Меню

Қашқадарё

11.12.2020 1715

ҲЕЧ ВАҚТ ДУНЁ БИЗ У БИЛАН ХАЙРЛАШАЁТГАН, ЭРКИМИЗ ТОРТИБ ОЛИНАЁТГАН ПАЙТДАГИДЕК ГЎЗАЛ БЎЛИБ ТУЮЛМАСА КЕРАК

Сараланган сатрлар

Немис ёзувчиси Эрих Мария Ремарк (1898-1970) эндигина мактабни тугатибоқ кўнгилли сифатида урушга отланади. Биринчи жаҳон урушида кўрган-кечирганларини "Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ" романида акс эттираркан, уруш келтирган бало-қазолар, миллионлаб инсонлар ёстиғи қуригани, ёшлар умрини, ҳаётининг энг гўзал дамларини фронтда йўқотганини таъсирчан ифодалайди.

Урушга қарши ғоялари сабаб эса адиб Германияни тарк этишга мажбур бўлади. Ватанида унинг китоблари ёқилади, ўзи мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилинади. Америкада яшаётган пайтда фашистлар унинг синглисини қатл этишади...

Ремарк "Уч оғайни", "Зафар дарвозаси", "Жаннатдаги     соялар", "Ҳаёт учқуни" каби романларида ҳам фашистларга қарши ғоялар, урушдан кейинги авлод тақдири, муҳожирлар ҳаёти мавзусини давом эттиради. Умуман, Ремарк ўз даврида ҳам, бугунги кунда ҳам энг кўп ўқиладиган ёзувчилар сирасига киради.

"Лиссабондаги тун" романи қаҳрамони фашистлар зуғумидан қочиб, Европа бўйлаб сарсон-саргардон юрганлардан. Имкон топиб, Германияга қайтади ва хотинини излаб топиб, уни ҳам ўзи билан "қарғишга учраган мамлакат"дан олиб кетишга муваффақ бўлади. Бу - айтишга осон, эр-хотин бошдан кечирган машаққатлар ҳақида ўқишнинг ўзиёқ ҳар қандай онгли кишини ҳоритади, маҳзун ҳисларга мустағриқ этади...

Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари ҳақида сўз бораркан, одатда бош айбдор сифатида Германияни кўрамиз ва қай бир маънода бу тўғри ҳам. Аммо урушни ёқламаган, унга қарши курашган, бу йўлда жон берган немислар ҳам йўқ эмасди, ҳатто кўп эди. "Лиссабондаги тун" мутолааси асносида айни шу ҳақиқат билан тўқнаш келасиз. Дунёни титратган хунрезликлар бутун бошли халқ эмас, бир тўда босқинчилар иродаси намоёни ўлароқ содир этилганини англайсиз...

* * *

Қочқинликда, хавф-хатарда, умидсизликда фақат мўъжизага ишона бошлайсан, йўқса, омон қолиш амри маҳол...

* * *

Полициядан қўрқиш ҳисси муҳожирни ҳеч қачон тарк этмайди. Ҳатто тушида ҳам, қўрқишга ҳожат қолмаганда ҳам.

* * *

Лиссабоннинг бу қисми менга нотаниш: ҳар сафаргидек бу ерда ҳам аввало мозийгоҳ ва ибодатхоналар билан танишдим. Худо ёхуд санъатни севганимдан эмас, шунчаки ибодатхона ва мозийгоҳларда ҳужжат сўрашмайди. Чормихга тортилмиш Исо Масиҳ сурати солинган бут ҳамда тасвирий санъат асарлари қаршисида сохта ҳужжатларга эга шахс эмас, оддий инсонлигингча қолишинг мумкин.

* * *

Гар одам оч бўлса, ҳатто ёнидаги киши азоб чекаётган бўлишига қарамай, тановул қилишини ва буни бағритошликка йўймасликни яхши тушунади. Бошқа бировга кўмак беришнинг иложи йўқ экан, қўлидаги нонни тортиб олиб қўймасларидан олдин оч одам насибасини еяверсин.

* * *

Кўнгилсиз хотираларнинг бир яхши томони бор: улар айни дамда кишини бахтиёр эканлигига, гарчи лаҳза олдин ўзи бунга ишонмаса-да, имон келтиради. Бахт ана шундай нисбий тушунча. Кимки буни англаб етган бўлса, билингки, у камдан-кам ўзини бахтсиз ҳис этади.

* * *

Ҳеч вақт дунё биз у билан хайрлашаётган, эркимиз тортиб олинаётган пайтдагидек гўзал бўлиб туюлмаса керак. Қанийди, биз уни ҳамиша шундай идрок этсак!

* * *

Киши қачонки пичинг қилиб, қўрқа бошласа, воқеа-ҳодисаларга бармоқ орасидан қарайди.

* * *

Жазава ва ваҳимага тушган одамлар ҳар қанақанги чорловга лаққа ишонишади, чорлаётган кимса ким, қайси тарафдан эканлигининг аҳамияти йўқ, фақат бу сафсатабоз оғир жабру жафо ўйлари ва масъулиятни ўз зиммасига олишни ваъда қилса бас. Омма ваҳимага мойил ва ғам-ташвишлардан халос бўлишни истайди. Бироқ кафил бўлиб айтишим мумкинки, на унисидан, на бунисидан қочиб қутулиш амри маҳол.

