Меню

Қашқадарё

07.06.2019 1705

ЭЛЕКТРОТЕХНИКАГА ОИД 2 ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Истиқболли лойиҳани амалга ошириш учун жами 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланади. Шунинг тенг ярми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар экани аҳамиятли. Қувват тўла ишга тушса, 100 нафар киши доимий иш ўрни билан таъминланади. "Century-JV" қўшма корхонаси томонидан амалга оширилиши белгиланган ушбу ташаббус ҳудудда электротехника саноатини янада ривожлантиришга шароит ҳозирлайди.

 Мазкур истиқболли лойиҳа давлат раҳбарининг жорий йил 30 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган, 2019-2021 йилларга мўлжалланган рўйхатдан жой олган. Бу ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизда электротехника саноатини янги босқичга кўтариш, тармоқнинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича чоралар кўрилади.

Қайд этиш жоиз, тегишли рўйхатга Қашқадарё бўйича яна битта лойиҳа киритилган. Унга кўра, 2019 йил декабрида ҳудудда трансформаторлар учун қути ишлаб чиқариш ташкил этилиши лозим. Лойиҳа ташаббускори - "Транс энерго таъмир" масъулияти чекланган жамияти янги қувватни ишга туширишга 36 минг АҚШ доллари эквивалентида сармоя йўналтиради. Шу мақсадда тижорат банкидан 6 минг доллар кредит олиниши режа қилинган, қолгани тадбиркорнинг ўз маблағидир. Корхона йилига 700 дона маҳсулот тайёрлай олади ва 7 нафар кишини иш билан банд этади.

Президент қарорида 2019-2020 йилларда электротехника саноатини жадал ривожланитириш бўйича "йўл    харитаси", яқин 3 йил давомида тармоқда маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш тавсия этиладиган маҳсулот турлари рўйхати ҳам келтирилган.

Бу каби чора-тадбирлар тармоққа кўпроқ инвестиция олиб кириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашни ташкил этишга ҳам қаратилган. Шу орқали аҳоли ва иқтисодиёт соҳаларининг харидоргир ва рақобатбардош электротехника маҳсулотларига бўлган юқори талабини ички имконият ҳисобидан самарали қондириш, импорт ўрнини босувчи товарлар салмоғини кўпайтиришга эришилади.

М.ЖЎРАЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!