Меню
Қашқадарё
Энди дарахт экиш шунчаки “кўз кўрди, қулоқ эшитти” учун бўлмаслиги керак
2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилган эди. Бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
Шунга мувофиқ, мамлакатимизда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Бугун Қарши шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасиги ишларга старт берилди. Алишер Навоий кўчасида уюштирилган ҳашарда вилоят ҳокими бошчилигида ҳозир бўлган сектор раҳбарлари, фаоллар ва жамоатчилик вакиллари ташаббус доирасидаги илк кўчатларни ўтқазди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Қашқадарёда “долзарб 40 кунлик” ичида 16 миллион тупдан ортиқ кўчат экилиши кўзда тутилган.
Аслида ҳар йили мавсумда миллионлаб дарахт кўчатлари экилгани ҳақида бонг урамиз, катта рақамларни ҳисоботларда акс эттирамиз. Лекин, Президент таъкидлаганидек, “Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди”.
Бу гаплар айнан Қашқадарё учун айтилган десак, истаганча асослар топилади. Аммо энди бундай бўлмаслигидан, ҳудудда “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам фақат “кўз кўрди, қулоқ эшитти” учун бажарилмаслигидан умидвормиз.
Ўз мухбиримиз