Меню

Қашқадарё

25.01.2024 6058

Экспорт ҳажмининг энг юқори ўсиш суръати - Қашқадарёда

Долзарб статистика

Қашқадарё 2023 йилда экспорт ҳажмининг олдинги йилга нисбатан ўсиши бўйича республика ҳудудлари орасида энг юқори кўрсаткичга эришди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бошқармаси томонидан тайёрланган таҳлилий шарҳда қайд этилишича, 2023 йил давомида вилоятимиздан экспорт қилинган товар ва хизматлар ҳажми 426,1 миллион долларни ташкил этган. 2022 йилда мазкур кўрсаткич салмоғи 301,1 миллион доллар бўлганини ҳисобга олсак, бу жабҳадаги ўсиш суръати 141,5 фоиз тенглиги аёнлашади. Ваҳоланки, ўтган йили республикамиздаги бирорта ҳудуд экспорт ҳажмининг ўсиши борасида бундай натижани қайд эта олгани йўқ. Таққос учун: мазкур кўрсаткич бўйича Қашқадарёдан кейинги ўринларни эгаллаган Хоразм вилоятида экспортнинг ўсиш суръати 120,1 фоиз, Самарқанд вилоятида 117,2 фоиз, Навоий вилоятида 111,5 фоизга етган. Республика миқёсида ушбу рақам 123,8 фоизни ташкил этган.

Вилоятимиз шаҳар ва туманлари кесимида таҳлил қилсак, вилоят статистика бошқармаси эълон қилган маълумотларга қараганда, 2023 йилда экспорт ҳажмининг энг юқори ўсиш суръатлари Нишон (4,7 марта), Касби (4,6 марта) ва Кўкдала (2,3 марта) туманлари, Шаҳрисабз шаҳри (124,5 фоиз) ҳамда Ғузор (112,3 фоиз) ва Деҳқон-обод (103,3 фоиз) туманларида қайд этилган. Воҳамизнинг қолган шаҳар ва туманларида, минг афсуски, экспорт ҳажмининг олдинги йилга нисбатан камайиши кузатилган. Фоиз ҳисобида энг кескин камайиш Муборак (46,5 фоизга) ва Миришкор (26,6 фоизга) туманларида рўй берган.

2023 йилда Қашқадарё экспортининг асосий қисми Туркия (86,2 миллион доллар ёки воҳа экспорти умумий ҳажмининг 20,2 фоизи), Россия Федерацияси (71 миллион доллар ёки 16,7 фоиз), Бирлашган Араб Амирликлари (42,4 миллион доллар ёки  10 фоиз), Хитой Халқ Республикаси (35,2 миллион доллар ёки 8,3 фоиз), Покистон (25,7 миллион доллар ёки 6 фоиз), Америка Қўшма Штатлари (23,5 миллион доллар ёки 5,5 фоиз)га амалга оширилган.

Эътиборли томони, ўтган йил якунига кўра, вилоятимизда ижобий сальдо, яъни экспорт (426,1 миллион доллар) ва импорт (309,5 миллион доллар) ҳажми ўртасидаги тафовут миқдори 116,6 миллион долларга тенг бўлиб, 2022 йилги тегишли кўрсаткичдан 2 баравардан ҳам кўпроқ ошган.

Ўз мухбиримиз

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!