Меню
Қашқадарё
ЭКСПОРТБОП ХОМАШЁ
Бугунги кунда воҳамизда қоракўлчиликка ихтисослашган 17 та хўжалик фаолият кўрсатаяпти ва уларнинг тасарруфида 300 минг бошдан зиёд қоракўл қўйлари боқилмоқда. Уларнинг асосий қисми жаҳон бозорида юқори баҳоланадиган сифатли тери берувчи наслли турларга мансуб. Ҳар йили тўл мавсумида совлиқлардан 100 минг бошдан кўпроқ қўзи олинади. Шунинг 80-90 фоизи ўстиришга қолдирилиши эътиборга олинса, қимматбаҳо экспортбоп хомашё етиштириш имкони йилдан-йилга кенгайиб бораётгани ойдинлашади.
Хўш, бугун мазкур имкониятдан қай даражада фойдаланаяпти? Ушбу хомашёни экспортга йўналтириш қандай йўлга қўйилган?
- Тайёрланган қоракўл терининг катта қисмини биздан қўшни вилоятлик ишбилармонлар сотиб олиб, четга экспорт қилаяпти, - дейди вилоят “Қоракўлчилик” бирлашмаси раиси Фарҳод Оқбоев. – Хўжаликларнинг ўзида терига бирламчи ишлов бериш, яъни тузлаб, қуритиш билан кифояланилади, холос. Уларда терини ошлашга унчалик эътибор қаратилмайди.
Маълумотларга кўра, дунё бозорида қоракўл терига талаб бироз пасайган. Боиси, ишлаб чиқарувчилар унинг ўрнини босувчи сунъий материал таклиф этаяпти. Бироқ табиий хомашёдан мўйнали буюмлар ишлаб чиқаришда давом этаётган хориж корхоналари ҳамон кўплаб топилади.
Қайд этиш жоиз, қоракўл терисининг вазни ёки бошқа шу каби миқдор кўрсаткичлари эмас, балки тури, ранги, гулларининг хили ва шакли, тола қопламининг тиғизлиги, ипаксимонлиги, ялтироқлиги маҳсулот сифатини баҳолашда асосий мезон саналади. Мутахассисларнинг фикрича, қоракўл териларига дастлабки ишловнинг сифатсиз берилиши улардан фойдаланиш самарадорлигини тушириб юборади, харид баҳоси арзонлашувига олиб келади. Аксинча, терига яхши ишлов бериш унинг қадрини оширади.
“Ўзбек қоракўли” компанияси таркибига кирувчи, Косон туманидаги “Ботир” хусусий корхонасида бир неча йилдан буён қоракўл териларни ошлаш билан шуғулланиб келинмоқда.
- Қоракўл териларини асосан наслчилик хўжаликлари ва аҳолидан сотиб олаяпмиз, - дейди корхона иш бошқарувчиси Шамсиддин Тошмуродов. – Бирламчи ишлов берилган териларни шу ернинг ўзида саноат усулида қайта ишлаймиз, ювамиз, ошлаймиз. Сўнгра ранги ва навига қараб саралаймиз ҳамда қадоқлаб экспортга жўнатамиз. Ҳозирча ойига 1500 дона терини ошлаш имконимиз мавжуд. Ўтган йили қиймати 115 миллион долларлик қоракўл терисини экспортга жўнатдик. Айни вақтда тери тўплаш билан машғулмиз.
Маълумки, март ойи ёғингарчиликларга бой бўлгани натижасида дала-даштда ўт-ўлан кўпайди. Шунинг учун кўплаб хўжаликлар масъуллари бу мавсумда қўзиларни ўстиришга қолдиришни маъқул кўрмоқда.
Равшанки, қоракўл териларидан асосан мўйнадўзликда фойдаланилади. Халқ хўжалигининг барча жабҳалари қаторида бу тармоқ ҳам доимий ривожланишда бўлиши, инсонларнинг тобора ўсиб бораётган моддий ва эстетик эҳтиёжларини қондириб бориши, мода ўзгаришига мослашиши замон талабидир. Бунинг учун мўйна, хусусан қоракўл тери асосида тикиладиган буюмларининг мавжуд шаклларини такомиллаштириш, янгидан-янги турларини ихтиро қилиш, уларни инсон турмуш тарзининг ажралмас бўлагига айлантириш лозим бўлади.
Маълумотларга қараганда, қоракўл терилари экологик тоза маҳсулот бўлиш билан бирга қатор шифобахш хусусиятларга ҳам эга экан. Табиийки, ундан тикилган кийимлар нафақат иссиқ ва фойдаланиш учун қулай бўлиши, балки кишиларнинг чиройини очиши, қадди-қоматини безай олиши, уларда эстетик қониқиш, ҳузур ва ғурур ҳиссини ҳам шакллантириши керак. Қарши шаҳрилик ҳунарманд Анвар Зоҳидов бугун ўз фаолиятини айни шу талаблар асосида олиб бораяпти.
- Асосан теридан турли кўринишдаги бош кийимлар тайёрлаймиз, - дейди ишбилармон. - Барчаси қўл меҳнати маҳсули. Бу иш оиламизнинг асосий даромад манбаи, десам, адашмайман. Маҳсулотимизда қоракўл териларидан кенг фойдаланамиз. Телпакдан ташқари, қулоқчинли, олди соябонли бош кийимлар ҳам ишлаб чиқарамиз. Замонга мослаб маҳсулот хилма-хиллигини оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Ана шунинг натижасида теридан қишки устки кийимларнинг ёқа ва енг қисмларини тайёрлашни ҳам йўлга қўйганмиз.
Хулоса қилиб айтганда, вилоятимизда қимматбаҳо хомашё – қоракўл териси тайёрлашда етарлича тажриба тўпланган. Уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш эса ушбу қимматбаҳо хомашё сифатини янада яхшилаш ва экспорт қилинажак маҳсулотлар кўламини ошириш имконини беради. Зеро, ҳудудда бунинг учун шароит ҳам, имконият ҳам, салоҳият ҳам бор.
М.ЖЎРАЕВ.