Меню

Қашқадарё

30.03.2017 2180

ЭЪТИҚОД МУСАФФОЛИГИНИ САҚЛАШНИНГ АСОСИЙ ШАРТЛАРИ

Ислом дини эса доимо инсонларни тинчликка, ўзаро тотувликка чорлайди. Кишилар орасида меҳр-муҳаббат, иззат-ҳурматнинг вужудга келишини тарғиб этади. Ислом дини замон билан ҳамоҳанг, чин инсоний туйғуларга мос келадиган диндир.

Ақида исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан, катта саҳобийлар вақтидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеъинлар даврига келиб  ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда исломдаги илк  тоифалар бўлмиш мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар   тарқалиб бўлганди. Бундан   ташқари, динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар вазифаларини муносиб бажардилар.

Маълумки, динга эътиқод ва ишонч мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг    натижаси залолатдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, Сўфи Оллоёр ҳазратлари: “Ақида билмаган шайтона элдир, агар минг йил амал деб қилса елдир”, дея бежиз таъкидламаган.

Бугунги кунда ҳам ислом ниқобига бурканиб олган баъзи оқимлар ўзларининг хатарли ғоялари билан мусулмонлар орасини бузиб, уларни обрўсизлантиришга уринмоқда. Хўш, бундай бузуқ ақидадаги оқимларга қарши туриш ва курашиш учун нималарга эътибор қаратишимиз керак?

Биринчидан, динимизни ўрганишда солиҳ мусулмон аждодлар изидан боришимиз зарур. Диний масалаларни кўрингандан ўрганавермай, маълум сифатларга эга бўлган уламо зотлардан ўрганишимиз керак. Демакки,  биз динни ўрганадиган кишилар иймон-эътиқодда собит, жамият ва халқ ичидаги ишончли кишилар бўлиб, у одам ўзидан олдинги олимлардан устоз тутган ва ҳар бир илмда ундан ижозат олган бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш зарур. Уларни қаровсиз қолдириб, тарбиясини бошқаларга ишониб топширмаслик керак. Чунки бунинг оқибати ҳар доим ҳам яхшилик билан тугамаслиги аён ҳақиқат. Охирги йилларда ёшларимизнинг соддалиги, динга бўлган қизиқиши, саводини оширишга бўлган интилишларидан ўз ғаразли мақсадларида фойдаланмоқчи бўлганлар кўп бўлди. Зеро, ҳадиси шарифда “Мўмин одам ўзини бир ковакдан икки марта (илон чиқиб) чақишига йўл қўймайди”, дейилади. Халқимизда “Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади”, деган нақл ҳам бор. Демак, кўзимизни эртароқ очишимиз, огоҳ бўлиб, бизни алдашларига йўл қўймаслигимиз даркор.

Учинчидан, турли тоифа, фирқа ва йўналишлардан эҳтиёт бўлиш керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эшитган гапини (текширмасдан) бошқаларга етказиш кишининг каззоблиги (ёлғончилиги)га етарли далилдир”, деганлар. Демак, кимнингдир ғояларини текшириб кўрмай, унга эргашиб кетавериш динимизга зид, бундай ишлар фирқаланиш ва фитнага олиб келади.

Тўртинчидан, кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни  янада мустаҳкамлаш лозим. Айтишадики, бармоқлар бирлашсагина, кучли муштга айланади. Асл ўғлонларнинг меҳнаткаш қўллари, хайрли амалларигина Ватаннинг қаддини тик қилади. Ватан – илдиз, уни кўкартирувчи тупроқ, қуёш, сув эса халқ бирлиги, якдиллиги. Бу йўлда турли миллат вакилларининг олий руҳий, ахлоқий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш мақсадида 1998 йилнинг 1 майида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Унда ўз ифодасини топган бағрикенглик ғояси жамият аъзоларининг Ватан манфаати йўлидаги якдиллиги, ҳамкор ва ҳамфикрлигини назарда тутади ҳамда тинчлик, барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Узоқ тарихдан илдиз олган ва бугунгача ўз моҳияти, аҳамиятини заррача йўқотмаган бу тамойил миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми, десак муболаға бўлмайди.

Бешинчидан, Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш   энг олий бурчимизга айланмоғи даркор. Исломнинг соф ақидасига зид, ўтмиш уламолар меросига мувофиқ бўлмаган, мусулмонлар орасида фитна ва бўлинишга олиб келадиган ҳар қандай янгилик ва бидъатларга чек қўйиш лозим. Зеро, ҳадиси шарифдаги: “(Диндаги) ҳар қандай янгилик бидъат, ҳар бир бидъат - залолат, ҳар бир залолат эса дўзахдадир”, дейилганида ҳам диний ишларга киритиладиган ўзгартиришлар назарда тутилган.

Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизнинг билимли ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари учун уларга шундай тарбия берайликки, улар ота-боболарига, тарихига, Ватанига, она тилига, миллий сиймоларига ҳамда муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ қолишсин.

Демак, барчамиз юртимиз тараққиёти ва ободлиги бундан-да зиёда бўлиши учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Хайрли амалларни кўпроқ бажарайликки, Ватанимиз қадди юксакларга бўй чўзсин, Ватан бир илдизки, унинг тобора чуқурлашиб бориши халқимизнинг жипслиги ва якдиллигига боғлиқ. Муҳими, Аллоҳ барчамизни соф исломий ақидадан адаштирмасин.

Ўткир ҒУЗАРОВ, Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!