Меню

Қашқадарё

26.08.2022 2898

ЭЪТИРОФ, РАҒБАТ ВА МУНОСАБАТ

Миллий форум

2022/2023 ўқув йили олдидан вилоят халқ таълими тизими ўқитувчилари иштирокида Устозлар миллий форуми ўтказилди.

Форумнинг ялпи йиғилиши Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўз олиб, бугунги кунда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар моҳияти, устоз-мураббийларнинг жамиятдаги ўрни, обрў-эътиборини янада юксалтириш борасидаги хайрли ишларнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталди.

Тадбирнинг асосий иштирокчилари – 2021/2022 ўқув йили давомида юқори натижаларга эришган, ўқувчилари халқаро ва республика фан олимпиадаларида энг яхши ўринларни эгаллаган, битирувчилари олий таълим муассасаларига энг кўп қабул қилинган мактаблар директорлари, илғор иш тажрибалари республикада оммалашган ижодкор, тажрибали муаллимлар ва методистлар қимматбаҳо совғалар ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

- Бугунги ютуқларимиз фидойи устозлар, муаллимларнинг меҳнати ва заҳмати самарасидир, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлими бошлиғи Севин Очилов. – Якунланган ўқув йилида вилоятимиз бўйича 11-синфни тамомлаган ўқувчилардан 961 нафари олтин медаль (аъло даражали аттестат), 221 нафари эса кумуш медаль билан тақдирланди. 608 нафар ўқувчи муддатидан олдин талаба бўлиш имконини қўлга киритди. Бундан ташқари, 9-синф битирувчиларининг 2797 нафарига аъло даражали шаҳодатнома берилди.

Устозлар миллий форуми давомида таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўзаро фикрлашиб олинди. Педагоглар бир-бирлари билан ўзаро тажриба алмашдилар. Бир сўз билан айтганда, тадбир янги ўқув йили бошланиши арафасида изланувчан, ижодкор ва фидойи ўқитувчиларга катта куч ва ишонч бахш этди.

Абдураззоқ ДАВРОН

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!