Меню

Қашқадарё

04.02.2020 2277

ЭҲТИРОМ ВА МУҲАББАТ ИФОДАСИ

Қашқадарё навоийшунослари

Халқимиз доимо фахр ва ифтихор туядиган фарзандларидан бири, шубҳасиз Алишер Навоийдир. Ўзбек адабиёти унинг туфайли жаҳон адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўша олган. Буюк шоир номи эса жаҳон адабиёти дарғалари сафида тилга олинади ва Мир Алишер бутун башарият шоири саналади. Бинобарин, академик Николай Конрад Навоий ижодига Ўрта Шарқ ренессансининг энг муҳим ҳалқаларидан бири, деб баҳо берганлиги ҳам бу эътирофнинг ҳаётий эканлигига далолатдир.

Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида нафақат юртимизда, балки чет элларда ҳам кўплаб диссертациялар, илмий мақолалар ёзилган, насрий ва назмий, тасвирий ва ҳайкалтарошлик асарлари яратилган. 

Агар мозийга - мавлоно Мир Алишер Навоий даврига мурожаат этсак, сўз мулкининг султонига замондош, буюк шоир билан ёнма-ён ижод қилган, адабий суҳбатларидан баҳраманд бўлган насафлик ва кешлик қалам аҳлларини ҳам учратамиз. Шаҳрисабзлик Абулбарака Фироқий, қаршилик Мир Қарший Хатоий, Мавлоно Соилий шулар жумласидандир. Ҳазрат Навоий бу шоирлар ижодидан бохабар бўлган, уларнинг ижод намуналари, ғазаллари ҳақида ўзининг "Мажолис ун-нафоис" асарида илиқ фикрлар билдирган. "Насойим ул-муҳаббат" асарида эса Қашқа воҳасидан етишиб чиққан Абу Туроб Нахшабий, Абул Муъин ан-Насафий, Нажмиддин Ҳафс Умар ан-Насафий, Абул Барокот ан-Насафий, шунингдек, Катта Лангар ва Кеш шайхлари ҳақида маълумотлар берган.

- Мир Алишер Навоий ўз асарларини имкон қадар Туркистон билан боғлашга ҳаракат қилган, - деган эди профессор Бегали Қосимов.      - "Сабъаи сайёр" асарида эса Шаҳрисабзга бутун бир ҳикояни бағишлайди. Кешни дунёнинг энг қадимги тарихи билан боғлайди. Шу билан бу юрт инсониятнинг энг қадим масканларидан бири эканлигига ишора қилади.

Насаф ва Кешдан жуда кўп моҳир хаттотлар етишиб чиққан. Улар орасида буюк шоир асарларини кўчиришга иштиёқманд ҳуснихат эгалари ҳам кўп бўлиб, Навоий қаламига мансуб ғазалу достонлар, тарихий асарларнинг халқимиз хонадонларига кириб бориши, китоб жавонларидан ўрин олишига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Хусусан, қаршилик Мирзо Абдулқодир Насафий шоирнинг "Лисон ут-тайр", "Маҳбуб ул-қулуб" асарини бир неча нусхада кўчириб, китобат қилган бўлса, шаҳрисабзлик хаттотлардан Мирзо Юнус Шаҳрисабзий, Ёрмуҳаммад Қори Шаҳрисабзий, Муҳаммад Юсуф Шаҳрисабзий, Муҳаммад Латиф Шаҳрисабзий Навоийнинг "Хамса", "Чор девон", "Хазойин ул-маоний", "Тарихи мулуки ажам" каби асарларини настаълиқ, шикаста, насх хатларида маҳорат билан кўчириб, шоир ижоди мухлисларига туҳфа қилганлар.

Ўтган асрларда қашқадарёлик хаттотлар томонидан Навоий асарларини кўчириш, китобат қилишдаги хайрли ишлар давоми ХХ аср ва ҳозирги давримизда буюк бобокалонимиз серқирра фаолияти ва ижодини, фалсафасини, эстетик оламини ўрганиш ва оммалаштириш бобидаги кенг кўламли ишларда ўз ифодасини топмоқда.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, санъатшунослик фанлари доктори Муҳсин Қодиров (1932-2016 йиллар, Шаҳрисабз) воҳамиз олимларининг кекса авлодига мансуб бўлиб, томоша санъатлари (театр, рақс санъати, халқ цирки, майдон томошалари, байрамлар) бўйича йирик мутахассис эди. Шу билан бирга, у шоир ижодининг шу вақтгача жиддий ўрганилмаган томони - Навоий ва санъат муаммоси устида ҳам чуқур тадқиқотлар олиб борди.

