Меню
Қашқадарё
ЭЛ ДАРДИ БИЛАН ЯШАГАН ИНСОН
Ана шундай фидойи инсонлар ҳақида эшитганда беихтиёр кўнглингда илиқлик пайдо бўлади. Бундай инсонлар ҳаётни тарк этгач ҳам, номи, қилган ишлари кишилар хотирасида яшайверади.
1918 йилда Қамаши туманининг Қамай қишлоғида туғилган Юсуп Соатов ҳақида гап кетганда, уни кўрган-билган, тириклигида бир мартагина бўлса-да суҳбатида бўлган инсонлар ҳамиша элнинг ғами билан яшаган, ҳақиқий фидойи инсон сифатида эслашади.
Унинг болалиги оғир даврларга тўғри келди, турмуш қийинчиликлари жуда эрта бошига тушди. Оқу қорани ҳам эрта таниди ва ҳаётнинг маънисини англади. Турмуш қийинчиликлари, замон оғирлигига қарамасдан ўқишини давом эттириб, мактабни аъло баҳоларда тамомлади.
1936 йилда ўрта мактабни тугатган билимга чанқоқ, тиришқоқ Юсупни мактабга ўқитувчи қилиб ишга олиб қолдилар. У 1942 йилгача тумандаги мактабларда ўқитувчи, директор лавозимларида ишлади. Шу йили уни армияга чақиришди. Фронтга жўнади. Украина фронтида фашист босқинчиларига қарши мардонавор жанг қилди. Иккинчи жаҳон урушининг суронли даврларини ўз бошидан кечирди. Урушнинг сўнгги дамларигача жанг майдонида бўлиб, ғалабага ўз ҳиссасасини қўшди. Фронтда кўрсатган жасорати учун орден ва медаллар билан мукофотланди.
1946 йилда урушдан қайтган Юсуп Соатовни “райком”га бўлим бошлиғи қилиб ишга олишди. Орадан бир йил ўтиб у “райком” секретари бўлди. Юсуп Соатов ўз вазифасини ҳалол ва виждонан бажарарди. Шу ҳалолликни бошқалардан ҳам талаб қиларди. Унда ўзига хос юксак раҳбарлик салоҳияти бор эди. Катта йиғинларда сўз олиб, муҳим муаммоларга ечим топиш юзасидан ўзининг жўяли, кўпчиликка маъқул келадиган ва ҳаётий таклифларини айтар, доимо эзгу ташаббус билан чиқарди. Шу туфайли уни каттаю кичик - барча, ҳатто вилоят, республика раҳбарлари ҳам ҳурмат қилишарди.
Юсуп Соатов 1973 йилда нафақага чиққандан сўнг, яна жонажон касби ўқитувчиликка қайтди ва мактабда ишлай бошлади. Кейинчалик эса уни яна бир вазифа ўзига оҳанрабодай тортди. Бу ишга ҳам ўзига хос шижоат ва сидқидиллик билан ёндашди.
Мустабид шўролар тузуми даврида архивларга етарли эътибор берилмаган, мослаштирилмаган ва ночор манзилларда (ертўла, қозонхона, эски идораларнинг биноларида) фаолият юритишга мажбур бўлган. Улардаги имкониятлар ҳам ночор аҳволда эди. Қисқаси, тизим мутлақо талабга ва эҳтиёжга жавоб бермасди. Мана шундай вазиятда нафақага чиққан бўлишига қарамасдан Юсуп Соатов туман, вилоят ижроия қўмиталарига бир неча бор мурожаат қилиб, Қамаши туманида замонавий янги бино қурдириб, хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб архивини ташкил қилди. Ушбу архивнинг очилиши туманда архив ҳужжатларини жамлаш, сақлаш ва фойдаланиш ишини яхшилашга, жумладан, фуқароларнинг сўровларига ўз вақтида жавоб бериш каби муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берди. У умрининг охиригача архивда ишлади.
Барча эзгу ишлари билан халқининг кўнглидан жой олган инсон бандаликни бажо келтирганда таъзияга келган одамларнинг адоғи кўринмасди. Уни эл эъзоз билан сўнгги йўлга кузатди. Зеро, унинг хайрли ишлари, одамийлик фазилатлари барчага ўрнак, барча учун қадрли эди.
Шуҳрат ТУРСУНОВ,
вилоят Архив иши бошқармаси бошлиғи, иқтисод фанлари номзоди, доцент