Меню

Қашқадарё

05.08.2017 2290

ЭЛЕКТРЛАШТИРИЛГАН ТЕМИР ЙЎЛ - ҚУЛАЙ, ТЕЗКОР ВА ХАВФСИЗ ХИЗМАТ КАФОЛАТИ

Таъкидлаш жоиз, мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз темир йўл тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг натижасини биргина вилоятимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган даврда вилоятда кўплаб янги темир йўл линиялари ишга туширилди.  Хусусан, "аср қурилиши" дея ном олган "Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон" темир йўлининг барпо этилиши туфайли Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг энг чекка    туманларига темир излар етиб борди. Деҳқонобод туманига  темир йўлларнинг кириб келиши нафақат ушбу ҳудуд, балки   бутун воҳамиз иқтисодий, ижтимоий ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллагани сир эмас.

Қолаверса, темир йўл орқали хизмат кўрсатиш сифати ва салоҳияти ҳам тубдан яхшиланиб бормоқда. Тасаввур қилинг, бундан бир неча йиллар олдин Қаршидан Тошкентгача  поездда уч ярим соатда бориш мумкинлигига ким ҳам ишонарди?! Замонавий "Афросиёб" тезюрар поезди ана шу икки шаҳар орасидаги 511 километр масофани одатдагидан икки баравар тезроқ босиб ўтиш имконини бермоқда. Бошқа поездларда ҳам тезлик ва юк ташиш имкониятлари кескин ошган.

Бу хайрли ишларда Қарши локомотив депоси жамоасининг ҳам катта ҳиссаси бор. Депо "Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик компанияси тизимидаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда корхонада 790 нафар киши меҳнат қилмоқда. Бу ерда асосий эътибор иш унумини ошириш, зарур меҳнат шароитларини таъминлаш ва уни мунтазам такомиллаштириб бориш, йўловчилар ва тадбиркорларга замонавий андазалар асосида хизмат кўрсатишга қаратилган.

- Тезлик, қулайлик ва хавфсизлик мезонлари асосида хизмат кўрсатиш бош мақсадимиз саналади, - дейди Қарши локомотив депоси локомотивлардан фойдаланиш бўйича бошлиқ ўринбосари Шерзод Камолов. - Бугунги кунда ана шу жиҳатларга эришиш учун корхонамизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Эски тепловозлар босқичма-босқич қатновдан олиниб, уларнинг ўрни замонавий электровозлар билан тўлдирилаяпти. Ҳозирги кунда Қарши локомотив депоси тасарруфида ҳаракатдаги 14 та электровоз мавжуд.

Эски турдаги тепловозларнинг электровозлар билан алмаштирилиши энг аввало ресурс сарфи камайиб, иш унумдорлиги ортишига хизмат қилаяпти. Мисол учун, аввал битта локомотив билан ўртача 25 та вагон олиб ўтилган бўлса, замонавий электровозлар учун 45 та вагон чўт эмас. Ёки эски турдаги битта локомотивда 2 минг 200 тоннага қадар юк тортилган бўлса, замонавий электровозда эса бу кўрсаткич 3 минг 700 тоннани ташкил этмоқда. Шу биргина рақам мисолида ҳам самарадорлик қай даражада ошганини билиш қийин эмас. Шунга қараб, хизмат нархи ҳам арзонлашаяпти. Бу эса аҳоли, тадбиркорлар учун ҳам айни муддао бўлмоқда. Бундан ташқари, электровозлар ҳаракати экологияга зарар етказмаслиги билан ҳам аҳамиятга молик.

Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, вилоятимизда ҳам янги темир йўл линияларини барпо этиш билан бир қаторда, мавжуд йўлларни электрлаштиришга устувор эътибор қаратилаяпти ва бу борада аниқ ишлар амалга оширилаяпти. Жорий йилнинг июнь ойида "Қарши - Дарбанд" темир йўли тўлиқ электрлаштирилиб, бу йўналишда ҳам электровозлар қатнови йўлга қўйилди. Ушбу йўналиш орқали ҳозирги кунда суткасига 350-400 тага қадар вагон ўтказилмоқда.

 Айтиб ўтиш ўринлики, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида қадим Шаҳрисабз шаҳрига саёҳлар оқимини ошириш ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида "Қарши-Китоб темир йўл участкасини электрлаштириш ҳамда тезюрар поезд ҳаракатини ташкил этиш" лойиҳасини тайёрлаш бўйича ҳам кўрсатма берган эди. Ҳозирда бу ҳудудда электрлаштириш ишлари жадал бошлаб юборилган.