"Навоий ва санъат деганда, аввало унинг даврида Хуросон ва Мовароуннаҳрда вужудга келган меъморлик, наққошлик, хаттотлик, амалий санъат, мусиқа, рақс, томоша санъати кўз олдимизга келади", деб ёзган эди олим. Чунки шоир санъат аҳлига бевосита раҳнамолик ва мураббийлик қилиб, санъатнинг қарийб барча турлари ривожига катта  улуш қўшган. Шунингдек, Навоийнинг ўзи  рассомлик ва меъморликдан яхши хабардор бўлиб, забардаст созанда, бастакор, мусиқа илмини мукаммал эгаллаган маҳорат соҳиби ҳам эди.

Муҳсин Қодиров шоирнинг санъат билан боғлиқ фаолиятини ўрганиб, "Марварид доналари", "Хамса" ва санъат", "Лайли ва Мажнун" саҳнада", "Алишер Навоий: тасаввуф ва саҳна санъати" каби ўнга яқин илмий мақолалар ёзган.

Филология фанлари доктори, профессор Бегали Қосимов (1941-2004 йиллар, Касби)нинг илмий фаолияти кўпроқ жадид адабиёти билан боғлиқ бўлса ҳам "Иккинчи минг йиллик даҳоси - Навоий" туркуми остида ўқишли мақолалар ёзиб, навоийшуносликка ўз ҳиссасини қўшган забардаст олимларимиздан бири эди.

- Миллатнинг равнақ-камолини, шаъни-шарафини таъмин этувчи истеъдодларни тарбиялаш, уларга ҳомийлик қилиш улуғ ишдир, - деб ёзган эди таниқли адабиётшунос Алишер Навоий ҳақида. - Бироқ, барча буюк санъаткорлар каби Навоий ҳам бу билан чекланмади. Элнинг, жамиятнинг мураббийи даражасига кўтарилди. Асарлари билан бутун-бутун авлодларни инсонларни яшашга ўргатди. Инсоният фарзанди бўлиб тарихга кирди.

Алишер Навоийнинг "Хамса"си улкан қамровли умуминсоний поэтик тафаккур маҳсули ҳисобланади. Беш достондан иборат бу асар нафақат ўзбек миллий адабиёти, балки жаҳон адабиётини ҳам юксак бадиий кўламга олиб чиқди. Ҳозир Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида талабаларга сабоқ бераётган Узоқ Жўрақулов (Касби) узоқ йиллар Навоийнинг шоҳ асари - "Хамса"да замон-макон бадиияти мавзусида илмий тадқиқот ишларини олиб борди. Шунинг натижасида "Хамса"нинг мустақил жанр, оригинал сюжет, мукаммал образ тизимига эга универсал поэтик ҳодиса эканлиги ҳақида якуний хулосага келди. 2017 йил охирида ушбу диссертацияни илмий кенгашда муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари доктори илмий даражасини олди.

Шу университет профессори Нурбой Жабборов (Деҳқонобод)нинг илмий фаолиятида ҳам Алишер Навоий мавзуси кенг ўрин олган. Таниқли олим "Алишер Навоий ва ислом маърифати" мавзуси бўйича туркум тадқиқотлар олиб бормоқда. Бу соҳада "Шоир эътиқоди ва дунёқарашига янгича қарашлар", "Арбаъин", "Сирож ул-муслимийн", "Муножот" асарлари, шунингдек, "Алишер Навоий лирикаси ва достонларида Қуръони карим оятлари, ҳадислар" номли илмий мақолалар эълон қилди.

Филология фанлари номзоди, матншунос олим Манзар Абдулхайров (Шаҳрисабз) Алишер Навоийнинг 20 жилдлик асарларидаги сўз ва ибораларни шоирнинг 4 жилдлик изоҳли луғатига қиёслаб чиқди. Натижада Навоий асарларидаги 5 мингдан ортиқ сўз ва иборалар изоҳли луғатга кирмай қолганлиги аниқланиб, монографик тарзда      тадқиқ этилди. Янги аниқланган сўз ва иборалар текстологик жиҳатдан чуқур ўрганилди. Бу эса Навоий ижодига оид матншунослик соҳасида қилинган ишлар мазмунини тўлдиришга хизмат қилди.

