Меню

Қашқадарё

29.07.2020 1712

Эҳтиёжманд оилаларга Нишонда товуқ, Деҳқонободда эчки ва қуён тарқатилди

Карантин кўплаб оилалар даромадига таъсир этгани, айримларини эса қийин аҳволга солиб қўйгани бор гап. Шунинг учун кейинги вақтларда ёрдам кўрсатиладиган оилалар қайд этилган “темир дафтар”, ўзини ўзи банд қилиш, камбағалликни қисқартириш ҳақида кўп гапирилаяпти.

Хусусан, Нишон туманида ҳам пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит асосида 5 минг 400 бош товуқ берилиб, озуқа еми билан бирга, алоҳида ветеринар ҳам ажратилган.

Деҳқонободда эса туман прокуратураси ташаббуси билан эҳтиёжманд оилаларга эчки берилди. Арзонлаштирилган нархда ёки имтиёзли кредитга эмас, текинга – совға тариқасида.

“Пандемия даврида даромадини йўқотиб, эҳтиёжманд оила сифатида “темир дафтар”га киритилган 25 та оилага ҳомийлар ҳисобидан 50 бош ҳисори эчки тарқатдик, оз бўлса-да, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мақсадида амалга ошираётган ишларимизни давом эттирамиз”, дейди туман прокурори Лазиз Ҳамраев.

Эътиборлиси, аввалроқ туман ҳокими Зоир Алиқулов бошчилигида бир кунда 37 бош қўй ва ҳўкиз сўйилиб, “Саховат ва кўмак” хайрия карвони сифатида қишлоқларга юборилган эди.

Қолаверса, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда ҳокимлик ташаббуси билан туманнинг Бешбулоқ, Тоғайтемир ва Оқиртма маҳалласида яшовчи эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бирига етти донадан қуён берилган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!