Меню
Қашқадарё
"ЭЛНИ ТИНЧИТАЙ, ЭЛ ҲАМ РОҲАТ ТИРИКЧИЛИК ҚИЛСИН!" ДЕГАН ОЛИЙ МАҚСАДНИ ЧИРОҚ ЁҚИБ АХТАРСАНГИЗ ҲАМ ТОПОЛМАССИЗ..."
Сараланган сатрлар
Бугун ўзбек тили нуфузи, ўрни, аҳамияти ҳақида кўп гапирилаётган экан, унинг мавқеини янги босқичга кўтаришда муносиб ўрин тутган асар ҳақида айтмасак бўлмайди. Бу Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романидир. Мазкур китоб ўзбек адабиётидаги биринчи роман саналиши, тарихимизнинг энг кир ва қора кунларини акс эттириши билан бирга, тилимиз имкониятлари баробарида ўзлашма сўзлардан унумли фойдаланилгани билан муҳим ўрин тутади. Асар ортиқча таърифу тавсифга муҳтож эмас. Уни ўқиб завқ олиш, ўзбек тили нақадар бой тил эканини ҳис этиш керак. Ўйлаймизки, эътиборингизга ҳавола қилинаётган лавҳалар бу борада кичик ундов вазифасини бажаради.
"Шамайда ўйлаганларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш! Бу ерда сўзимни эшитувчи биров ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам: "Сенинг арзингни шу хонлар эшитадими, шу беклар ижро қиладими?" деб, мени маъюс қилдилар. Илгарироқ мен уларнинг гапига бовар қилмай юрсам ҳам, сўнгидан тўғри сўзни айтганларини билдим. Дарҳақиқат, мозористонда "ҳай-ю алал-фалоҳ" хитобини ким эшитар эди!"
* * *
Модомики, ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлгувчилар йўқотилмас эканлар - бизга нажот йўқдир...
* * *
Унинг кўзлари мулойимгина сув устига оғдилар, ариқнинг мусаффо тиниқ суви ёввошгина оқиб келар, Кумушбибининг қаршисига етганда гўёки унинг таъзими учун секингина бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўтирган соҳиранинг сеҳрига мусаххар бўлган каби тағин бир каттароқ доирада айлангач, оҳистагина кўприк остига оқиб кетар эди. Ариқ сувининг ниҳоятсиз бу ҳаракатини узоқ кўздан кечириб ўтиргач, қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушган сув томчилари билан ариқ ҳаракатга келиб чайқалди. Гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди...
* * *
Муҳаббат деган нарса жуда оз кишиларга насиб бўладиган бир дурри бебаҳодир.
* * *
Қизлар ипга чизилган гулдек уй теварагини олганлар, бунинг устига ёввошлик, ўйчанлик уларнинг тусларига маънавий бир ҳусн ва жиддият бериб, бирга юз ҳусн қўшган эди. Агар биз шу кезда заршунослик учун енг шимарсак, яъни гулни - гулдан ажратадиган бўлсак боягидек эсанкираб, мутараддид қолмаймиз, чунки Кумушбиби лолалар ичидаги бир гул ва ё юлдузлар орасидаги тўлган ой эди.
* * *
"Мен сизнинг қиличингиз остида ўлимдан қўрқиб, ёки сизга хушомад учун сўзламай, ҳукумат кишиларимиз орасида тушунадиган бир одам бўлганлигингиз важидан отамнинг ҳам ўзимнинг қандай фикр ва маслак кишиси эканлигимизни айтиб ўтмоқчи бўламан: биз на қипчоқларга тарафдор бир киши ва на шаҳарлик оғайниларга! Бу икки томон бизнинг назаримизда бир-бирисидан мумтоз, идора ишида бири-биридан ортиқроқ халқлар эмасдир. Шунга биноан Туркистон халқларининг истиқболларини бу икки томоннинг биттасига ҳавола қилиш баайни қўйни бўрига топшириш қабилидан бўладир. Нега десангиз, ҳар икки томоннинг иш бошига интилган кишиларининг кўкрагига қўл солиб кўрсангиз, бирисининг фақат эл таламак, бойлик орттирмоққагина бўлган ғаразини, иккинчисининг кўркли хотинлар, юқори турмушлар учун мақсадинигина кўриб, икки орадан "элни тинчитай, эл ҳам роҳат тирикчилик қилсин!" деган учинчи бир олий мақсадни чироқ ёқиб ахтарсангиз ҳам тополмассиз".
* * *
- Боболар "Дунёники мирикам икки!" деганлар, - деди, - тўғриси ҳам шундоғ: ўзингни юз ёққа урсанг ҳам тирикликнинг яна бир бошқа ямоғи чиқиб туради...
* * *
- Тақсир, амрингизга қарши тушадиган жойим йўқ, - деди, - лекин шунисини бир оз ўйламак керакки, юрт етмиш кун қамал кечирди. Онадан туғма азоблар, очликлар ўткарди ва ўткармоқда. Менга қолса бу кунларда ўттиз икки танга эмас, ўттиз икки қора пул солиш ҳам оғирдир. Юрт беш-ўн кун орқа-ўнгини олсин сўнгра... - Ҳожи сўзини тугата олмади, ҳожининг терс сўзига чидолмаган Азизбек ваҳшийларча ҳайқирди:
- Нима дейсан?
Ҳожи ишнинг бунчалик ёмонга кетишини ўйламаган эди. Шу дақиқада ишнинг олдини олмаса, энди гап фақат Азизбекнинг жаллод чақиришига келиб қолди:
- Тақсир, сиз йиғ, дер экансиз эртага эмас, бу кунданоқ йиға бошлайман. Юрт қани бермасин-чи? Фақат менга сизнинг буйруғингиз кифоядир!
