Меню

Қашқадарё

10.03.2016 2391

ЭКСПОРТЧИ КОРХОНАДА ЭНДИ ҲАР ХИЛ ЎЛЧАМ ВА РАНГДАГИ МАРМАР ПЛИТА ҲАМ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

7 йилдан бери саноатнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғида фаолият кўрсатаётган "Китоб мармар заводи" масъулияти чекланган жамиятида ҳам технологик модернизация асосий эътибордаги масала ҳисобланади.

- Бугунги кунда асосан ярим тайёр маҳсулот ҳисобланган микрокальцит ишлаб чиқараяпмиз, - дейди корхона раҳбари Ўткир Жўраев. - Цехимиздаги тош майдалаш ускуналари сонини 4 тага етказдик. Натижада бир кунда ўртача 50 тонна микрокальцит ишлаб чиқариб, маҳсулотни четга ҳам экспорт қилаяпмиз. Мисол учун, ўтган йили Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистонга қарийб 100 минг АҚШ долларилик маҳсулот сотдик. Жорий йилда эса Қозоғистон ва Афғонистон мамлакатлари ҳисобига экспорт географиясини янада кенгайтирамиз. Бу йил четга 250 минг долларлик маҳсулот сотишни режа қилаяпмиз.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, галдаги муҳим вазифа тайёр қурилиш материали ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйишдир. Айни шу мақсадда ишбилармон Хитойдан қиймати 188 минг АҚШ долларилик янги ускуна олиб келган. Мазкур технология соатига 200 квадрат метр 4 хил ўлчамда ва 10 га яқин рангда мармар плита ишлаб чиқариш имконини беради.  Ҳозир янги цехда монтаж ва жиҳозлаш ишлари якунига етиш арафасида.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, Президент соврини учун ўтказилган "Ташаббус-2016" кўрик-танловининг  туман босқичида "Китоб мармар заводи" масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти юқори баҳоланди. Хусусан, корхона раҳбари Ўткир Жўраев "Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида биринчи ўринни эгаллаб, кўрик-танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ.

***

Суратда: цех цех иш юритувчиси Рамзиддин Муҳаммадиев туман иқтисодиёт бўлими мутахассиси Бахтиёр Каримов билан.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!