Меню
Қашқадарё
ЭКОТИЗИМ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА ЎРМОН ХЎЖАЛИКЛАРИНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ?
Сайлов-2019
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашларига сайлов кампанияси доирасида сиёсий партияларнинг сайловолди тарғиботлари давом этмоқда. Бугунги сонда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан чиқиш қилинмоқда.
Кўчат экиш, атроф-муҳитни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш - ўзбек халқининг хайрли амалларидан ҳисобланади. Азал-азалдан ота-боболаримиз оилада фарзанд туғилса, албатта, унга атаб бирор ниҳол ўтқазган. Бугун ҳам ана шу анъанани давом эттириб, дунёга келган ҳар бир гўдакка атаб дарахт экилганида, атроф боғу роғ, ўрмонга айланиб кетган бўларди...
Афсуски, ҳозир бизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари асосан экологик хайрия акцияси ёки оммавий ҳашар эълон қилингандагина кенг кўламда амалга оширилади. Айримлар фикрича, бундай вазифалар қайси ташкилот зиммасига юкланган бўлса, улар томонидан амалга оширилиши керак. Ваҳоланки, бу катта ва келажакни ўйлаб бажариладиган ишни бир-икки ташкилот зиммасига юклаш нотўғри. Чунки саноатлашув жадаллашган, экологик хавф-хатарлар ортган бугунги тараққиёт даврида бунинг ўзи етарли эмас.
Шу ўринда асосий вазифаси ўрмонлар барпо этиш, уларни қайта тиклаш, қўриқлаш кабиларга йўналтирилган Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берсам.
Хўжаликнинг умумий ер майдони 109 минг 379 гектар бўлиб, шундан 71 минг 66 гектари ўрмон билан қопланган. 7 минг 487 гектар майдон сийрак ўрмонзорлардан иборат бўлса, 985 гектар ерда дарахт экилган. 7240 гектар чақир, 17 минг 549 гектар яйлов ва 4 минг 663 гектар бошқа ерлар бор.
Хўжаликда бугунги кунда 1 миллион 5 минг дона турли мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари парваришланмоқда. 2018-2019 йилларда 700 гектар майдонга писта, 2 гектарга ёнғоқ дарахти кўчатлари экилди. Вилоятимизнинг чўл ҳудуди ҳисобланадиган Нишон тумани фермерлари далаларига 52 гектар иҳота ўрмонзорлари ташкил этиб берилди.
Келаётган мавсумда эса Консой ўрмон бўлими ҳудудида 1000 гектар майдон тайёрланиб, писта кўчати ва уруғи экиш учун шайлаб қўйилган. Бунда маҳаллий аҳоли кучидан ҳам кенг фойдаланишни мўлжаллаганмиз. Зеро, Президентнинг 2019 йил 17 июндаги "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ўрмон фонди ерларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида 50 йилгача бўлган муддатга беришга рухсат берилган.
Маълумки, яшил олам, айниқса, дарахтлар - тириклик дунёси учун зарур кислороднинг асосий манбаи. Бир туп дарахт йил давомида 3 кишига етадиган кислород ишлаб чиқаради, 10 та кондиционер ўрнини босади. Бир гектар майдонда экилган ўсимлик инсон саломатлиги учун зарур 10 килограмм фитонцид ишлаб чиқаради. Ушбу модда дизентерия, дифтерия, сил ва юқумли касалликларнинг олдини олиб, юрак, қон-томир тизими фаолиятини яхшилайди, асабни мустаҳкамлайди.
Арча, чинор каби дарахтлар ташқи омил таъсиридан сақланса, минг йилдан зиёд яшайди. Кислород ишлаб чиқаришда ҳам айнан уларга етадигани йўқ. Тадқиқотларда аниқланишича, 1 гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220-275 килограмм карбонад ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кислород билан таъминлашга етади.
Дарахт экишнинг аҳамияти ҳақида гап кетганда муқаддас динимизда ҳам бундай хайрли ишлар борасида кўп яхши далиллар келтирилган. Жумладан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: "Қиёмат куни етиб келганда сизлардан бирингизнинг қўлингизда бир ниҳол бўлса, уни экиш учун сония бўлса ҳам лозим бўлади".
Юртимиз бепоён тоғларидаги арчазорлар, яшиллик олами Аллоҳнинг бизга берган неъматидир. Уларни асраш, кўпайтириш, майдонларини кенгайтириш эса ҳар бир фуқаронинг бурчи, инсоний аъмолига айланмоғи лозим.