Адабиётшунос Файзулла Набиевнинг (Шаҳрисабз, марҳум) филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун қилган тадқиқотлари "Алишер Навоий ижодида табиат тасвири ва қаҳрамонларнинг руҳий олами" мавзусида бўлган. Унда шоирнинг табиат тасвиридаги маҳорати ва қаҳрамонлар руҳияти "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун" достонлари мисолида очиб берилди.

Шоир ва таржимон Носир Муҳаммаднинг (Яккабоғ, марҳум) 2000 йилда "Анқони маҳрам қилдингиз" рисоласи чоп этилган. Унда ижодкорнинг Навоий асарлари мутолааси жараёнида туғилган фикру мулоҳазалари, ўзига хос хулосалари ўрин олган. Рисолада муаллиф Навоий ижодининг сўфиёна моҳияти, рангу рамзлари, уларда учровчи афсонавий қушлар борасидаги қарашлар, "Насойим ул-муҳаббат" асаридан тўпланган пурмаъно ҳикматлар ва "Девони Фоний"дан қилинган таржималарга кенг ўрин берган.

Қарши давлат университети профессори, филология фанлари доктори Нафас Шодмонов (Ғузор) мамлакатимизда Алишер Навоий ижодий фаолиятига бағишлаб ўтказилаётган илмий-амалий конференцияларда ўз маърузалари билан мунтазам қатнашиб келмоқда. Олимнинг "Алишер Навоийнинг "Хамса"си ва унинг Шарқ адабиётидаги улкан мавқеи", "Мантиқ ут-тайр" ва "Лисон ут-тайр" асарларида тавҳид талқини", "Навоий ижодида ҳаким образи", "Азизиддин Насафий ва Навоий" мавзуларидаги чиқишлари юқори баҳоланади.

1999 йилда нашр этилган "Алишер Навоий сабоғи" тўпламидан шу университет профессор-ўқитувчиларининг айни мавзудаги энг сара мақолалари жой олди. Тўпламнинг биринчи қисмида Навоийнинг ижтимоий-маърифий, адабиёт, мусиқа, тилшунослик, маданиятшунослик борасидаги қарашлари таҳлил қилинган. Иккинчи қисмда шоирнинг адабий меросидан таълим-тарбия жараёнида фойдаланиш тажрибалари, учинчи қисмида эса Навоий меросини ўрганиш масалалари баён этилган.

Шаҳрисабзлик олим, филология фанлари номзоди Сайфиддин Рафиддинов (Сайфиддин Сайфуллоҳ) 1987 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси фанлар академиясида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида у мумтоз адабиётимиз вакиллари ҳақида бир неча китоблар ёзиб нашр эттирди. Араб, форс, турк тилларидан тасаввуф намояндалари қаламига мансуб асарларни таржима қилди. Олимнинг, айниқса, Алишер Навоий бадиий меросини оммалаштиришдаги хизматларини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. Буюк шоиримиз тўла асарлари тўпламининг 1, 3, 5, 7, 8, 9, 10 жилдларига кирган "Ғаройиб ус-сиғар", "Бадоеъ ул-васат", "Девони Фоний", "Садди Искандарий", "Маҳбуб ул-қулуб", "Насойим ул-муҳаббат", "Тарихи анбиё ва ҳукамо" асарларини сўзбоши, изоҳлар билан   нашрга тайёрлади. Шоирнинг "Ситтаи зарурия" асарини китоб ҳолида чоп эттирди. Бугунги кунда Сайфиддин Сайфуллоҳ Алишер Навоийнинг мукаммал энциклопедиясини яратиш лойиҳаси учун бир қатор илмий мақолалар устида ишламоқда.

Алишер Навоий ижодини ўрганиб, унинг мисоли уммондек меросидан гавҳарлар излаб, уларни буюк бобокалонимиз ижоди мухлислари - халқимизга етказишдек хайрли ишга бел боғлаган қашқадарёлик навоийшуносларнинг камина қисқа баён этган диққатга сазовор ишлари уларнинг даҳо шоиримизга муҳаббати ва садоқатининг ифодасидир.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!