Меню

Қашқадарё

09.04.2024 6617

Эҳсон соҳиби ўлди, аммо унинг эҳсони ўлгани йўқ...

Сараланган сатрлар

Раҳмат ва мағфират фурсати бўлмиш Рамазон ойи якунига етаркан, кимлардир ой давомида ҳосил бўлган, ўрганилган кўникмаларини тарк этмайди: еб-ичишга муккасидан кетмайди, тақвода собитқадам, яхшиликларда бардавом, ёмонликлардан узоқда бўлади. Яна бир хил кишилар борки, кун санаб, соат санаб, муқаддас ойнинг ғанимат лаҳзаларини увол қилгани етмагандай Рамазон тугаши биланоқ эски одатига қайтади: ароқ ичиб, сигарет-нос чекиб, ёмон ишларини қандай давом эттираётганини билмай ҳам қолади. Уламоларнинг таъкидлашича, Рамазон рўзаси қабул бўлганининг белгиси шунда эканки, киши кейинги ойларда ҳам тақвода, эзгу ишларда бардавом бўларкан...

Шундай экан, фақат Рамазонда эмас, йил бўйи, умр бўйи яхши ИНСОН бўлишга ҳаракат қилиш даркор.

Бу борада йўлчи юлдуз вазифасини ўтайдиган асарлар ҳам бисёрки, кўплари Жалолиддин Румий қаламига мансубдир. Қуйида Румийнинг инсоннинг ўзини таниш, тўғри йўлдан оғмаслик борасидаги фикрларини улашарканмиз, барчага наф келтиришига ишончимиз тўкис.

*  *  *

Аллоҳдан одобга муваффақ бўлишни тилайлик. Одоби бўлмаган киши Аллоҳнинг лутфидан маҳрумдир. Одоби бўлмаган фақат ўзигагина ёмонлик қилиб қолмайди. Балки бутун дунёни бесаранжом қилади.

*  *  *

Бирор кишининг "Фалон одамнинг табиати, феъл-атвори ёмон" деб шикоят қилганини кўрсанг, билки, бу шикоятнинг талаби ёмондир, ёмондирки, ёмон табиатлининг ёмонлигини айтаяпти! Чунки яхши табиатли инсон ёмон табиатли, феъл-атворли кишиларга сабр қилади, уларнинг ёмонлигини айтмайди. Фақат шайх бирортанинг ёмонлигини айтса, бу Аллоҳнинг амри биландир, ғазаб ёки ҳою ҳавасга эргашишдан эмас! Унинг шикояти шикоят эмас, ислоҳдир. У шикоят пайғамбарларнинг шикоятига ўхшашдир.

*  *  *

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўзи дунёдан кетиб, яхши иши қолган инсон қандай бахтли" деган эдилар. Эҳсон соҳиби ўлди, аммо унинг эҳсони ўлгани йўқ... Аллоҳ ҳузурида дин ва эҳсон кичик ва аҳамиятсиз нарса эмасдир! Ўзи ўлиб, исёни қолган кишининг ҳолига вой! "Ўлди-ю жонини кутқарди" деб ўйлама асло!

*  *  *

Рўзани тарк этма, сабр қил, ҳар лаҳзада Аллоҳнинг ризқини кут. Чунки амали гўзал Аллоҳ кутганларга туҳфалар беради.

*  *  *

Тегирмон тошининг айланишини кўрдинг, келиб дарёни ҳам кўр. Тупроқни, чангни ҳаволанган ҳолда кўраяпсан, тупроқ орасидаги елни ҳам кўр. Фикр қозонининг қайнаганини кўраяпсан, ақлингни бошингга тўпла-ю оловга назар ташла. Аллоҳ Айюбга эҳсонлар ҳақида гапирар экан: "Мен сенинг ҳар тукингга бир сабр бердим", деди. Ўзингга кел, сабрга маҳлиё бўлма. Сабрни кўрдинг, сабр берганни ҳам кўр. Тегирмоннинг айланишини қачонгача кўрасан? Бошингни бур, шитоб ва жўшқин оқаётган сувни ҳам кўр.

*  *  *

Сабр иймон туфайли бошқаларга тож бўлади. Шунинг учун сабри йўқнинг имони ҳам бўлмайди.