* * *

Оқ танли орий - бу бор-йўғи нацистлар афсонаси. Гитлер, Геббельс, Гесс ва бошқа ҳокимият аъзоларига бир қаранг - уларнинг ўзи пуч хаёлларнинг раддияси-ку.

* * *

Одамлар уруш деса, ваҳимага тушишарди. У пайтда ўзга юртларда урушни Германия қўзғаётганини билишса, бу ёқда бошқалар Германияни урушга зўрлаётгани ҳақида гапиришарди.

* * *

Мавҳумот олдидаги қўрқув бошқаю, у маълум шаклга кирганда бошқача бўлади. Қўрқувни сабр-бардош ёки бошқа ҳийла-найранг билан енгса бўлади. Лекин сенга таҳдид солиб турганларини кўрганингдан кейин маҳорат ҳам, руҳий сезимлар ҳам мадад беролмайди.

* * *

...бу дунёда нимадан кўпроқ қўрқишимни англадим: уруш, қайсики кутилмаганда бизни ажратиб юборгувчи, кейин, тамом бўлгач, бир-биримизни абадул-абад қидириб тополмайдиган балои офат. Шунга кўра, қай кимса, ҳатто ўзига қаттиқ ишонган ва ўз толеига кўз тиккан ҳолда улкан емирувчи кучга эга бўлган зилзиладан сўнг бирор нарса топа олишига умид қилади?

* * *

Кўкрак уриб, миллий тикланиш, деганлар тошга ўхшайди, ердан тошни кўтариб олганингда эса нажас оқиб тушади. Ўзларининг ифлосликларини яшириш учун тумтароқ сўзлардан бонг уриб фойдаланишади.

* * *

Азалий томоша! Жабру зулм малайлари, золимларнинг қурбонлари, бир чеккада эса бечора қурбонни ҳимоя қилишга, озод этиш учун бармоғини ҳам қимирлатиб қўйишга қурби етмайдиган, негаким, ўз жони ўзига ширин бўлган томошабин. Зеро, шунинг учун-да унинг ҳаёти доимо хавф остида.

* * *

- Агар Германия ғолиб чиқса, нима бўлади?

Тер ҳиди уриб турган костюмдаги одамча менга бақрайиб турди-да, қулт этиб ютинди.

- Агар сизлар ғалаба қозонсанглар, демакки, Худо йўқ экан, - деди у титраб-қақшаб.

* * *

Мен шундай тўлқинландимки, танамда садонинг тебранишини ҳис этдим. Бу худди ўйинчилар бир-бирига тўп ирғитаётган теннисга ўхшайди.

Ўйинчилардан бири қўрқув ва ваҳимага таслим бўлган, ўзининг ҳолатини ўйлашга ҳам юраги бетламайдиган ўша аввалги "мен" эдим. Иккинчи ўйинчи ҳам мен эдим, фақат буниси ҳеч нарса тўғрисида ўйлаб ўтирмайдиган, қалтис ишга қўл урган "мен". Томошабин сифатида учинчиси ҳам бор эдики, у оғир-вазмин, холис эдию, ич-ичидан иккинчи ўйинчининг қўли баланд келишини астойдил истарди.

* * *

Нафрат - қалбингни ўювчи заҳри қотил, ўзинг нафратланасанми ёхуд ўзганинг нафратига дучор бўласанми, фарқи йўқ.

* * *

Вақт - бу ўлимнинг кучсиз дамламаси. Бу дамламани бизга гўё зарарсиз уйқу доридай аста-секинлик билан қуйиб беришади. Аввалбошда у бизга ғайрат бағишлайди ва биз умри боқийлигимизга ишона бошлаймиз. Аммо у кун ортидан кун ўтиб, тома-тома ўткирлаша боради ва пировардида қонимизни булғаб, путур етказувчи, емирувчи зардобга айланади.

Ҳатто қолган умримиз баҳосига ёшликни сотиб олмоқчи бўлган тақдиримизда ҳам бу ишни шунинг учун рўёбга чиқаролмаймизки, вақт зардоби бизни айнитган, кимёвий бирикишлар аввалгидай эмас, энди мўъжиза даркор...

* * *

 Ҳали лагерда эканмиз, ҳеч ким биз ҳақимизда қайғурмайди, жуфтакни ростласак, бас, ўша заҳоти бизни жавоҳиротдай қидиришга тушишади. Бандилигимизда биздан бир бурда нонни қизғанишади, аммо бизни қайта қўлга тушириш учун ҳеч қандай сарф-харажатни аяшмайди ва шу мақсадда бутун бошли ротани сафарбар қилишади.

* * *

Болакай орқа ўриндиққа қисилиб деярли қимирламасдан ўтирарди. Ҳаёти давомида ишончсизликдан бошқасига ўрганмаган. Ёрқин хотиралар унга ёт. "Учинчи империя" маданиятининг янги пайдо бўлган маданиятфурушлари бобосининг бошини ёришганда уч ёшда, отасини дорга осишганда етти ёшда, онаизорини газли камерада ўлдиришганида тўққиз ёшда эди. Йигирманчи аср фарзандининг қуйиб қўйган намунаси.

* * *

Ўша хушрўй нацист кабилар ўз нафаслари билан ёруғ дунёни булғашаётган экан, бу босқинчиларга қарши курашга бағишлаш мумкин бўлган жонингга қасд қилмоқлик - жиноят ҳисобланади.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!