Меню

Қашқадарё

13.06.2017 2194

ЕЧИЛМАГАН ЖУМБОҚ

Бутун дунё олимлари то ҳануз “Жоконда” табассуми ортида нима яширинганини билиш устида бош қотирадилар. Сўнгги пайтларда минглаб фаразлар илгари сурилди, аммо улардан ҳеч бири нима учун “Мона Лиза” картинаси 500 йилдан сўнг ҳам ўз сирларини очишни истамаётганини тушунтириб беролмади.

БУЮК ДАҲОМИ ЁКИ УЛКАН ХАЁЛПАРАСТ?

Леонардо да Винчи (1452-1519) – сирли мусаввир ва олимлардан бири. Шу билан бирга, “Мона Лиза” жумбоғини ечишни истовчиларнинг янги-янги топилмалари пайдо бўлгани сари асрлар мобайнида мусаввир шахсига бўлган қизиқиш олови асло сўнмайди, билъакс, янгича куч билан ёлқинланаверади.

Полотнода аслида ким тасвирлангани ҳақидаги тахминлар минг-мингларча, аммо булар картинанинг яратилиш тарихига оид сирни ошкор қилолмайди. Бу сир жозибасининг умри боқийга ўхшайди. Нима учун? Бу хусусда биз кейинроқ сўз юритамиз, ҳозир эса Леонардо шахси ҳақида бир-икки оғиз сўзлашга тўғри келади.

Рассом атрофидаги реалликни, ҳақиқий ҳолатни кузатишни хуш кўрарди. У диққатга сазовор нимаики кўрса, белгилаб борадиган ён дафтаридан сира айрилмасди. Яхши тараққий этган ички кузатувчанлик, илмнинг турли-туман соҳаларидаги чуқур билими туфайли Леонардо шундай хулосага келади: бир бутун бўлиб кўринаётган ҳар бир нарса-буюм аслида қисмлардан, парчалардан иборатдир, бу парчалар эса мутаносиблик деб аталадиган маълум қонун асосида бир бутунга айланади.

Гўзаллик, табиат ва уйғунлик – бу Яратганнинг улуғ қонуни билан боғлиқ яхлит тушунча. Оламдаги барча нарсалар – гулбаргдан тортиб олис юлдузларга қадар айни  шу қоидага кўра яратилган.  Бу қонунни рақамлар тилида ифодалаш ҳам мумкин, уни ишга солиш эса гўзаллик ва уйғунликка эришиш калитидир.

Леонардо да Винчи ўз изланишларида Қадимги Миср, Юнонистонда маълум бўлган ва санъатнинг турфа асарларида кенг қўлланган “Олтин кесим ёки илоҳий нисбат”га жуда-жуда яқинлашиб қолганди.

“ЖОКОНДА”НИНГ СИРИ  НИМАДА?

Леонардо да Винчи нафақат мусаввир, балки математик ҳам эди. Бутун умри давомида у санъатни рақамлар билан боғлашга уринди. Ўз асарларида Фибоначчининг рақамлар тадрижийлиги деб номланган белгилардан фойдаланди.

 Пиза шаҳрида 1200 йилларда яшаган Фибоначчи кўплаб трактатлар ёзган ва математикада анчагина жиддий кашфиётлар қилганди. Жумладан, у 0, 1, 1, 2, 3, 5, 8, 13, 21, 34, 55, 89… каби сонлар тадрижийлигини ҳам тушунтириб берган ва бу қоида кейинчалик унинг номи билан аталган. Бу тадрижийликда ҳар бир янги рақам ўзидан аввалги икки соннинг миқдори билан тенг. Аммо энг қизиғи, бошидан бошлаб чиқариб ташланганида, охирги икки соннинг (55/34 ёки 89/55) бўлиниш миқдори олтин кесимга яқин келади: 1.618.

