Меню
Қашқадарё
ЭФИР ЗАҲМАТИНИ ЕЛКАЛАБ
- Тасвир, матн уйғунлигига эришиш, 1-2 дақиқалик лавҳа, 5-10 дақиқалик кўрсатувда қисқа, аниқ ва лўнда фикр айта олиш, бирор янгиликнинг туб моҳиятини очиб кўрсата билиш учун тележурналистга маҳорат ҳамда чуқур билим керак, - дейди вилоят телерадиокомпаниясининг телевидение гуруҳида анча йиллар давомида бош муҳаррирлик қилган журналист Гулбаҳор Мусаева. – Билим унинг тинимсиз ўқиб-ўрганиши натижаси бўлса, маҳорат шу билимни иш жараёнида қўллаш ортидан орттирилади. Бунинг учун, таъбир жоиз бўлса, телевидение қозонида қайнаш керак.
Унинг ўзи шу қозонда обдон қайнади. 1995 йилда шу остонадан ичкари ҳатлаган бўлса, ҳамон бу оламнинг мафтуни. Дастлаб вилоят радиосида туркум эшиттиришлар тайёрлаб, қаламини, овозини чархлаган Гулбаҳор опа кейинроқ телелавҳа ва кўрсатувларга қўл урди. Ёшлигидан бадиий ижодга ошнолиги, мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ ўзи туғилиб ўсган Китоб тумани газетаси учун кичик хабар, мақолалар ёзиб юргани қўл келди. Қолаверса, болаликдан бошланган журналистикага қизиқиш талабалик пайтларида – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетидаги таҳсил жараёнида муқим бир мақсадга айланди. Ўша даврлардаёқ турли республика нашрларида “Гулбаҳор Мусаева” имзоси остида мақолалар, лавҳалар эълон қилина бошланди.
Гулбаҳор Мусаева тайёрлаган телекўрсатувлар мавзуси кенг: “Ҳаёт сабоқлари” кўрсатуви вилоятимиздаги кўзга кўринган жамоат арбоблари, улуғ ёш яшаб, катта тажрибага эга бўлган инсонларнинг ҳаёт сабоғини ёритса, мафтункор ва бетакрор Қашқа воҳасининг сўлим табиати, қадим тарихни бағрида жо қилган қадамжолари ҳақида тайёрланган лавҳаларини “Тарих қатидаги гавҳарлар”, “Мангу тирик томирларимиз” каби номлар билан атади.
Вилоят телевидениесида унинг зиммасига катта масъулиятни ишониб топширишди: 2001 йилда катта муҳаррир, 2006 йилдан эса бош муҳаррир бўлиб ишлай бошлади.
- Ахборот ё кўрсатув учун ёзган матнимиз опанинг кўригидан яхши ўтса, бизга энг катта қувонч шу эди, - дейди ёш журналист Отабек Раҳимов. – Гулбаҳор опа матнни жуда синчиклаб, фикр тугаллиги ва ифода равшанлигига қаттиқ эътибор беради. Бу қаттиққўллик эса бизни янада яхшироқ ишлашга, тузилган матнга эътиборлироқ бўлишга ундайди.
- Кўпчилик ёшлар телевидениени фақат чиройли қиёфада, башанг кийимларда камера қаршисида туришдан иборат, деб ўйлашади, - дейди Гулбаҳор опа. - Аслида эса ҳақиқий тележурналист ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши шарт: томошабин уни нафақат томоша қилади, айтаётган сўзларини эшитади, таҳлил қилади, баҳо беради. Қолаверса, телеижод – жамоавий иш маҳсули. Битта лавҳа ё кўрсатув учун журналистдан ташқари тасвирчи, режиссёр ҳамда видеомуҳандиснинг баравар хизмати сингади. Буни асло унутмаслик лозим.
