Меню

Қашқадарё

27.06.2022 4134

ЭЛНИНГ УЗОҒИ ЯҚИН, МУШКУЛИ ОСОН БЎЛГАН ДАМЛАР

Сайёр қабул

    Сайёр қабул. Бу сўзни кейинги йилларда тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Одамлар мамнун. Нега? Идорама-идора эшик қоқиб юрмайди. Раҳбарларнинг ўзи “Бизга нима хизмат?” деб тургандан кейин, одамнинг бир ташвиши арийди-да. Айниқса, “катта”лар Тошкентдан келса, нур устига нур. Буниси энди кишиларнинг узоғи яқин, оғири енгил бўлгани.

Айни шу кунларда вилоятимизда Президент маслаҳатчиси раҳбарлигида ишчи гуруҳ вакиллари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирокида ҳудудлар бўйича сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Шанба куни Қарши шаҳридан бошланган тадбирлар кеча Ғузор туманида давом этди. Бугун эса Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Мазкур қабулларни ташкил этишдан мақсад фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш ва ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этишга қаратилган.

- Бундай тадбирлар аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади, - дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Исоқов. – Мана, бугун учинчи кун бўлса-да, тадбир кўтаринки кайфиятда ўтаяпти. Аҳолини ўйлантираётган кўплаб муаммолар шу ернинг ўзида ҳал қилинаяпти. Ўзимизнинг тизим бўйича оладиган бўлсак, эрталабдан бери 40 дан ортиқ мурожаат бўлди. Шундан 25 тасига тушунтириш берилди. Қолганлари назоратга олинди, ижобий ҳал қилинди. Масалан, Шаҳрисабз туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2 та гувоҳнома сайёр тартибда топширилди.

Масаланинг бир жиҳати бор. Йиллар давомида ечимини кутаётган шундай муаммолар мавжудки, уларни биргина сайёр қабулнинг ўзида ҳал этиб бўлмайди. Шу боис бу каби мурожаатлар рўйхатга олиниб, назорати кучайтирилмоқда.

- Биз Шаҳрисабз билан Яккабоғ туманининг Уйғун қишлоғи ўртасида қатнайдиган “дамас”чиларнинг йўл ҳақини асоссиз оширганлиги ҳақида мурожаат қилган эдик, - дейди Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи Мавлуда Омонова. – “Катта”лар бирдан бориб, “Шарқ грин агро” уюшмаси раҳбарлари билан тушунтириш ишлари ўтказишди, муаммони ҳал қилиб беришди.

Дарвоқе, оммавий сайёр қабулларда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Қарши шаҳри ва туманлар ҳокимлари, идоралар, муассасалар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда, элнинг дардига қулоқ тутмоқда, мушкулини аритмоқда.

Сайёр қабул давом этади.

Жаҳонгир ДЎСТОВ

Суратларда: Қарши шаҳрида ўтказилган тадбирлардан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!