Раъно БОЗОРОВА,
Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги директори
УГЛЕВОДОРОДЛАР ҚАЗИБ ОЛИШДА ЭКОМУВОЗАНАТ ТАЪМИНЛАНАЯПТИМИ?
Мамлакатимиз жанубида жойлашган Қашқадарё воҳаси нафақат аграр соҳада, балки стратегик аҳамиятга эга нефть, газ ва бошқа табиий фойдали қазилмаларга ҳам бой етакчи минтақа ҳисобланади. Вилоят миқёсида нефть ва газ саноатида фаолият олиб бораётган йирик завод-корхоналар, хорижий фирмалар сони бугунги кунга келиб 50 дан ошгани ҳам шундан далолат.
Дунё тажрибасидан маълумки, йирик саноатлашган зоналарда табиат ва атроф муҳитга, аҳоли саломатлигига зарар етказмаслик шарти қатъий қўйилади. Яъни саноат корхоналари ҳудудда экомувозанат барқарорлиги таъминланиши учун тегишли чораларни кўриб боришга мажбур.
Вилоятда нефть ва газ қазиб чиқариш йўналишида фаолият олиб борувчи йирик субъектлардан бири сифатида тилга олинадиган "Гиссарнефтгаз" МЧЖ қўшма корхонаси ер қаъри табиий бойликларидан фойдаланишда атроф муҳит муҳофазасига алоҳида муҳим вазифа сифатида қарайди. Корхона жорий йилнинг шу кунига қадар 248 миллиард 853 миллион куб метр газ, 6 миллион 516 минг тонна конденсат, 18 миллион 513 минг тонна нефть хом ашёси қазиб олган бўлса, шу қаторда суюқ углеводородлар сақланадиган идиш (резервуар)лар, машъала қувурлари, босим остидаги идишлар тўлиқ таъмирланиб, ишлаб чиқаришдаги зарарли моддаларнинг атмосферага чиқиши олди олинди. Бундан ташқари, мавжуд конлардан табиий ресурсларни қазиб олишда қатлам сувини ажратиш қурилмаси қўлланиб, ер ости сувлари ва ер рельефига ифлослантирувчи моддалар тушиши олди олинмоқда. Сув ва тупроқ ҳолати бўйича ҳар чоракда мониторинг ўтказилиб, конларда ер рекультивация (ишлари) бажарилмоқда. Бир сўз билан айтганда, субъект ишлаб чиқариш жараёнларини жаҳон андазаси талабларига мос ҳолда ИСО 14001: 2015 халқаро стандарти бўйича ташкил этган.
Корхона объектларида яшил ҳудудлар ташкил этиш, манзарали, мевали дарахтлар экиш, кўкаламзорлаштириш - доимий диққат марказимизда турадиган юмуш. Қувонарлиси, бу борадаги ишлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Умуман, субъект атроф муҳит ва инсонлар саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалиётларда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан яқин ҳамкорлик қилади. Умумий хулоса шуки, табиатни асраш, ер ости ва ер усти табиий бойликларидан оқилона фойдаланишда фуқароларнинг экологияга муносабатини тубдан ўзгартириш, бу борадаги билим савиясини ошириш давр талабига айланиб қолмоқда. Шунга монанд, Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастурида табиатимизнинг ноёб неъматларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни келгуси авлодга етказишга алоҳида аҳамият берилгани айни муддао.
Масалан, Қашқадарё аҳолисининг катта қисмини тоза ичимлик суви муаммоси қийнайди. Боз устига унга бўлган талаб ҳам аҳоли сонига мутаносиб ҳолда ошиб бормоқда. Ҳудуддаги асосий ичимлик суви манбаси эса Яккабоғ, Шаҳрисабз туманларидаги артезиан қудуқлари орқали олинадиган ер ости сувлари ҳисобланади. Ҳозирда бу қудуқларнинг кўпи таъмирталаб бўлиб қолгани, Яккабоғ - Қарши, Қарши - Муборак оралиғидаги ичимлик суви қувурларининг ҳолати ҳам яхши эмаслиги, қуввати бугунги талаб даражасидан кам эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Яна бир муаммо вилоятда кейинги ўн йилликда кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиши билан яққол кўзга ташланди. Хусусан, Қарши шаҳри канализация тармоғи ва оқова сувларни тозалаш иншооти талаб даражасида эмас.
