Меню
Қашқадарё
“End TB” дастури сил оқибатларини кескин камайтира оладими?
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган илмий-амалий конференцияда таъкидланишича, “End TB” стратегияси 2014 йилда Жаҳон соғ-лиқни сақлаш ташкилотининг 67-сессиясида қабул қилинган бўлиб, 2035 йилга келиб сил касаллиги сабабли ўлим ҳолатини 95 фоиз ва сил билан касалланиш кўрсаткичини 90 фоизга камайтиришни кўзда тутади.
Конференция АҚШ, ЖАР, Латвия, Россия, Швейцария, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг юздан ортиқ мутахассислари, жамоат ва нодавлат ташкилотлари вакилларининг сил касаллиги, жамият саломатлиги, лаборатор диагностика бўйича тажриба алмашишларига имконият яратиб берди.
- Сўнгги йилларда Ўзбекистонда силга қарши кураш соҳасида бир қатор муваффақиятларга эришилди, - дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева. – мазкур конференция силни назорат қилиш соҳасида қарашлари мос келган томонларнинг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, шунингдек, илмий ва технологик инновацияларни жорий этишга қаратилган. Биламизки, USAID Соғлиқни сақлаш вазирлигининг силга қарши кураш миллий дастури бажарилишига, аҳоли ўртасида, жумладан, кам ҳимояланган гуруҳлар орасида силнинг анча самарали бўлган профилактик, диагностик ва даволаш усулларини жорий этишга кўмаклашади. Бюджети 7,6 миллион АҚШ долларига тенг 5 йиллик дастур эса мамлакатда сил туфайли юзага келадиган талафотни камайтиришдир.
Конференция доирасида етакчи халқаро экспертлар томонидан “Силни тезкор аниқлаш ва ўз вақтида даволашга имкон берадиган лаборатор диагностиканинг инновацион амалиётлари”, “Тиббиёт муассасаларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган инфекцион назорат”, “Дори воситаларидан рационал фойдаланишга мўлжалланган “Quan-TB” тизими ёрдамида прогноз қилиш”, “Беморга йўналтирилган ёндашишни юритишда ўрта тиббиёт ходимининг роли”, “Силга қарши курашишда жамоатчиликни жалб қилиш” бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.
Шунингдек, мамлакатимизда сил бўйича назоратни кучайтириш ва у туфайли юзага келадиган талафотни камайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА