Меню
Қашқадарё
ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАСЛИГИ УЧУН ҚАНДАЙ ИШЛАР ҚИЛИНМОҚДА?
Бугун соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Имконияти чекланган ва кам таъминланган оилаларда туғилган тиббий ёрдамга муҳтож болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш, таянч-ҳаракат тизими ва бўйин умуртқа поғонаси шикастланган болаларга "Чиройли оёқчалар" лойиҳаси доирасида мамлакат ва чет эл клиникаларида жарроҳлик ёрдамини кўрсатиш, танаси куйган болаларни даволаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, умуман, соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги ишларда нафақат давлат, балки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 23 апрелдаги “Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига биноан ташкил этилган "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси ҳам алоҳида ўрин тутади.
2002 йилда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германиянинг "Friedensdorf International" халқаро ташкилоти ўртасида уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Унга кўра, 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш билан шуғулланилади. Ҳамкорлик доирасида 2003-2018 йиллар давомида 16 нафар қашқадарёлик бемор болалар терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволанишди.
- Яқинда вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидан 130 нафарга яқин куйишдан кейинги асоратлари бўлган болалар тиббий кўрикдан ўтказилди, - дейди "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди вилоят бўлими бошлиғи Гулнора Шарипова. - Тиббий кўрик натижаларига кўра ҳолати энг оғир беморлар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатга жўнатилади. Ўтган йилги текширув натижаларига кўра, Қарши шаҳрилик Каромат Бегматова Германияда мураккаб жарроҳлик операциясини ўтказди. Ҳозир уни соғломлаштириш ишлари давом этаяпти. Шунингдек, 2018 йилнинг биринчи чорагида ариза билан мурожаат этган тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, бепул дори-дармонлар, тиббий анжомлар, гигиеник воситалар билан таъминланди.
Тиббий-ижтимоий патронаж тизими фонд фаолиятининг асосини ташкил этади. Бу тизим Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йилдаги "Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган махсус дастурга асосланган бўлиб, оилаларнинг ижтимоий шароити, психологик муҳити, оила аъзоларининг соғлиғи ва, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар, болалар, ўсмирлар ва қарияларнинг саломатлигини ўрганиш, тиббий ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий муҳофазага муҳтож инсонларни ўз вақтида аниқлаш, ҳар бир хонадонда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
- Айнан шу йўналишга мувофиқ вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасалари билан узвий ҳамкорликда хотин-қизлар, болалар, ўсмирлар ва қариялар тиббий кўрикдан ўтказиб келинади, - дейди фонд вилоят бўлимининг тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси бошлиғи Лола Хўжамбердиева. - Қолаверса, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи тўрт мингга яқин аҳолининг тиббий-ижтимоий ҳолати ўрганилиб, керакли ёрдамлар кўрсатилди. Бунда кўпроқ туғиш ёшидаги аёллар саломатлигига жиддий эътибор қаратилди. Текширувлар асосида касаллиги аниқланган аёллар, болалар ва ўсмирларга профилактик ва биринчи ёрдам хизматлари кўрсатилди. Шунингдек, жорий йилда 11 нафар бола Сурхондарё вилоятида ўтказилган туркиялик мутахассислар иштирокидаги тиббий кўрикдан ўтказилди. Ўша ернинг ўзида болаларнинг 7 нафарида жарроҳлик операцияси ўтказилди.
Фонд ҳар йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда "Саломатлик" поезди ташкил этди. Бунда шифокорлар бригадалари таркибига мамлакатимиз етакчи клиникаларининг ташхис қўйиш ва даволаш билан шуғулланадиган турли соҳа мутахассислари киритилган бўлиб, улар аҳолига тиббий маслаҳатлар бериб, даволаш ва профилактик ёрдам кўрсатмоқда.
- Жамғарма томонидан хайрия фаолиятига ҳам катта эътибор қаратилади, - дейди Лола Хўжамбердиева. - Меҳрибонлик уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, ногирон болалар, серфарзанд ва кам таъминланган оилаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Умуман олганда, фонднинг асосий мақсади соғлом авлодни вояга етказиш, тарбиялашда ўз зиммасидаги вазифани юксак суръатда давом эттиришдир.
Шоҳиста БОЗОРОВА