Лойиҳага кўра, мазкур линиянинг умумий узунлиги 124 километрни ташкил этади. Йўналишда 3 та вокзал, 8 та станция, 46 та кўприк ва 107 бошқа сунъий иншоотлар мавжуд. 1 та тортиш электростанциясини  ва 94 километр масофада туташтириш тармоғи, ташқи электр таъминоти объектларини қуриш белгиланган. Умумий узунлиги 8 километр бўлган темир йўллар таъмирланади ва юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатнови учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Шунингдек, "Китоб" ва "Ғузор" станцияларини тубдан таъмирлаш, темир йўл атрофини панжаралар билан ўраш, сигналлаштириш ва телекоммуникация тизимларини модернизация қилиш кўзда тутилган.

2017-2018 йиллар оралиғида амалга ошириладиган мазкур лойиҳа Тошкент, Самарқанд, Қарши ва Китоб йўналишида ягона туристик маршрут яратиш ва халқаро туризмни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Поездлар ҳаракати вақтини қисқартириш ортиқча харажатларни тежаш имконини яратиш баробарида, воҳадаги қадимий ёдгорликларни келиб кўришга ошиқаётган сайёҳлар сонининг кескин ортишига замин яратади. Ушбу йўналишда поездлар соатига 160 километр тезликда ҳаракатланиб, йўловчиларга Қаршидан Китобгача 50 дақиқада замонавий сервис хизматларидан фойдаланган ҳолда етиб бориш имконини беради.

Электровозлар қатновини йўлга қўйиш билан бир қаторда, уларнинг созлигини таъминлаш ҳам энг муҳим вазифалардан бири саналади. Қарши локомотив депосида бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Поездларга замонавий техник хизмат кўрсатиш, уларни сифатли кўрикдан ўтказиш мақсадида 2016 йилнинг май ойида электровозларни таъмирлаш цехи ишга туширилди. Барча замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган цехда электровозлар қатновга чиқиш олдидан кўрикдан ўтказилади.

- Бу ерда ҳар бир йўналиш бўйича уста-муҳандислар ишлайди, - дейди автомат чилангари Азамат Ибрагимов. - Масалан, электровоз кўрикка келиши билан кимдир электр ўтказгичлари, кимдир бошқа уланмаларнинг ёки эҳтиёт қисмларнинг созлигини синовдан ўтказади. Ҳар бир  мутахассис ўзига бириктирилган  қисмнинг бехато ишлаши учун жавоб беради. Замонавий цехнинг қуриб фойдаланишга топширилиши ишимизни жуда енгиллаштирди. Носоз қисмларни шу ернинг ўзида таъмирлаб, қайта ишга тушириш имконияти бор.

Маълумки, замонавий электровозлар аввалги тепловозлардан нафақат қуввати, тезюрарлиги, балки бошқарувнинг компьютерлашган тизимда амалга оширилиши билан ҳам фарқ қилади. Шу боис Қарши локомотив депосида замонавий технологиялар билан бемалол ишлай оладиган машинистларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Айни вақтда корхонада 50 нафар электровоз машинисти ва яна шунча машинист ёрдамчилари фаолият юритишмоқда.

- Мутахассисларимизнинг барчаси Ўзбекистон локомотив депосида ўқиб, электровоз бошқариш сир-асрорларини эгаллаб қайтишган, - дейди машинист йўриқчиси Юнус Тоштемиров. - Уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Корхонада янги иш ўринлари яратиш, шу асосда темир йўл тизими учун кадрлар тайёрловчи ўқув муассасаларини тамомлаб келган ёшларни иш билан таъминлаш, "устоз-шогирд" анъаналарини йўлга қўйиб, уларнинг касбий маҳоратларини оширишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Дарҳақиқат, кадрлар тайёрлаш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга қаратилган ишлар ўз-ўзидан, меҳнат самарадорлиги ошишига ва эришилаётган муваффақиятлар янада салмоқли бўлишига хизмат қилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 августдаги "Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида"ги фармони эса соҳада хизмат қилаётган ҳар бир темир йўлчининг фахр ва ифтихорини улғайтирди. Фармонда 2017 йилдан эътиборан ҳар йили юртимизда август ойининг биринчи якшанбасини "Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни" сифатида нишонлаш белгиланди.

Албатта, буларнинг барчаси, энг аввало, юртимиздаги тинчлик, иқтисодий барқарорлик, улкан бунёдкорлик ишларининг ёрқин ифодасидир. Барча соҳаларда бўлганидек, темир йўл тизимида амалга оширилган улкан ислоҳотлар ҳам бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизга комил ишонч уйғотади. Темир излар бўйлаб ҳаракатланаётган замонавий поездларимиз эса юртимизнинг иқтисодий қудрати, халқимиз турмуши фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаверади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: Вокзал, Қарши локомотив депоси фаолиятидан   лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!