Меню
Қашқадарё
ЭЛ ФАРОВОНЛИГИНИ ЎЙЛАБ
Манбаларнинг гувоҳлик беришларича, Амир Темур ва темурийлар даврида ҳунармандчилик баравж ривожланиб, Мовароуннаҳр ҳудуди ўзининг ноёб ҳунармандчилик буюмлари билан донг таратган. Айниқса, тўқимачилик, кулолчилик, қоғоз ишлаб чиқаришни ривожлантиришга давлат томонидан катта аҳамият берилган.
Ўша даврда ҳунармандлар пахта, ипак ва жундан хилма-хил, пишиқ, табиий ранглар билан бўялган матолар тўқишган. Маълум бир матони тўқишга ихтисослашган қишлоқлар бўлиб, уларнинг аҳолиси томонидан тайёрланган газламалар аъло сифати билан ажралиб турган ва бошқа давлатларга сотилган, яъни замонавий тилда айтганда экспорт қилинган. Масалан, Бухоронинг Занданачи қишлоғида машҳур зандана матоси, Олачабофтан қишлоғида эса олача матоси тўқилган.
Азалдан маълум ва машҳур бўлган Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш бу даврга келиб, янада тараққий топган. Кўплаб қоғоз мутахассислари бу ишни такомилига етказиб, табиий бўёқларда рангланган, сифатли ва олий навли қоғоз тайёрлашни йўлга қўйишган. Темурийлар даврининг машҳур хаттоти Султон Али Машҳадий Самарқанд қоғозига таъриф берар экан, унинг чидамлилиги, силлиқлиги, сиёҳни ўзига шиммаслиги каби бир қанча хусусиятларини санаб ўтади.
Кулолчилик, гиламчилик, кўнчилик сингари ҳунарлар ривож топиб, мамлакат иқтисодига фойда келтирган. Ҳунармандлар шаҳарлар аҳолисининг маданиятли қатламини ташкил этиб, ўша даврда донг таратган кўплаб шоир, мусиқачилар, илм кишилари шу табақа орасидан етишиб чиққан.
Ҳунармандчиликнинг ривожланиши кўп жиҳатдан ички ва ташқи савдонинг яхши йўлга қўйилишига боғлиқ бўлиб, Соҳибқирон ва унинг ворислари мамлакатда савдо-тижоратчиликнинг тараққий этишига шароит яратишга ҳаракат қилишган. Давлат ҳудудлари бўйлаб кесиб ўтган барча карвон йўлларида катта-кичик работлар, ёмлар барпо этилган, карвонсарой ва хонақоҳлар қурилган. Бунинг натижасида карвон қатнови кўпайиб, ички савдо жадал ривожланди. Шаҳарларда яшовчи аҳоли ҳамда деҳқончилик қилувчи воҳа ва чорвадор дашт аҳолиси ўртасида савдо-сотиқ алоқалари яхши йўлга қўйила бошланди. Бозорларга алоҳида аҳамият қаратилиб, мамлакатнинг йирик шаҳарларида усти ёпиқ бозор – чорсулар кўпаяди. Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо мамлакат пойтахти Самарқандда савдо ва ҳунармандчиликнинг гуллаб-яшнаганидан ҳайратга тушган. Элчи ўз эсдаликларида Самарқанд бозорларида буғдой ва гуручнинг мўллиги, арзонлиги ҳақида ёзади. Амир Темурнинг бозорлар ташкил этиш, аҳоли турмуши учун қулайлик яратиш борасида амалга оширган тадбирларини бевосита кузатган Клавихо Самарқанд бозори ҳақида қуйидаги қимматли маълумотларни келтиради:
“Бу шаҳарда олди-сотди учун қулай махсус савдо растасининг мавжуд эмаслиги туфайли подшо шаҳар бўйлаб катта кўча чиқаришни, унинг икки томонига мол сотиш учун раста ва дўконлар қуришни буюрди. Бу кўча шаҳарнинг четидан бошланиши ва бутун шаҳар орқали ўтиб, унинг иккинчи четига бориб етиши керак эди...
Кўчани кенг олиб, унинг ҳар икки томонига савдо дўконлари қуришди, ҳар бир дўкон олдида оқ тошлар билан қопланган баланд курсилар ўрнатилди. Барча дўконлар жуфт-жуфт қилиб, бир-бирига туташтирилди. Кўчанинг тепаси эса бошдан оёқ тим қилиб равоқсимон шаклда ёпилди. Ёруғлик тушиши учун унга қатор дарчалар ўрнатилди. Дўконлар қуриб битирилиши биланоқ уларга савдогарлар кириб ўрнашар ва турли молларни сотишга киришардилар...”
Бозорлар ўша даврда нафақат савдо маркази бўлган, балки ҳунармандлик корхоналари ҳам шу масканларда жойлашган. Бу эса ҳунармандларга ўз маҳсулотини шу ернинг ўзида тайёрлаб, сотиш учун қулай шароит яратган. Бундан ташқари, бозор шаҳар ҳаётининг маркази ҳисобланган. У мамлакат ижтимоий-маданий ҳаётида рўй бераётган янгиликлардан воқиф бўлиб, ўзаро фикр алмашинадиган жой эди. Ҳукумат фармонлари бозорларда ўқиб эшиттириларди.
Турли вилоятлардан пойтахтга келтирилган асл моллар сараланиб, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Волга бўйи, Туркия каби давлатларга экспорт қилинган.
Шуниси диққатга сазоворки, Амир Темур даврида савдогарлар, тадбиркорлар, ҳунармандларга етарли шароит яратиш, уларни ҳар томонлама рағбатлантиришга давлат миқёсидаги масала сифатида қаралган. Бу касб эгаларига турли солиқларда имтиёз бериш, иши касод бўлганларига давлат томонидан ёрдам кўрсатилиши, маълум миқдорда маблағ ажратилиши мамлакат иқтисодиётининг тараққиётини таъминлаган. Манбаларда Соҳибқирон ўз юрти аҳолисини бой ва тўқ кўришни истагани, бунинг учун камбағал, фақир кишиларга ўз мустақил тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун ёрдам кўрсатгани ҳақида маълумотлар учрайди. Жумладан, “Темур тузуклари”да келтирилган қуйидаги сўзлар диққатга сазовор:
“Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналарни етказиб бериб, унга ёрдам берилсин”.
Бу каби саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, ўша давр кишиларининг турмуши фаровонлашувига хизмат қилган. Мамлакат иқтисоди ривож топиб, гуллаб-яшнаган. Ўз ўрнида, бу жиҳат Темур ҳукмронлиги нафақат бизнинг халқ ўтмишида, балки бутун дунё тарихида шундай муҳим ўрин тутгани бежиз эмаслигини кўрсатади.
Х.ҚИЛИЧЕВА тайёрлади.