Меню

Қашқадарё

15.02.2019 1796

ЭКСПОРТГА - 2,9 МИЛЛИОН ДОНА ТУХУМ

Маълумотларга қараганда, ўтган йили паррандачилик фабрикасида  18 миллион донадан кўп тухум етиштиришга эришилган. Воҳамиздан ташқари Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳам маҳсулот билан таъминланган. Шунингдек, 143 минг АҚШ доллари эквивалентига тенг, яъни 2 миллион 870 минг дона тухум ташқи бозорга реализация қилинган. Бунда Афғонистон мамлакати асосий харидор сифатида намоён бўлади.

- Мунтазам талаб бўлиб турса, экспортга ҳам кўп миқдорда маҳсулот чиқариш имкониятимиз мавжуд, - дейди агрофирма раҳбари Ойбек Камолов. - Бу йилги режамиз хориж бозорига маҳсулот сотишни янада кўпайтириб, экспорт ҳажмини 200 минг долларга етказиш. Бу борада аллақачон амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.  Манфаатли келишувларимиз бор. 2019 йилнинг январь ойидаёқ қиймати 16,5 минг доллардан зиёд тухумни экспортга йўналтирдик.

Фабрика фаолияти билан танишиш давомида кўриб гувоҳи бўлдикки, бу ерда саноат усулида тухум етиштиришнинг самарали механизми ташкил этилган. Зотдор товуқлар жўжалигидаёқ алоҳида технология асосида парваришланади. Жўжахонанинг қуввати 46 минг бош паррандани боқиш имконини беради. Тухумга кирган товуқлар эса махсус блокларга ўтказилади. Улар замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, товуқни озиқлантиришдан тортиб, тухумни йиғишгача бўлган жараён автоматик тарзда бажарилади. Бугун бу ерда 20 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаяпти. Келгусида агрофирма раҳбарияти махсус гранулаланган озуқа ишлаб чиқариш қувватини барпо этиш орқали ишчилар сонини кўпайтириш ниятида. Тайёр маҳсулот фабрика эҳтиёжи учунгина сарфланиб қолмай, турдош корхоналарга ҳам етказиб берилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2018 йил январь-декабрь ойларида вилоятимиздан хориж мамлакатларига жами 265,9 миллион АҚШ долларилик товар ва хизматлар экспорт қилинган. Унинг таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари улуши 10 фоизни ташкил этган, холос.

Таъкидлаш ўринли, 2018 йилда вилоятимизда ҳудудий экспорт прогнозини бажаришда сусткашликка йўл қўйилган. Бу ҳақда 2019 йил 6 февраль куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда   экспорт ҳажмини ошириш борасидаги энг муҳим вазифаларга  бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинганди. Бу эса воҳамизнинг экспорт салоҳиятидан янада унумли фойдаланиш, ички ресурсларни тўлароқ сафарбар этиш, ташқи бозор талабига жавоб берувчи маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркорлар билан фаол ишлашни тақозо этади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!