*  *  *

Шошқалоқлик шайтоннинг ҳийласидир, сабр ва тадбир Аллоҳнинг лутфи.

Сабр қилсанг ёмон дўст яхши бўлади. Сабр инсоннинг кўнглини кенгайтиради. Тунда ойнинг сабр қилиши уни ойдинлатади. Атиргулнинг тиканга сабр этиши уни муаттар бўйли қилади. Шернинг қону терга сабр қилиши уни бўталоқларга тўйдиради. Пайғамбарларнинг мункир (инкор этувчи)ларга сабр қилиши уларни Аллоҳнинг хосларига  айлантиради, соҳибқирон қилади. Кимда яхши бир либос кўрсанг билки, уни сабр ва ҳаракат билан қўлга киритгандир.

*  *  *

Садақа берган билан мол камаймайди. Хайр қилиш молни исроф бўлишдан қутқаради.

*  *  *

Беҳудага гап бўлсин ёки ҳикоя деб чақмоқтош билан темирни бир-бирига урма! Зеро атроф зулмат, ҳар томонда пахта. Пахта орасида учқун қандай туради? Золимлар шуларки, кўзларини юмганлар, айтган сўзлари билан бутун оламни куйдирганлар. Бир сўз дунёни абгор қилади, ўлган тулкиларни арслон қилади. Қалблардан парда кўтарилсайди, ҳар жоннинг сўзи Масиҳ каби таъсир қилар эди.

*  *  *

Суҳбат борки, ўткир қиличга ўхшайди, экинни, боғ-роғни қишдек қийратади. Суҳбат борки, баҳор кабидир, ҳар томонни яшнатади, беҳисоб мева беради.

*  *  *

Барча дарёларга сув улашувчи денгиз ҳам ҳар хасни боши устида ташийди. Денгиз шу карами сабабли камаймайди, эҳсони сабабли хўрланмайди.

*  *  *

Эҳтиёткорлик нима? Икки йўл (тадбир) орасида тараддудга тушмасдан қайси сени адаштирмаса шуни қилишдир. Бир киши: "Бу етти кунлик йўлда сув йўқ. Ҳамма томонни товонларни куйдирувчи қум қоплаган", деса, бошқаси: "Бўлмаган гап... бориб кўр, ҳар тунда оқадиган булоқларни кўрасан", деса, қўрқувдан халос бўлиш ва ҳақиқатга етиш учун эҳтиёт юзасидан ёнингга сув олиб, йўлга чиқишинг лозим. Йўлда сув бор бўлса, олиб чиққан сувингни тўк, йўқ бўлса... сувсиз йўлга чиққаннинг ҳоли вой!

*  *  *

Боғбон: "Ниҳол ўссин, мева берсин" деб ортиқча шохларни бутайди. Моҳир боғбон боғнинг яшнаши,  меваларнинг пишишини ўйлаб ўтларни юлади. Маҳбуб оғриқдан, касалликдан қутулиши учун табиб чириган тишни суғуриб ташлайди. Нуқсонларда ҳам фазилатлар бор.

*  *  *

Арслонлардек ўз ўлжангни ўзинг овла. Бегонага ҳам, қариндошга ҳам ялтоқланишни бас қил!

*  *  *

Ғазабни, шаҳватни, ҳирсни тарк этиш мардликдир. Бу Пайғамбарнинг одатларидан.

*  *  *

Бир кишининг қўчқори бор эди. Бўйнига ип боғлаб етаклаб кетаётган эди. Бир ўғри келиб ипни кесди-ю қўчқорни олиб қочди. Бундан хабар топган эгаси:

"Кўчқорни қаерга олиб кетди?" деб ўнгу сўлга югургилай бошлади. Уни кўриб: "Нега фарёд чекаяпсан?" деб сўради. Ўғри: "Қудуққа олтин тўла ҳамёним тушиб кетди. Олиб бера олсанг, олтиннинг бешдан бирини жон деб сенга бераман", деди. Қўчқорнинг эгаси: "Бу нақд ўнта қўчқорнинг пули. Битта эшик ёпилган бўлса, ўнтаси очилди. Битта қўчқор кетган бўлса, Аллоҳ эвазига туя берди", деб кийимларини ечди ва қудуққа тушди. Ўғри унинг кийимларини ҳам олиб қочди.

