Меню

Қашқадарё

17.09.2016 2201

"ЭМДИ ОЧУҚ МАЪЛУМ БЎЛДИКИ..."

Халқаро тармоқдан фойдаланувчиларнинг 47,8 фоизи Осиё, 24,6 фоизи Европа, 13,4 фоизи Шимолий Америка мамлакатлари аҳолиси ҳиссасига тўғри келади. Жаҳон веб-аудиториясининг 45 фоизини 25 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг 51 фоизи доимий равишда ижтимоий тармоққа киради. Айни вақтда виртуал оламда 600 миллионга яқин интернет сайтлари мавжуд бўлиб, ҳар ойда ўрта ҳисобда 202,4 триллион видеоролик кўриб чиқилади. Бу кўрсаткичлар дунё аҳолисининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, глобал тармоқ давлатлар, халқлар, элатларнинг равнақи ва келажагига таҳдид солаётган хавф-хатарларнинг фаол ташувчиси сифатида намоён бўлмоқдаки, булардан ҳамиша огоҳ бўлиб яшаш талаб этилади. Бу хатарлар умуминсоний, миллий, ахлоқий, диний, ҳуқуқий қадриятлар, демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, конфессиялараро бағрикенглик ҳамда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларининг ашаддий душмани. Инсоният бошига мислсиз кулфат келтираётган терроризм ва диний экстремизм ана шу хатарлардан бири, бу борада ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган материаллар фақат разилликка қаратилгани очиқдан-очиқ маълум.

Мисол учун, 1999 йилнинг апрелида Дэвид  Коуплэнд исмли 23 ёшли кимса томонидан Лондоннинг одам гавжум жойларида портлатилган бомбалар 3 кишининг ҳаётдан кўз юмиши ва 139 кишининг яраланишига сабаб бўлди. Кейинчалик суд жараёнида Коуплэнд мазкур террорчилик ҳаракатини ёлғиз ўзи тайёрлаганини, бунда интернетдан олинган “Террорист учун қўлланма” ва “Қандай қилиб бомба тайёрлаш мумкин?” номли китоблардан фойдаланганини маълум қилди. Ўшандан буён ўтган вақт давомида башарият худди шунга ўхшаган кўплаб жиноятлар гувоҳи бўлганининг ўзиёқ фарзандларимизнинг интернетдан фойдаланишига доимо кўз-қулоқ бўлишимиз, улар онгида маънавий ва мафкуравий иммунитетни шакллантиришимизни талаб этади.

Бузғунчи кимсалар интернет орқали ўзининг қабиҳ ғояларини тарғиб этаркан, аввало ҳаётдаги арзимас  қийинчиликлардан ҳам тушкунликка тушадиган, билим савияси ва ҳуқуқий маданияти паст бўлган баъзи ёшларни доимий равишда қўрқитиш ҳамда руҳий тазйиқ ўтказиш билан ўз домига тортишни мақсад қилишган. Шу боис ёшлар онгида Ватанга садоқат, аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий меросга, миллий, хусусан оилавий қадриятларимизга юксак ҳурмат туйғуларини шакллантириш учун кўп иш қилишимиз лозим. Айниқса, ёшларнинг ҳаётий қарашларини шакллантириш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишимиз, иқтисодий, маънавий, маданий, психологик тарбияни кучайтиришимиз зарур. Бинобарин, ўтмишда яшаб ўтган барча улуғ алломаларимиз мазкур масалаларга ниҳоятда катта аҳамият берганлари бежиз эмас.

Абдулла Авлоний таъкидлагани каби, “Эмди очуқ маълум бўлдики, тарбияни туғилган кундан бошламак, вужудимизда қувватламак, фикримизни нурлантурмак, ахлоқимизни гўзаллантурмак, зеҳнимизни равшанлаштурмак лозим”.

М.УСМОНОВ, ЖИЭМ катта йўриқчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!