Меню

Қашқадарё

09.05.2019 1499

"ЕЛКАМДАГИ ЖАРОҲАТДАН КЎРА ҚАЛБИМДАГИ ОҒРИҚ КУЧЛИ ЭДИ"

- Уруш бошланган йили 17 ёшда эдим, - дейди оқсоқол.  - Қишлоқдаги барча  йигитлар бирин-кетин жангга отлана бошлади. Мени ёшим етмагани учун олишмаганди. Шу боис орадан бир йил ўтиб, 1942 йилнинг май ойида армияга жўнайдиган бўлдим. Ана шу бир йил ичида урушнинг фронт ортидаги азоби, оғир меҳнат, очарчилик, “қора хат” келган оилалардаги аҳвол – ҳаммаси бир бўлиб, қалбимда фашистларга нисбатан кучли нафрат уйғотган, тезроқ жангга киришни хоҳлаётган эдим. Дастлаб бизни Астрахань шаҳрига олиб боришди. У ерда икки ойга яқин ҳарбий тайёргарликдан ўтдик. 

Кейин Сталинград шаҳри остонасида жангга кирдик. Бир йилдан ошиқ вақт давомида жуда оғир жангларда иштирок этдим. Ҳар куни ўнлаб сафдошларингдан айрилиш, ҳар дақиқада ўлимни ҳис этиб туриш... хуллас, урушнинг бор даҳшатини таъриф этиб бера олмайман. Ўша куни ҳам Сталинград яқинидаги қишлоқлардан бирида шафқатсиз жанг бўлди. Ҳар томондан ўқлар ёмғирдек ёғилар, снарядларнинг портлаши, танк, вертолётлар овозидан қулоқларимиз битиб қолган эди. Душман томондан ҳам, биздан ҳам жуда кўпчилик ҳалок бўлишди. Мен ҳам елкамга ўқ тегиб, ҳушимдан кетган эканман. Ўзимга келганимда госпиталда ётардим. 

Узоқ вақт даволанишдан сўнг мени уйга қайтаришди. Елкамдаги жароҳат мунтазам азоб берар, қалбимдаги оғриқ эса ундан-да кучли эди. Чунки қишлоқдаги қийинчиликлар, урушнинг оддий одамлар бошига келтираётган кулфатини кўриб, чидаб туролмасдим. Колхозга "табелчи" бўлиб ишга ўтдим. Бор аламимни ишдан, меҳнатдан ола бошладим.

Яратганга шукур, бугунгидек фаровон, дориломон, инсон қадр топган кунларни кўриш ҳам насиб қилди. Фарзандларим, невара-чевараларим ардоғидаман. Ҳукуматимиз томонидан биз уруш қатнашчиларига жуда катта эҳтиром кўрсатилмоқда. Барча шарт-шароитлар яратиб берилган, ҳолимиздан доимо хабардор бўлиб туришибди. Фарзандларим, невара-чевараларим мана шундай тинч, хотиржам кунларда яшаётганидан беҳад севинаман. Уларга тинчликнинг нечоғлик олий неъмат эканини уқтиришдан чарчамайман.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.

Суратда: Абдухолиқ бобо Боймиров.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!