Меню

Қашқадарё

08.11.2016 2206

ЭКСПОРТ КЎЛАМИ ОШИШИГА КЕНГ ИМКОНИЯТ

 

Айтиш жоизки, вилоятимиз ҳудудининг унумдор майдонларида пишиб етилган, заррин қуёш тафтини маромида еган, сархил, экологик зарарсиз, тотли мева-чева, сабзавот, қовун ва тарвузнинг хорижда талабгори кўп. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар – боғбону деҳқонларга кенг имконият эшигини очмоқда. Натижада аҳоли эҳтиёжидан ортиқча, сараланган, ўз навбатида қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш кўлами ортаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиздан чет элга 25 минг тоннадан кўп мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари жўнатилгани бунга ёрқин мисолдир.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг     2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ янгидан фаолият бошлаган “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси кўмагида жаҳон бозорини яхшироқ ўрганиш, потенциал харидорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, экспорт операцияларини амалга оширишга янада қулай шароит ҳозирланди. Қолаверса, анъанавий тарзда ўтказилаётган мева-сабзавот ярмаркалари ишлаб чиқарувчи, экспортчи корхона ва хорижий ҳамкорнинг бевосита ўзаро мулоқот қилишига имкон бермоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 12-16 июль кунлари ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида   имзоланган манфаатли шартномалар қиймати ҳудудимизда етиштирилган бу турдаги маҳсулотларни сотиб олиш истагидаги бўлган чет эллик ишбилармонлар кўп эканини кўрсатди. Айни вақтга қадар вилоятимиз вакиллари мазкур келишувлар бўйича белгиланган мажбуриятларнинг салмоқли қисмини уддалагани аҳамиятлидир.

- Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу шартномалар доирасида туманимиздаги 2 та экспортчи корхона томонидан Россия, Латвия, Қозоғистон каби мамлакатларга қарийб 40 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди, - дейди Нишон тумани ҳокимининг ўринбосари Зокир Баратов. – Асосан, туманимиз  деҳқонлари етиштирган қовун, пиёз, олхўрини экспортга йўналтирдик. Йил охирига қадар яна кўп миқдордаги қуритилган мева-сабзавот, мош ва нўхатни хорижлик харидорларга етказиб беришни мўлжаллаяпмиз. Муҳими, ҳозирги кунда маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва экспортчи корхоналаримиз ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бироз аввал Қарши шаҳрида бўлиб ўтган ҳудудий мева-сабзавот ярмаркасида томонлар 9 минг 370 тонна маҳсулот олди-сотдиси бўйича келишувга эришгани фикримизни тасдиқлайди. Бундан ташқари, туманимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кўламини ошириш асосий эътибордаги масала ҳисобланади. Биргина 2017 йилда шунга қаратилган 3 лойиҳани рўёбга чиқариш белгиланган. Жумладан, замонавий технологияларни жалб этган ҳолда мевани қуритиш, шарбат ва томат пастаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Ушбу маҳсулотлар ҳам экспортбоп бўлишига урғу берилмоқда. Асосийси, бунинг учун бизда салоҳият етарли.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда соҳага доир илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланган ҳолда кам меҳнат ва ресурс сарф этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ва ранг-баранглигини ошириш долзарблик касб этаяпти. Бу эса   деҳқону фермерларга алоҳида масъулият юклайди. Вилоятимизниг Муборак туманида ҳам бу борада салмоқли ишларга қўл урилмоқда. Ҳозирда туманда боғдорчиликка    ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 250 га етган. Улар томонидан етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозор тўкинлигини таъминлаш баробарида хорижга ҳам экспорт қилинаяпти.

- 5 гектар майдонда боғ барпо қилганмиз, - дейди шу тумандаги “Чориев Камолиддин Қўлдошевич” фермер хўжалиги раҳбари Камолиддин Чориев. – Бу ерда 3 хил навли ўрик ўстирилаяпти. Боғ қатор орасига ошқовоқ ва қовун экамиз. Бу йил ҳосилнинг асосий қисмини аҳолига сотдик. Аҳамиятлиси, келгуси йилдан маҳсулотимиз экспортга йўналтирилади. Туманимиздаги агрофирма билан 53 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномамиз бор. Албатта, мазкур келишув мажбуриятларини муваффақиятли бажаришни мақсад қилганмиз.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугун пойтахтимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, мева-сабзавотни қайта ишловчи корхоналар ва экспортчи агрофирмалар учун ниҳоятда аҳамиятли бўлган яна бир форум – Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бошланди. Ушбу ярмаркада вилоятимиздан ҳам кўплаб ишбилармонлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этаяпти. Мазкур тадбир йил якунига оз фурсат қолганда ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки унинг доирасида маҳсулот етказиб бериш бўйича имзоланадиган шартномалар 2017 йил учун мўлжалланган бўлиб, деҳқонларни ҳозирданоқ ўзгача тадорик билан иш кўришга ундайди. Ўз навбатида бу ярмарка мамлакатимизда етиштириладиган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари экспорти кўлами аввалги йилларга нисбатан сезиларли ошиши учун кенг имконият яратади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!