Бироз аввал айтилганидек, Гулбаҳор опа соҳанинг паст-баландини яхши билади. Шу билан бирга, у телевидениенинг истиқлол йилларидаги ривожини қадам-бақадам кузатиб боришга ҳам муваффақ бўлди. Янги иш бошлаган кезлари ҳафтада икки марта, бор-йўғи ярим соатдан эфир чиқишига эга бўлган вилоят телевидениесининг қамрови ва соати кейинчалик кенгая борди. 2006 йилда Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан Қашқадарё радио-телевидение узатиш марказига қарашли РТС-20 (радио-телевизион станцияси)га 1 киловаттли ТВК трансмиттери ўрнатилди. Натижада вилоят телерадиокомпанияси энди 8 соатлик кўрсатувларини алоҳида канал орқали (ўша пайтга қадар “Yoshlar” телеканалига уланарди) эфирга узата бошлади. Телерадиокомпаниянинг эфир қамрови илгари бор-йўғи 30-35 фоизни ташкил қилган бўлса, 2010 йилга келиб, Китоб туманининг Тахтақорача довонидаги 10622-станцияга 1 киловаттли ТВК трансмиттери ўрнатилиши натижасида эфир қамрови 82 фоизга етди. Шунга яраша, телерадиокомпаниянинг моддий-техник базаси ҳам яхшиланиб, янги имкониятлар пайдо бўлди, ишлаш учун қулай шароит туғилди. Бу эса барча теле ва радиожурналистлар ижодида муҳим бурилиш ясади. Гулбаҳор Мусаева бу имкониятларнинг барчасидан тўла-тўкис фойдаланиш истагида янада кўпроқ изланди. Шунга мос ҳолда янги кўрсатувлар тайёрлаб, телетомошабин эътиборига ҳавола этди. “Мен туғилган юрт”, “Қашқадарё гавҳари” сингари кўрсатувлари ўз мухлисларини топди. 2013 йилда тажрибали журналист “Энг улуғ, энг азиз” республика танловида шу мавзудаги бир қатор кўрсатув ва лавҳалари билан иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади. Бу унинг бир неча йиллик меҳнатларининг эътирофи бўлди.
Ўтган 2016 йил Гулбаҳор Мусаева учун омадли, ютуқларга бой йил бўлди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги тантаналари арафасида узоқ йиллик самарали меҳнатлари эътиборга олиниб, унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони берилди.
- Бу нафақат менинг ютуғим, балки бутун жамоаники, деб биламан, - дейди журналист. – Шу билан бирга, шуни юракдан ҳис этаяпманки, бу унвон кишига янада кўпроқ масъулият ҳиссини юклар экан. Бу юксак эътирофга ҳар жиҳатдан муносиб бўлиш учун янада кўпроқ меҳнат қилгинг, бор имкониятингни ишга солгинг келар экан.
Гулбаҳор опа икки қиз, бир ўғилнинг онаси. Турмуш ўртоғи Қосимхон Назиров билан биргаликда фарзандларини тарбиялаб, вояга етказди, ўқитди, ҳар учаласи ҳам олий маълумотли. Тўнғичи Гулруҳ Назирова эса онасининг изидан кетди, бугунги кунда вилоят телерадиокомпаниясининг кўзга кўринган журналистларидан. Яқиндагина кенжа қизи Гулҳаё фарзандли бўлди. Энди ўғли Бобурни уйли-жойли қилиш ташвишида. “Шундай ширин ташвишлар, ишхона юмуши билан овора бўлиб, вақт ўтганини ҳам сезмабман, пенсияга чиқишга ҳам улгурдим”, деб кулади у.
Дарҳақиқат, фойдали юмуш, баракали меҳнат оғушида вақт шитоб билан, ҳам файзли кечади. Қолаверса, кишининг ютуқларига замин ҳозирлаб, умридан розилик туйғусини уйғотади. Буни устоз журналист фаолияти мисолида яққол кўриш мумкин.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА