Меню
Қашқадарё
ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИ ВА ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЖОЗИБАДОРЛИК
Биргина вилоят мисолида оладиган бўлсак, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида қиймати 144 миллион 975 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинганининг ўзиёқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёки тайёрланган маҳсулотларга хорижда ҳам талаб нақадар юқори эканини кўрсатади.
Албатта, бу каби натижаларга эришишда мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган қонун ҳужжатлари муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги мақсадларнинг амалда тўлиқ рўёбга чиқишига янги имкониятлар яратиши билан аҳамиятли бўлди.
Мазкур фармон, энг аввало, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган.
Мазкур ҳужжат билан божхона соҳасига киритилган ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, фармоннинг 3-бандига мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектлари томонидан экспорт шартномаларини божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинади. Эндиликда валюта назорати органлари, шу жумладан, божхона органлари томонидан экспорт шартномаларининг ижро этилиши Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизими орқали мониторинг қилиб борилади.
Шу вақтгача тадбиркорлар экспорт шартномаларини мажбурий тарзда божхона органларида ҳисобга қўйиб келишаётган эди. Бу эса тадбиркорларнинг вақтини оларди ҳамда келиб-кетиш учун йўлга сарфлайдиган харажатларини кўпайтирарди.
Рақамларга кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида вилоят ҳудудида фаолият юритувчи экспортёрлар томонидан қиймати 994 миллион 568 минг АҚШ долларилик 100 дан зиёд экспорт шартномалари божхона органларида рўйхатга олинган.
Эндиликда тадбиркорлар экспорт шартномалари тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига киритадилар.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги фармони 1- (экспорт-импорт қилишда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги томонидан лицензияланадиган товарлар), 2- (хомашё товарлари) ва 4-иловаларида (экспорт қилиниши тақиқланган товарлар) қайд этилган товарларнинг экспорти бўйича шартномаларни божхона органида ҳисобга қўйишнинг амалдаги тартиби сақланиб қолинди.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, товарлар хорижга экспорт қилинаётанда мазкур товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат “Ўзбекэкспертиза” АЖдан 3 иш куни давомида олинарди. 2017 йилдан бошлаб, мазкур муддат уч бараварга қисқартирилиб, аризачига бир иш куни мобайнида айнан шундай сертификат берилиши белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, фармон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг 24-банди билан товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда божхона расмийлаштирувини белгиланган жойлардан бошқа жойларда амалга оширганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ундириладиган божхона йиғими икки бараварга камайтирилди.
Дастурнинг 33-бандида эса товарнинг келиб чиқиш сертификатини, ветеринария, фитосанитария, экологик, санитария-эпидемиологик хулосаларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини берадиган “Ягона дарча” идоралараро ахборот тизимини тўлиқ жорий қилиш назарда тутилди.
Мазкур қулайликларнинг афзаллиги шундаки, экспорт қилишга мўлжалланган товарларни, айниқса, тез бузилувчан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнини тезлаштиради, ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ тартибларни янада соддалаштиради. Буларнинг бари эса тадбиркорнинг вақтини тежаши билан бирга, молиявий харажатларининг қисқаришига хизмат қилади.
Маълумки, фармон билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Шу муносабат билан божхона органлари томонидан ҳам аниқ чоралар белгилаб олинди. Жумладан, Давлат божхона қўмитаси томонидан ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилишини кафолатлаш мақсадида Жиноят кодексининг 182-моддаси (“Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш”)га тегишли қўшимча ва ўзгартириш киритиш бўйича қатор таклифлар тайёрланиб, Адлия вазирлигига тақдим этилди.
Шунингдек, фармон талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 11 апрелдаги “Экспорт-импорт операцияларини тартибга келтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги “Экспорт-импорт операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Адлия вазирлигида 1999 йил 15 октябрда рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси божхона органларида контрактлар (шартномалар) ва битимларни ҳисобга қўйиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан лойиҳалар тайёрланмоқда.
Умуман олганда, фармоннинг амалга оширилиши мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан белгиланган йўлнинг узвийлиги ва изчиллигини таъминлаш имконини беради.
Жамшид НЕГМАТОВ,
вилоят божхона бошқармаси ҳуқуқий хизмат катта инспектори