Меню

Қашқадарё

06.05.2017 2218

ЭКСПОРТБОП МАҲСУЛОТ ЯНА БИТТАГА КЎПАЯДИ

Тумандаги "Китоб неъмати" масъулияти чекланган жамияти ҳам узумни қайта ишлашда бир неча йиллик тажрибага эга. Корхонада Италия давлатидан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида қайта ишланган узумдан сульфо-сусло (узум суви) ва яримтайёр маҳсулот - концентрат ишлаб чиқариш ташкил қилинган.

- Бу маҳсулотлар экспортбоп, ташқи бозорда харидоргир саналади, - дейди корхона раҳбари Ғулом Асомов. - Ўтган йили четга 231 минг долларликдан кўп маҳсулотни йўналтирдик. Асосий бизнес ҳамкорларимиз Қозоғистон мамлакатидаги компаниялардир. 2017 йилда улар билан 500 минг долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича келишувга эришганмиз. Бундан кўринадики, корхонамиз экспорт ҳажми аввалги йилга нисбатан қарийб икки баробар кўпаяди. Ишлаб чиқариш учун зарур хомашёни маҳаллий фермерлардан шартнома асосида сотиб оламиз. Бугунги кунда мавжуд ускуналар ёрдамида бир соатда 15 тонна узумни қайта ишлаш имконига эгамиз. Ҳозирги кунда 20 нафарга яқин кишини иш билан таъминлаганмиз.

Ғулом Асомовнинг айтишича, яқин келажакда корхонада бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Мисол учун, келгусида чет эл технологияси асосида узумдан вино тайёрлашни йўлга қўйиш белгиланган. Мазкур янги маҳсулот ҳам асосан экспорт қилиниши кўзда тутилмоқда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!