Бунинг маъноси шундаки, тўғрибурчак икки томонининг ўзаро нисбати 1.618 га тенг, шунингдек, тўғрибурчакнинг бир томони иккинчисидан 61.8 фоизга узунроқ бўлиши керак. Дарвоқе, Леонардонинг “Сирли оқшомлар”, “Ҳаракатдаги одам”, “Мона Лиза” ва бошқа машҳур асарларида айни шундай тўғрибурчак ва учбурчаклардан фойдаланилган. 

Шуниси ҳайратланарлики, бу рақамлар табиатда тез-тез учраб туради. Мисол учун, лилиянинг тожбарглари  сони 3 га тенг; тожбарглар айиқтовон ва ёввойи атиргулда  5 тадан; айиқтовондошлар оиласида – 8 та; сариқбошда – 13 та; қўқонгулда – 21 та; зубтурумда – 34 та; дасторгулда – 55 та. Ва бунга ўхшаш мисоллар кўплаб топилади. Бу рақамлар алоҳида маъно-мазмунга молик, шунинг учун бутун коинот улар билан қопланган. Шу боис ҳам  Леонардо да Винчининг кўплаб картиналари шу тамойилга кўра ишланган.

“Мона Лиза” – Леонардонинг мусаввир сифатидаги энг юксак ютуғи, унинг карьерасида ўзига хос чўққи. “Мона” номи – “Мадонна” сўзининг қисқартмаси, “my lady”, яъни “хоним афандим” маъносини англатади. Картинанинг яна бир номи – “Жоконда” эса полотно қаҳрамонининг эри - Francesco Gioсondo деган бой ипак савдогари фамилиясидан олинган,  бу расмий маълумот бўлса-да, бироқ ҳеч қандай исботга эга эмас. Айрим тадқиқотчилар картинада бегуноҳ аёл қиёфасида тасвирланган Леонардонинг ўзини кўрадилар.

Бу сирли табассумли аёл ким бўлмасин, айни вақтда унинг шахсияти эмас, балки картинанинг яратилиш техникаси муҳим. Соҳибжамол Жоконда портрети ва унинг табассуми ўзида олтин кесмаларнинг бутун бошли тўпламини жамлаган. Бундан ташқари, юз ва қўллар шакли тенгёнли учбурчакни ҳосил қилади, аёлнинг юзида олтин тўғрибурчак ғоятда равшан чизилган. Яна бири эса ўнг қўл бармоқларидан чап қўл тирсагига ўтади ва аёлнинг бошигача боради.

Картинада чизилган тўғри пропорциялар ва математик фигуралар уни ноёб санъат асарига айлантирган.

БЎЁҚ ҚАТЛАМИ ОСТИДА ЯШИРИНГАН НОМА

Айрим тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, картинадаги бўёқ қатлами тагида яна бир нечта тасвир яширинган. Эҳтимол, рассом шунчаки машқ қилгандир, аммо олимларнинг аксариятининг ишончи комилки, бу ҳаракат маълум бир мақсад билан амалга оширилган: Леонардо бўёқ тагига расмий фанга ҳали маълум бўлмаган тимсол ва белгиларни яширган.

“Нью-йорклик бир графика дизайнери улардан бир нечтасининг тагига ета олди”, деб ёзади “Daily Mail” нашри. Шундай қилиб, экспертнинг қайд этишича, агар картинани ёнбошга буриб қаралса, уч жонивор – бўйвол, шер ва маймун тасвири кўзга ташланади. Шунингдек, пастки бурчакда қушни ҳам илғаш мумкин. Агар бу тасвирларга Қадимий Билимлар нуқтаи назаридан ёндашилса, одамнинг 4 моҳияти ҳақидаги ғаройиб маълумотлар келиб чиқади.

