Меню

Қашқадарё

07.01.2020 1726

"Э, ШОК" ДЕЙДИГАН ОДАМ ЙЎҚ

Ижтимоий тармоқларда

Блог ё телеграм канал, YouTube канал очаман, машҳур бўламан, пул топаман деб чоғланиб юрганларга кичиккина маслаҳат бермоқчиман. Деградацияга учраган, маънавий таназзул чуқурлашган, таълим тизими чўлоқ, оломон кайфиятидаги жамиятда ақлли гаплар билан одам кўпайтира олмайсиз.

Бу оломонга қизиқ бўлган бир нечта мавзуни айтаман. Шу йўналишлардан бирини танласангиз, каналингизда осонгина кўп одам йиғасиз.

1. Шоу-бизнес. Қайси қўшиқчи  бошқаси ҳақида нима деди, қандай кийим кийди, кимга эрга тегди, кимдан ажрашди, кимдан ранжиди ва ҳоказо.

2. "Прикол"шунослик. Латифалар, кулгили видеолар (иложи борича 5 мб.дан ошмаслиги керак. Интернет бизда қиммат), гифчалар ва ҳоказо.

3. Футбол ва спорт. Ҳозир бу йўналишда сайтлар кучли. Рақобат қилиш жуда қийин. UFCни амаллаб тортиб кетиш мумкиндир.

4. Дин. Дин доимо инсонларни қизиқтирган, ўзига жалб қилган. Бу мавзу ўзининг мухлисларига доимо эга. Фақат бу мавзуда ёзишда эҳтиёт бўлиш керак. Илмингиз етмаса, аралашмаган маъқул.

5. Чапараста танқид. Кимни, нимани, қаерда, қачон фарқи йўқ, танқид қилаверасиз. Жуда бўлмаса, битта узр сўраб қутулиб кетаверасиз.

6. Атала жанри. Ҳар соҳадан бериб бораверасиз. Аралаш-қуралаш. Бировлардан ўмариб, манбасини кўрсатмайсиз. Бу борада жуда катта тажрибага эгалар бор. Ўзлари билишади.

7. Ҳайпшунослик. Қайси мавзу трендда бўлса, шу мавзуда босаверасиз. Одамингиз кўпайса, ўзингиз ҳам ҳайп ярата оласиз. Шок хабарчилар шулар бўлади. Ҳамма жой шок-шок. "Э, шок" дейдиган одам йўқ.

8. Йиғлоқи канал. Одамларнинг ҳиссиётларига тегадиган, кўнглини бузадиган, йиғлатишга мосланган ҳикоялар бериб борадиган, айрилиқ, севги-муҳаббат, шунга ўхшаш мавзуларга ихтисослашган канал.

9. Аёллар учун ихтисослашган канал. Бола тарбияси, овқатлар рецептлари, уй безатиш, мода, эрдан қандай пул ундириш ва ҳоказолар.

10. "Крутой бача". "Дерзкий", "кўча боллари", "вор в законе"лар, "понятка"лар ҳақидаги канал. Бу мавзунинг ҳам харидори кўп. Айниқса, ўсмирлар жуда қизиқади. Одам кўпайтириб, "крутой" кийимларни бозор нархидан 5 баравар қимматига сотса ҳам бўлади. "Крутой болла" олаверади. Чунки улар "крутой".

Жиддий, мулоҳаза юритишга, фикрлашга чорлайдиган канал очмоқчи бўлсангиз, унда одам сони сизни қизиқтирмасин. Бунақа тоифа доимо кам бўлган. Шунинг учун юракни сиқманг, кўнгилни кенг қилинг. Умр ўзи бир тутам нарса. Нимага сарфлашни ўзингиз белгилайсиз.

Адҳам АРСЛОНОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!