Худди шу каби ўткир муаммоли масалалар бугун Экологик партиянинг диққат марказида. 22 декабрь куни ўтажак вакиллик органларига сайловларда партия номзодлари халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланса, улар албатта келгусида бу масалалар ечимида жонбозлик кўрсатишади.
Наврўз БЕРДИЕВ,
"Гиссарнефтгаз" МЧЖ ҚК директори
ЭКОЛОГИК ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ - ДАВР ТАЛАБИ
Ўзбекистон Экологик партияси - табиат мусаффолиги ва инсон саломатлиги учун қайғурадиган, ёши, жинси, миллати, тили, дини ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳақиқий ватанпарвар, табиат муҳофазасига жонкуяр ва фидойи, келажакка дадиллик билан интилаётганлар партиясидир.
Хўш, бундай қарашларга эга авлод қандай шаклланади? Албатта таълим-тарбия орқали. Шундай экан, биз аввало атроф муҳит, уни асраб-авайлаш тушунчаларини боғчаю мактабда чуқур ўргатиб боришимиз зарур.
Ўзбекистон Экологик партияси бу борада "Биз келажак учун жавобгармиз" деган ғоя остида ўз фаолиятидаги аниқ устувор йўналишларни белгилаб олди. Айниқса, бунда экологик тарбияга алоҳида ўрин берилиб, таълимнинг муҳим бўғини сифатида эътироф қилинди ва узлуксиз таълим тизимига фан сифатида киритиш лозимлиги таъкидланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги "Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ҳам ана шу мақсадларни назарда тутгани билан аҳамиятли. Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш, республика ҳудудларидаги экологик муаммолар ечимини таълим тизимида жорий қилиш билан ҳисса қўшиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик саводхонлигини ошириш, экологик онги ва маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш, экологик таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этишга урғу берилган.
Устувор йўналишлар сифатида: "Таълим тўғрисида"ги ва "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ узлуксиз таълим тизимида экологик таълимни ривожлантиришнинг асосий тамойилларини белгилаш, уларни таълим-тарбия жараёнига изчиллик билан босқичма-босқич татбиқ қилиш ва шу асосда экологик таълимнинг самарадорлигини янги босқичга кўтариш; таълим дастурларини мавжуд экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш вазифаларидан келиб чиқиб такомиллаштириш; таълим олувчиларнинг эътиборини умумбашарий экологик муаммоларга қаратиш орқали уларнинг она табиатнинг қайта тикланмайдиган манбаларини сақлаб қолиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасидаги масъулиятини кучайтириш; экологик таълимнинг самарали шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш; экологик таълим сифатини, кадрлар тайёрлаш тизими самарадорлигини ҳамда барқарор ривожланиш кафолатларини ва устуворлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий, моддий-техника ва ахборот базасини яратиш; экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари ва таълим соҳасининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантириш белгилангани эътиборли.
Концепциянинг асосий мақсади ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, экологик таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, шунингдек, экология соҳасидаги илм-фанни жаҳоннинг илғор инновацион технологияларини жалб этган ҳолда янада такомиллаштиришдан иборат экан, бунга узлуксиз таълим орқали эришиш муқаррар. Яъни, мактабгача таълим ташкилотларида "эколог болажон"дастури жорий этилади ва "экологик йўлакчалар" ташкил этилади; мактабларда "энг яхши экологик тоза мактаб", "энг яхши эколог ўқувчи" кўрик-танловлари ўтказилади; лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида "экология билимдони" мусобақаси ташкил этилади; олий таълим муассасалари, талабалар турар жойларида "эко-клублар" фаолияти йўлга қўйилиши каби аниқ мезонлар белгилангани шунга имкон беради.
Айни дамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси мақсадларига ҳамоҳанг. Партия вакиллари кам сонли бўлишига қарамай, шаҳар ва туманларнинг чекка маҳаллаларигача бориб, нафақат аҳолини қийнаётган экологик муаммоларни, балки барча масалаларни ўрганиб, тегишли ташкилотлар ёрдамида ҳал этиб келмоқда. Агар бўлғуси сайловларда Экологик партия номзодлари халқ ишончига сазовор бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашларда кўпроқ депутатлик ўринларини эгаллашса, бу каби эзгу ишларимиз янада кенг қулоч ёзади. Унутманг, биз келажак учун жавобгармиз!
Барно ТЎРАЕВА,
Косон туманидаги 65-мактаб директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод