Меню

Қашқадарё

03.02.2022 1311

Экс-президент тарафдорлари унинг учун олти ойда 50 миллион доллардан кўпроқ маблағ хайрия қилди

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни қўллаб-қувватловчи сиёсий қўмиталар ўтган йилнинг иккинчи ярмида 51 миллион доллар миқдорида хайрия маблағлари тўплади. Бу ҳақда сиёсатчининг матбуот хизмати вакили Тейлор Будович Twitter саҳифаси орқали маълум қилган.

Баёнотда айтилишича, ҳозир қўмиталар ихтиёрида 121 миллион доллар бор. Улар ҳар бирининг ўртача миқдори 31 долларни ташкил этувчи 1,6 миллиондан ортиқ хайрия олган.

Аввалроқ Трамп Техасдаги ўз тарафдорлари митингида Республикачилар партиясидаги сафдошлари ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар натижалари бўйича Конгресснинг ҳар иккала палатасида кўпчилик ўринни эгаллашига, 2024 йилда эса Оқ уйга қайтишга ваъда берган эди.

Эслатиб ўтиш ўринли, АҚШда президентликка номзодларнинг сайлов олди тарғиботлари уларга хайрихоҳ бўлганлар томонидан амалга оширилган хайрия маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бунинг учун давлат ғазнасидан пул ажратилмайди.  

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!