Меню
Қашқадарё
Эмлаш олмаганларга вакцинация қилинганлик ҳақидаги сертификатларни сотиш ҳолати аниқланди
АҚШнинг Чикаго шаҳрида фаолият кўрсатувчи фармацевтга 120 йиллик қамоқ жазоси хавф солаяпти. У Covid-19га қарши эмлаш олмаганларга вакцинация қилинганлик ҳақидаги сертификатларни сотганликда гумонланиб қўлга олинган.
34 ёшли Чжао Тантан жорий йилнинг март-апрель ойларида онлайн платформа орқали 11 нафар турли харидорга 125 та сертификат сотган. Унинг ҳар бири учун эса 10 доллардан "хизмат ҳақи" олган. Шу тариқа уддабурон фармацевтнинг ҳожатбарорлиги натижасида топган даромади 1250 долларни ташкил этган.
Аммо, гап шундаки, улар Америка касалликлар назорати ва профилактикаси бўйича федерал маркази сертификатлари бўлган. Шунга асосланган АҚШ адлия вазирлиги давлат мулкини ўғирлаш айблови билан чиққан.
Фармацевтга нисбатан 12 банддан иборат айблов илгари сурилаяпти. Шунга кўра, унга ҳар бир банд бўйича ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси хавф солади. Айни ҳолатда Америкада тайинланадиган жазо муддатлари энг кўпига қараб умумлаштирилмайди, аксинча, ҳаммаси бир-бирига қўшиб ҳисобланади.
Ушбу жиноят иши юритувчиси, федерал қидирув бюроси агенти Эммерсон Бьюининг изоҳлашича, эмлаш олмаганларга вакцинация сертификатини сотган жиноятчи миллионлаб америкаликларни вирусдан зарарланиш ёки ўлим хавфига рўбарў қилган. Янаям ташвишланарлиси, халқ хавфсизлигини арзонга пуллаган. Федерал қидирув бюроси бу ҳолатни коронавирусга қарши курашаётганларга нисбатан кечирилмас ҳақорат дея ҳисоблайди. Шу боис, идора вакцинация қилинганлик ҳақидаги сертификатлар сотилишини "оғир оқибатларга олиб келадиган жиноят" сифатида баҳолаган.