Аммо булар “Мона Лиза” портрети ўзида яширган сирнинг ҳаммаси эмас. Тадқиқотчилар унинг жумбоғини ечишга қанчалик кўп уринсалар, кўз ўнгиларида шунча кўп сир намоён бўла бошлайди. Масалан, И. Ладов (Липатов) ечилмаган жумбоқ тубига чуқурроқ назар ташлаш йўлида амалга оширган навбатдаги уринишида қуйидагиларни аниқлади:

“Бир куни мен Мона Лиза ортидаги пейзаж тугаган жойида иккинчи бир тарафда яна давом этадигандай туюлишига эътибор бердим. Агар суратнинг иккита нусхаси ёнма-ён қўйилса, мен аввалига шундай ҳам қилиб кўрдим, бу хусусият сезилмайди. Тўлиқ ўхшашлик йўқ эди, аммо бир нусхада тугаган манзара иккинчи нусхада давом этаётганга ўхшаши менинг эътиборимни тортди. Бунга мен нусхаларни бир-биридан бироз узоқлаштирганимда ва бу ғаройиб хусусият дарҳол кўзга равшан ташланганида янада кўпроқ амин бўлдим”.

Игорь Ладовнинг ишончи комилки, бундай ёпиқ, туташ манзарани акс эттириш орқали рассом оламнинг абадий ҳаракати, чексизлиги, спиралсимон тузилишини ифодалашни кўзда тутган.

Яна бир қизиқарли жиҳат шундаки, Италия маданий мерос миллий қўмитаси президенти Сильвано Винчети Мона Лиза кўзларида митти-митти ҳарф ва рақамларни аниқлади. Ўнг кўз қорачиғида “LV” ҳарфлари ёки  шартли равишда мусаввирнинг ўзини англатувчи “L2” белгиси жойлашган.  Чап кўз қорачиғидаги аломатларни англаш, тушунишнинг имкони бўлмаган. Айтганча, бу бундай воқеаларнинг биринчиси эмас. Шунга ўхшаш белги-аломатлар Гваделупе Мариясининг бемисл тасвирида ҳам топилганди.

МУҚАДДАС АЁЛЛИК ИБТИДОСИ  ТИМСОЛИ

Эҳтимол, портретда муайян бир хоним эмас, муқаддас аёллик ибтидосининг ўзига хос тимсоли – Аллата тасвирлангандир? Балки шу сабабли ҳам полотнога боққанда айримлар қувонч табассумини, бошқа бировлар киборона жилмайишни, учинчи тоифа кишилар эса истеҳзоли кулгини кўрар? Ё бўлмаса, Мона Лизани инсон ички дунёсини ифодалаган ўзига хос тимсол, дейиш тўғрироқдир?

Флоренциялик мўйқалам устаси бутун умрини идеал мутаносибликни излашга сарфлади – у Худонинг ташқи дунёдаги акси намоёнини кўришга интилиб, Яратган ҳақидаги бор билимга эга бўлди. “Мона Лиза” картинаси  шу йўлдаги изланишларнинг ўзига хос тимсоли эди. Мусаввир бу сурат устида 15 йил давомида ишлади, ундан бир лаҳза ҳам айрилмади. Ўз устахонасида у англашга халал берадиган барча шарт-шароит ва андазаларни бир четга суриб қўйди ва бутун қалби билан ишлади. Яна бир тахмин ҳам борки,  Леонардо руҳий такомилга етган ва шунинг шарофати билан физик моддият чегараларидан чиқа олган, келажакни-да кўра олган. Кенг тафаккур ҳолатида турган мусаввир яширин руҳий билимлар соҳибига ҳам айланди.

Тарихчилар таъкидлашадики, Леонардо да Винчи аёл ибтидосининг мафтуни, Она Маъбуда культининг тарғиботчиси эди. Балки шунинг учун ҳам унинг “Жоконда”си шу қадар жозибали ва сирли жилмайганича, ўз яратилишининг тарихини беш асрдан бери яшириб келмоқдадир.

Муаллиф: Ольга ЧЁРНАЯ.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!