Меню
Қашқадарё
ЭКИЛАЁТГАНДА НИҲОЛ ЭДИ, БАҲОРДА БАРГ ҲАМ ЁЗДИ,
энди эса қаровсизликдан чўпга айланибди
Бугуннинг гапи
Яшил макон - дарахтзору-гулзор, кўрганда кўз қувнайдиган манзара, тоза ҳаво, салқин жойлар. Сиз ҳам шундай тасаввурдамисиз, баҳорда "Яшил макон" лойиҳаси доирасида ура-ура қилиб вилоятимизнинг бўш турган ерлари, катта йўллар ёқаларида дарахту гул кўчатлари экиб "катта"лардан "очко" олишга чоғланган устаси фаранглар ҳам шундай тасаввурда эдиларми - эккан ниҳоллари униб-ўсишини исташганмиди ёки ўтинга айланишини?!
Маълумки, Президент ташаббуси билан бошланиб, бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси гўзал ва бетакрор табиатимизни асраб-авайлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш орқали атроф-муҳит муҳофазасини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли. Унинг доирасида Ўзбекистон бўйлаб йилига камида 200 миллион, шу жумладан, Қашқадарёда 16 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режа қилинган эди. Бунинг натижасида яқин уч йил ичида кўплаб яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини барпо қилиш, сув чиқариш қудуқлари ва суғориш тизимларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Умуммиллий ҳаракат бошланганидан бери озмунча кўчат экилдими. Деярли ҳеч бир ташкилот, корхона, маҳалла бу ишдан четда қолмади. Айниқса, "Долзарб 40 кунлик"да долзарблик, шиддат бошқача эди. Кейин эса гўёки ҳамма ўз иши, ўз ташвиши билан машғул бўлиб қолди. Ҳа, бу экилган дарахтларга нима бўлди, уларни ким парвариш қилаяпти - шунча пулга келган кўчатлар тақдири кўплаб масъулларни қизиқтирмай қўйди шекилли.
Мана, Қарши-Самарқанд магистраль йўли атрофидаги янги дарахтларни олсак, кўпи қуриган, сарғайганлари қанча. Хўш, бунга сабаб нима?
- Дарахтларнинг қуришига биринчи навбатда сувсизлик сабаб бўлади, - дейди академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Қашқадарё илмий-тажриба станцияси бригадири Санжар Сафаров. - Айтилган ерларда дарахт экиш ишлари асосан ҳашар йўли билан амалга оширилаётганлиги сабабли кўчатларни ўтқазишда агротехника қоидаларига ҳам кўп амал қилинмайди.
Баҳорда Қарши-Шаҳрисабз йўли ёқасида экилган дарахтлар шу яқин атрофда яшовчи аҳоли томонидан парвариш қилинаяпти экан. Қатор ораларига беда эккан одамлар ҳам чорвасига озуқа олаяпти, ҳам ниҳолларни парвариш қилаяпти. Шу ҳудуддаги вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли 16 гектардан зиёдроқ майдонда павловния кўчатлари парвариш қилинаяпти. Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Жавлон Бахтиевнинг таъкидлашича, бу ерда 13 минг 700 дона павловния кўчати экилган, яхши ўсаяпти.
Акция доирасида ура-ура қилиб, миллионлаб ниҳоллар ерга қадалди. Демак, парвариш қилаётганники ривожланаяпти, қаровсиз ҳолда ташлаб қўйганларники эса ўтин ҳам бўлмади. Нега, улар учун сарфланган пулларни ҳеч ким сўрамайдими?!
Ёдингизда бўлса, Қарши-Косон йўлининг шундоққина шаҳарга туташган қисмида, Қўнғиртоғ массивида катта ташаббус ва саъй-ҳаракатлар билан улкан боғ яратишга жазм этилган эди. Шаҳар ва туманларга ҳамда корхона-ташкилотларга ер майдонлари бириктириб берилди. Ҳар ким ўз ҳудудини обод қилишга киришиб кетди. Орадан қарийб тўрт ой вақт ўтди. Бу пайтгача ниҳоллар барг чиқариб, боғ яшилликка бурканган бўлиши лозим эди.
Куни кеча ўша ҳудудларда бўлдик. Боғ тугул, баҳорда бир муддат яшнаб турган дарахтлардан деярли ном-нишон йўқ. Туманлар, ташкилотлар номи ёзилган тахтачалар бу ерга кимларнинг назари тушганлигини англатиб турибди, холос. Айрим жойларда ниҳол экиш учун қазилган ҳандақчалар шу ҳолича ташлаб кетилган. Гўёки "Долзарб 40 кунлик" тугаб қолгану, кимлардир бу ерга ниҳол қадашга улгурмаган. Ҳар-ҳар ерда барг чиқарган кўчатлар эса одамга умидвор бўлиб боқаётганга ўхшайди.
Бир сўз билан айтганда, бизда ташаббусга "лаббай", деб жавоб беришда илғорлик бор, "плон"ни дўндириб қўйиш борасида шиддат ҳам бор. Лекин бир ишни охирига етказиб қўйишда кўпчилигимизда масъулият етишмайди. Биргина кўкаламзорлаштириш мисолида олиб қарасак, ниҳолларнинг тақдирига эътибор йўқ. Ўзингиз ўйланг, вилоятда тахминан 16 миллион дона кўчат экилган бўлса, Қашқадарё дарахтзор бўлиб кетмасмиди. Ҳозир шу кўчатлардан неча фоизи омон қолган экан?!. Қолганларининг тақдири нима бўлади? Энди бу ҳақда ҳам яхшилаб ўйлаб кўриш лозим. Бинобарин, эртага ўзимизни оқлаш учун топадиган баҳоналаримиз билан ҳеч ер обод бўлиб қолмайди...
ХОЛИСБЕК
БОБУРБЕК олган суратлар.