Меню
Қашқадарё
ЭКОЛОГИК МУАММОЛАР
Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ табиий неъматлар - ер усти ва ости бойликларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш борасида аниқ ва узоқни кўзлаган йўналишлар белгиланди.
Бинобарин, узоқ йиллар давомида атроф-муҳитга беписанд муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан нотўғри фойдаланиш натижасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг генофондига салбий таъсир ўтказилган, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, катта ҳажмдаги саноат ва бошқа тур чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, Орол денгизининг ҳалокати каби экологик муаммолар вужудга келганди.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва салбий оқибатларнинг олдини олиш, шунингдек, бу борадаги ишларни юқори босқичга кўтариш мақсадида 2008 йил 2 августда мамлакатимизда Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилди. Бугунги кунга келиб Экоҳаракат энг фаол жамоат ташкилотларидан бирига айланди. Бу борадаги жамоатчилик саъй-ҳаракатларининг давлатимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланаётгани, жумладан, сайлов қонунчилигига мувофиқ Экоҳаракатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўн беш депутат ўрни квота қилингани Экоҳаракат зиммасига катта масъулият юклаши баробарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли саломатлиги учун курашда кенг имкониятларни яратди.
Ўзбекистон экологик ҳаракатининг бош мақсади - экологик муаммолар ва атроф-муҳит муҳофазасидаги лоқайдликларга барҳам бериш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида, хусусан, сув ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндилар муаммоларини бартараф этиш, биохилма-хилликни асраш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ҳар томонлама кучайтиришдан иборатдир. Бу борада Экоҳаракат ташаббускорлари кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда.
Айни пайтда Экоҳаракатнинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятида маҳаллий аҳоли ва ёшларни жалб қилган ҳолда экобоғлар барпо этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган вақт мобайнида ҳаракат фаоллари ўз ҳамкорлари билан умумий майдони 120 гектар бўлган 30 дан ортиқ экобоғлар барпо этдилар.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳалари ва ижтимоий буюртмалари асосида республикамизнинг кўплаб ҳудудларида қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий муассасаларга умумий қиймати 397 миллион сўм бўлган тиббий ускуналар, қуёш станциялари, шамол генераторлари ва сув иситиш коллекторлари ўрнатилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ташаббуси билан ўтган давр мобайнида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялашга оид 12 та қонун қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг "Экологик назорат тўғрисида"ги Қонуни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар иштирокининг ҳуқуқий асосини белгилаб берди.
Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш мақсадида Экоҳаракат қошида "Ишонч телефони" ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида "Ишонч телефони"га фуқароларимиздан 3000 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг 70 фоиздан ортиғига ижобий ечим топилишига эришилди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига ҳамоҳанг равишда "Ишонч телефони" тизимида "Жамоатчилик қабулхонаси" ташкил этилди. Эндиликда юридик ва жисмоний шахслар мазкур қабулхонага экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига тааллуқли барча масалалар юзасидан бевосита мурожаат қилишлари мумкин.
Экологик муаммолар чегара билмаслигини эътироф этган ҳолда изчил равишда халқаро ва чет эл экологик жамоат ташкилотлари билан алоқаларни ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилаётир. Бунинг натижасида сўнгги йилларда трансчегаравий экологик муаммолар, сув масалалари, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, экологик туризмни янги босқичга олиб чиқиш, жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган 20 дан ошиқ халқаро конференциялар, давра суҳбатлари ташкил этилди. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг айримлари хорижий давлатларда ўтказилди.
2013 йилда италиялик ижодкорлар билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг экологик беқарор ҳудудларидаги вазият ва уни юмшатишга бағишланган "Кўзингни оч" деб номланган ҳужжатли фильм суратга олинди. Ушбу фильм Орол денгизи фожиаси ҳамда "Тожикистон алюминий компанияси" давлат унитар корхонаси заҳарли ташланмаларининг атроф-муҳит, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва аҳоли саломатлигига салбий таъсири ҳақида. Уни тасвирга олиш мақсадида ижодий гуруҳ Орол денгизининг қуриган тубидаги "кемалар қабристони"га, саксовулзорлар барпо этилган ҳудудларга, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларига ташриф буюриб, Сўфиён ва Дашнобод қишлоқларида, Бобур қишлоқ врачлик пунктида, Узун тумани шифохонасида бўлдилар. Фильм Италия телеканаллари орқали эфирга узатилди, Орол фожиаси ва у келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммолардан дунё ҳамжамиятини огоҳ этди.
2017 йил 12 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Унда Экоҳаракат ҳудудларда аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш, саноат иншоотларини экологик нуқтаи назардан қайтадан инвентаризациядан ўтказиш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш масалаларига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг қонун ижодкорлиги йўлидаги фаолияти жонланаётган бўлса-да, бироқ улар ташкилий тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолаётгани, мавжуд экологик муаммоларни ҳал этишга етарли даражада эътибор қаратмаётганлиги кўзга ташланди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган парламент назоратининг янги шакли - жойларда аҳоли билан мулоқот ва ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш амалиётининг жорий этилгани Экоҳаракат фаолиятини янгича услубда ташкил этишга муҳим туртки бўлди. Эндиликда бизда ҳудудларга чиқиб, муаммоларнинг моҳиятини чуқур ўрганиш, биринчи навбатда, халқимиз саломатлиги ва экология хавфсизлигини ўйлаб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш масалаларига эътибор кучайтирилаяпти.
Бу борада биз Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан мутасадди вазирлик ва идоралар иштирокида ҳар бир вилоят, ҳар бир туманда бўлиб, хонадонлар ва объектларга кириб, экологик муаммоларни ўрганиб, уларни жойида ҳал этиш юзасидан қабул қилинган қўшма Дастурни Президентимиз маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқаяпмиз. Албатта, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, айниқса, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, шунингдек, оқова сувларни тозалаш иншоотларини ва канализация тармоқларини реконструкция қилиш бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирлар кўрилаяпти. Шу билан бирга, экологик талабларга жавоб бермайдиган объектлар ҳолатини чуқур инвентаризациядан ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Ҳозирда чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхоналар учун ускуна-агрегатлар ишлаб чиқарадиган завод ташкил этиш бўйича таклиф тайёрланмоқда. Бу йўналишга Беларуснинг "Сифания-Экотехника" компанияси билан умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция киритиш бўйича музокара олиб борилаяпти. Келгусида барча вилоятларда чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхоналар ташкил этилиши ва шу йўл билан атроф-муҳит тозалигини сақлашга ҳисса қўшиш - олдимизда турган долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Ислом ХУШВАҚТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси