Меню
Қашқадарё
Эътиқод
Бир куни унга “ўғри” деб туҳмат қилишганида, энди ота-онаси ўзини ёмон кўриб қолишидан қўрқиб кетди. Йиғлади.
Ота-онасига айбсиз эканини айтгиси, уларни жуда кўргиси келди.
Қизалоқ уларни бирор марта кўрмаганди...
“Самимият”
- Мени қанчалар дилдан севасан-а! – деди аёл ошиғи совға қилаётган қимматбаҳо узукка ҳайрат билан тикилиб.
- Бўлмасам-чи, сен учун ҳар қандай машаққатга тайёрман! – жилмайди ошиғи ва ўғирланган узукни маҳбубасининг бармоғига тақиб қўйди.
Аёл узукдан кўз узолмасди.
Бегоналик
- Майли-майли… Бугун яхши таассурот қолдирсам, ишларим юришади! Қизил костюмим савлатли кўрсатаётгандир-а?
- Айтганча, эртага синглимнинг туғилган куни. Буни унутмагандирсиз?
- Эртага жумами? Палакат! Саҳарлаб қишлоққа боришим керак!..
…Жуфтлик бир соябон остида ҳўл йўлак бўйлаб кетиб борарди.
Фарзандлар
Бобонинг уч ўғли гаплашиб келишарди: отасининг қишлоққа нафи кўп теккан – ҳамма томларни ўзи ёпган эди.
Бобонинг уч ўғли мақтаниб келишарди: отасининг давлатга ҳам нафи кўп теккан – уч ўғли уч мансабда!
Бобонинг уч ўғли мақтаниб келишарди: отасидай мулойим одам йўқ – 80 га кириб бировнинг кўнглини оғритмабди-я…
Бобонинг уч ўғли… отасининг жанозасига уч кун кеч қолганини ҳали билишмасди...
Муҳаббат
- Эсингдами, ёшлигимизда уни севардинг? – сўради эркак.
Аёл жилмайди.
- У бунга лойиқ эди, - деди хўрсиниб.
Эркак аёлнинг кўзларига синчиклаб тикилди.
- Назаримда… туйғуларинг ўзгармаган?
- …
- Истасанг эртага у билан учраштираман.
- Эртага?.. Эртага эримнинг туғилган куни. Ёнида бўлишим керак.
- Дарвоқе, эринг тузукми?
- Иккинчи инсультдан кейин тилдан ҳам қолди.
- Бечора. Юрмаса, гапирмаса…
- Балки индинга?..
- Индинга у кетаяпти.
- Афсус. Унда уни соғинганимни айтиб қўй.
Улар хайрлашишди. Эркак бироз юриб тўхтади, маъюс одимлаб кетаётган аёл томонга тикилиб, инсоннинг кўнгил кечинмалари нечоғли мураккаблиги ҳақида ўйлади.
Ҳаётий аксиома
Севишганлар бу ўзларининг сўнгги учрашуви эканини билишарди.
- Мендан нафратланаётган бўлсангиз керак? – деди қиз.
- Совчиларимни ўша қариндошингдан олдинроқ жўнатсам бундай бўлмасди, айб ўзимда… – деди йигит.
- Мени кечиринг…
- Алвидо!
Улар ортга қарамасдан юриб кетишаркан, йигит ўзига-ўзи “ҳали ундан яхшироғини топиб оламан!” дея далда берарди.
“У каби ажойиб инсон ортиқ ҳаётимда бўлмаса керак”, йиғлаб борарди қиз…
Аслида ҳам шундай! Баъзан “ундан аълороғини топаман!” деймизу унга ўхшашини тополмай умр бўйи азобланамиз. “Ундай инсон бошқа учрамаса керак” деймизу тақдир бизга ундан-да ажойиброқ инсонни рўбарў қилишини билмаймиз.
Байрам АЛИ