* * *
Дунё можаросидан қўл ювмоқчи бўлган бир отага кексайган кунларида фарзанд доғини кўрмасликнинг ўзи ҳам улуғ мукофотдир.
* * *
Мусулмонқулнинг ўзи ҳам фавқулодда юраклик эди. 1853 милодий тарихда Мусулмонқул қўқонликларга асир тушиб уни тўпдан отиб ўлдириш учун дордек бир нарсанинг устига ўтқизирлар. Иккинчи томондан тўпга ўт бериш кутилади. Шу вақтда кишилар Мусулмонқулдан сўрайдилар: "Энди қалайсан, чўлоқ?" Мусулмонқул кулибгина жавоб беради: "Алҳамдулиллоҳ, ҳали ҳам сизлардан юқори бир ерда ўтирибман!.."
* * *
Балки муҳаббат бахтли кишилар учун яхшидир, лекин ўз тажрибамча, бахтсиз киши учун бадбахтликдир. Масалан сиз агар чиндан ҳам хотинингизга муҳаббатсиз бўлсангиз, ўзингиз ҳам иқрор қила оласиз: уйга кирсангиз хотинингиз бордек, кўчага чиқсангиз йўқдек, бас, сизга хотиннинг оғирлик ва енгиллиги бирдак.
* * *
"Мен кўп умримни шу юртнинг тинчлиги ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқни нима эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида, бир-бирини еб, ичган мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизга ақлим етмай қолди... Биз шу ҳолда кетадиган, бир-биримизнинг тегимизга сув қўядиган бўлсак, яқиндирки, чор истибдоди Туркистонимизни эгаллар ва биз бўлсак ўз қўлимиз билан келгусимизни ўрис қўлига қолдирган бўлармиз. Ўз наслини кофир қўлига тутқун қилиб топширувчи - биз кўр ва ақлсиз оталарга Худонинг лаънати албатта тушар..."
* * *
Киши ортиқча қўрққанда гангиб аъзоси ҳаракатсиз ва оғриқ ҳолга тушадирким, албатта буни биз қаттиқ қўрққандан деб биламиз. Дарҳақиқат бизнинг қаршимизга йўлбарс чиқса, биз қаттиқ қўрқамиз, чунки бизни ўлим кутадир, инсон учун дунёда ўлимдан қўрқинч нарса йўқ. Биноан алайҳи биз бундаги қўрқувни табиий ҳисоблаймиз. Аммо қизиғи шундаким, бизни дунё бахти кутганда, бизга саодат башорати берилганда нега биз ўлим кутгандаги ҳолга тушамиз ва узвий ташкилотимиз биринчидаги ҳолатни кечирадир.
* * *
Маълумки, киши ойнага боққанда нечоғлик айбсиз бўлса ҳам, ўзини бир камчилиги орқали кўрадир.
* * *
"Кундошлик уйда кунда жанжал!" деганлар. Албатта буни айтувчи киши ўйламасдан ва билмасдан айтмагандир. Жилла, ҳар куни жанжал бўлмаганда ҳам, ҳафтада, ўн кунда бир тўполон чиқмаса, албатта, кундошни кундош, деб бўлмас. Нега десангиз, бизнинг баъзи бир кундошсиз, чиқитсиз оилаларда ҳам икки, уч кунда товоқ-қошиқ синиб, тоғора янгиланганини ҳар қайсимиз биламиз, бас, энди кундошлик оилаларимизга келганда-чи, албатта юқоридаги "Кундошлик уйда кунда жанжал!" мақолини тўғрига, чинга чиқармасдан чора йўқ.
* * *
"Сиз мендан ҳам яхшироқ биласизки, шу уйда сизни аллақанча машаққатларга солган, чексиз жониворликлар ишлатган ва ҳисобсиз тиллалар тўкдирган, ниҳоят шу дақиқага келтириб тўхтатган биров ухлайдир. Агарда сизнинг менинг тилимдан ёзиб берган талоқ хатингиз дуруст ҳисобланмаса, бу ухлагувчи менинг ҳалол рафиқам бўлиб, икки йилдан бери мен ҳам унинг кўйида саргардонман. Демак, сиз билан менинг орамизда шу биров учун кураш борадир. Лекин сиз шу чоққача менинг устимдан муваффақият қозониб келдингиз: қорачопончи, деб дор остларигача олиб бордингиз, Мусулмонқул қўлига топширдингиз, бу ишларингиз фойдасиз чиққач, исмимдан талоқнома ёзиб, икки йиллаб рафиқамдан айириб туришга муваффақ бўлдингиз, бу орада гуноҳсиз бир йигитни ҳам ўлдирдингиз. Ниҳоят, ўғирлик йўлига тушиб икки йигитингизни ҳам менинг қўлимда ҳалок қилдингиз... Энди менга жавоб берингиз-чи: бу ёмонликларингизда сиз ҳақлими эдингиз?
(Отабекнинг Ҳомидга айтганларидан).
* * *
"Менинг учун кўйингизда ва оёғингиз учида жон бериш жуда ширин эди ва кўпдан бери ғоям эди. Шу сабабли яқинроғингизда ўлмоқ учун, ўлар эканман, сўнг дақиқамда яна бир мартаба бўйингизни олиб ўлиш учун душман томонидан уйингизга очилган туйнукчага кирдим. Кирдим-да, сизнинг бўйингизни олдим, ҳафиф тин олгандаги латиф ухлаган товушингизни эшитдим... Шу вақт, субҳонолло... ўзимда кутилмаган бир куч сезган эдим, икки эмас, икки юз душманга муқобила этишга ўзимда қудрат кўрган эдим..."
(Отабекнинг Кумушга ёзган хатидан).
Б.ЎКТАМ тайёрлади.