Йўлни қишлоқ томон бурадиган бир тадбир керак. Акс ҳолда инсонга таъма уруғини келтирган тадбирни тадбир демайдилар. Таъма феъл-атвори фитнадан иборат бўлган ўғридир, аммо хаёл сингари ҳар лаҳзада бошқа шаклга кира олади. Унинг ҳийласини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Аллоҳга интилу у пасткашдан халос бўл!

*  *  *

Бир киши Зайдни бир шапалоқ урди. Зайд ҳам ҳийлага учиб, уни дўппосламоқчи бўлиб ташланганида, урган киши: "Тўхта, сендан бир нарса сўрайман. жавоб бер, кейин мени ураверасан. Бошингга туширганимда "шарақ" этган овоз чиқди. Сенга дўстларча саволим бор: бу овоз менинг қўлимдан чиқдими ёки сенинг бошингдан, эй улуғлар мақтаган улуғ зот?" деди. Зайд жавоб берди: "Оғриқ босилгани йўқ-ку, қандай фикрлай? Сенинг дардинг йўқ, сен ўйлаб тур". Дарди бор одам бундай фикрларни мушоҳада қила олмайди, ўзингга кел!

*  *  *

Нуқсонлар камол васфининг ойнасидир. У хўрлик улуғлик ва юксакликка ойнадир. Чунки яқин зид зидни кўрсатади. Асал сирка билан кўринади. Кимки, ўз нуқсонини кўриб англаса, ихтиёрида тўққиз от бўлса-да, ўзини камолга етказиш йўлида югуради. Ўзини комил санаган улуғлик соҳиби Аллоҳ йўлида уча олмайди.

*  *  *

Икки хил фикр бўлса, кучлироғи афзал кўрилади. Аммо қуёш кўриндими... унинг борлиги ва мунавварлигига шубҳа бўлмайди. Шунда минган нарсаларингизни кўрасиз, англайсизки, фақат оёқларингизга мингансиз... Ваҳима, фикр, туйғу ва тушунчаларни боланинг таёқ оти деб бил!

*  *  *

Ботилларни нима ром этади? Фақат ёлғон! Дангасаларга нима хуш ёқади? Танбаллик! Чунки ҳар жинс ўзига ўхшаганга тортади.

*  *  *

Илон овловчи қаҳрамон қишда илон қидириб юрганида баҳайбат ўлик аждарҳони кўриб қолди. Илон овловчи одамларни ҳайратга солиш учун аждарҳони олиб кетди. Мана сизга одамларнинг билимсизлиги! Морбоз Бағдодга келди. "Бир илон овловчи аждарҳо келтирибди, камдан-кам учрайдиган ҳолат. Қандай овлабди экан?" деб юз минглаб аҳмоқлар тўпландилар, аҳмоқликларидан морбоз каби илонга (аждарҳо)га ем бўлдилар.

*  *  *

Ҳирс инсонни кўр, аҳмоқ қилади, онгсиз ҳолатга келтиради, ўлимни осонлаштиради.

*  *  *

Тақлиддан иборат билим жонимизнинг заволидир, сунъийдир. вақтинчадир. Биз эса "У бизнинг мулкимиз" деб эмин-эркин бўламиз. Бундай оқилликдан жоҳиллик афзал, девоналик яхшироқдир!

*  *  *

Зулм нима? Бир нарсани лойиқ бўлган жойга қўймаслик.

*  *  *

Инсон ҳамма ишни қила олади, аммо унинг яратилишидаги мақсад ибодатдир. "Мен инсонларни, жинларни фақат менга ибодат қилсинлар деб яратдим" оятини ўқисанг-чи. Оламнинг яратилишидаги мақсад ичидаги билимдир, аммо истасанг, унинг ёстиқ бўлиши эмас, билим, фан, иршод ва фойдадир. Қилични михга айлантирсанг, ғалабадан мағлубиятни афзал кўрган бўласан. Инсондан мақсад  илмдир, тўғри йўлни топишдир.

*  *  *

Товус деҳқоннинг уйида яшамаганидек, ҳақиқат илми ҳам ҳар анойининг мулки бўла олмайди!

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!