари билан халқ!

Кўп урф-одатларимизни бировлар... ўзиники қилиб олди! Биз қўлимизни бурнимизга тиқиб қолдик.

Шундай кета берсак, ҳадемай... ўзимизни-да бой бериб қўямиз!

Буёғи камдай, не-не нималаримизни эскилик сарқити деб йўқ қилдик. Хиёл бўлмаса, халқнинг ўзини-да... эскилик сарқитига чиқариб юборайин, дедик!

Бугун буни йўқота берсак, эртага уни йўқота берсак, адирдаги... подадан нима фарқимиз қолади?..

* * *

Авлодлар алмашган сайин... ё, пирим-э, туф-туф-туф... авлодлар алмашган сайин... юрак йўқолиб боряпти!

Жасад бор! Ақл бор!

Юрак йўқ!

Тўрт муча бор! Куч-қувват бор!

Юрак йўқ!

Кўкракда жон бор!

Юрак йўқ, юрак!..

Фарзандлар ҳаётга бепарво қарайди. Мусибат билан хурсандчилик фарқига бормайди.

Фарзандлар ўзлари минаётган машинага ўхшайди! Одам ким, машина ким, билиб бўлмай қоляпти...

* * *

Дарҳақиқат, Бўри полвон умрида жуда кўп одам кўрди. Мулоқотда бўлди.

Аммо жуда оз одам отини билди. Фақат полвонлар отини тўлиқ айта олди.

Боиси, Бўри полвон даврага чиқиб курашмаган эркакни... эркак демади!

* * *

Полвонлар бирови бўшроқ бўлса-ку яхши, йиқилмаганига шукур қилиб юра беради. Бордию, иккови-да ғолибликка баб-баробар даъвогар бўлса-чи? Унда... асаблар олишади!

* * *

Фақат, фақат ғалаба учун курашилса, ғалабага етиш жуда-жуда мушкул бўлади! Баъзан, етиб бўлмайди!

Йўқ, полвон зафарни эмас, зафар полвонни қидирсин! Зафар полвонни топсин!

Полвон хоҳиш-ирода билан олишса, ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этса, санъатини намойиш этса, зафар ўз-ўзидан келади!

Полвон ўз курашидан ўзи завқланса, зафар ўз-ўзидан ёр бўлади!

* * *

Шафқатсиз вақт ҳар даврнинг ўз зўрларини яратади! Инсон буни хоҳлайдими-йўқми, вақт учун барибир - ярата беради!

* * *

...зўрга ҳамма ҳавас билан қарайди. Зўрнинг санъатини, ўнги чапини миридан-сиригача синчиклаб ўрганади. Зўрга тақлид қилиб, ўшандай зўр бўлгилари келади!

Зўр-чи? Зўр ўзгаларни билмайди. Аниқса, ўзидан кучсизларни билмайди!

Билгиси-да келмайди! Боиси, кўзга илмайди!

Зўрнинг тағин бир фожиаси - зўр мағлубият аламини кам тотади.

Зафар кетидан зафар... Зўр - зафар оғушида яшайди!

Йўқ, зўр мағлубиятлар аламини-да тотиб туриши лозим!

Ана шунда ўзи ҳақида ўйлаб кўради! Ана шунда сергаклик билан яшайди!

* * *

Биласиз, уккағар ўша самбодаям, эркин курашдаям, классик кураш, дзюдо деганидаям, барча-барчасида полвон дустаман ё ёнбош йиқилса, ё, тиззалаб ўтириб қолса, иккинчиси ҳалол йиқитаман деб, бечора полвонни судраб, ерга пийпалайди. Ё бўлмаса, бирор жойини қайиради. Ерда юмалаб ётган одамни судрайди-я! Ё пирим-э, ё пирим-э... Бу эркакнинг иши эмас! Эркакмисан - оёғида тик турган эркак билан олиш!

* * *

...самбода ҳимоя ўргатилади!

Бизнинг олишимизда эса ҳимоя ҳақида гап бўлиши-да лозим эмас! Фақат ҳамла, ҳамла!

* * *

Ҳар эр кўнгилнинг қиз кўнгилга айтажак гаплари бўлади. Кўнглида шу гапи бўлмаган йигит - йигит эмасдир! Шу гапни қайсидир йигитдан интизор бўлиб кутмаган қиз-да - қиз эмасдир!

Дунёга келдим, деб юрмасинлар!

Биров, бу гапни бир сўз билан айтади. Биров, кўп сўз билан айтади. Тағин, биров, айтолмай қолади...

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!