Меню
Қашқадарё
ЭҲТИЁЖНИ АНИҚЛАШ - ДАСТЛАБКИ МУВАФФАҚИЯТ
Дарҳақиқат, кенг қамровли фаолият олиб боришни бугун даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Ушбу талабни тўғри тушунган ишбилармонлар фурсатдан унумли фойдаланишга, қўшимча ресурсларни ишга солишга ҳаракат қилмоқда. Нишон туманидаги “Нишон голд” хусусий корхонаси ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Бизнесга 4 йил аввал кириб келган мазкур тадбиркорлик субъекти дастлаб хизмат кўрсатиш соҳасида ўз омадини синаб кўрди. Эришилган ютуқлар тадбиркорни янги йўналишга қўл уришга ундади.
- Ички бозорда трикотаж буюмлари савдоси авжида, бу эҳтиёжнинг бир қисми эса импорт ҳисобига қопланаяпти, - дейди корхона раҳбари Баҳром Муродов. – Яъни ҳудудимизда ҳозирча бу йўналишда ишлаб чиқарувчи кам. Хомашёни топиш ҳам қийинчилик туғдирмайди. Шуни эътиборга олиб тикувчилик соҳасига сармоя йўналтирдик. Тижорат банкидан қарийб 300 миллион сўм кредит олган бўлсак, бунга ўз маблағимизни ҳам қўшдик. Ер олиб, замонавий тикув цехи қурдик, тикув дастгоҳлари харид қилдик. Ўтган йилнинг иккинчи ярмидан лойиҳамизни тўлиқ ишга туширдик. Ҳозирча 20 нафар ишчи билан фаолият олиб бораяпмиз.
Тадбиркорнинг билдиришича, ҳозирги кунда асосий талаб футболка, майка, ёқали кўйлак каби тикувчилик маҳсулотларига бўлаяпти. Бундан ташқари, ишбилармон чиқараётган маҳсулот воситачи орқали хориж мамлакатига экспорт қилинаяпти. Келгусида мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланиш, трикотаж буюмларининг янги турини ўзлаштириш, шу орқали ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини ошириш мақсад қилинган.
М.ШУҲРАТОВ