Меню

Қашқадарё

22.10.2019 1123

"ЭЛЕКТРОН ПОЛИКЛИНИКА" АФЗАЛЛИКЛАРИ НИМАДА?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган амалий семинарда депутатлар, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирок этишди.

 Қайд этилганидек, "Электрон  поликлиника" тизими орқали ҳар бир фуқаро саломатлигига доир барча маълумотлар ягона электрон базага жамланади. Айтайлик, фуқаронинг қон гуруҳи, ёшлигида қандай касаллик билан оғригани,  нимага аллергияси борлиги, аввал қандай муолажалар олгани сингари барча маълумотлар бу базада акс этиб туради. Поликлиника шифокори бемор ҳузурига келгунига қадар у хусусида барча маълумотларга эга бўлади. Бу биринчи навбатда тизимда кўпчиликнинг вақтини оладиган ортиқча қоғозбозликка барҳам беради. Вақт тежалади, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошади. Мазкур тизимни йўлга қўйиш мақсадида тиббиёт муассасаларини ахборот технологиялари билан таъминлаш, интернет сифатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Тизим поликлиникаларда автоматлаштирилган электрон амбулатор электрон картани юритиш, аҳолига эса онлайн усулда, яъни уйдан чиқмасдан яшаш жойи бўйича оилавий поликлиника шифокори қабулига ёзилиш, фуқарога қулай вақтда тиббий хизмат олиш имконини бериши билан афзалдир. Бундай тизим дастлаб Қарши шаҳри ва Китоб туманида йўлга қўйилаётир.

Шунга кўра, худди шундай  амалий семинар Китоб тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамда Рус қишлоғида жойлашган 11-қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам бўлиб ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!