Меню
Қашқадарё
ДУР ВА ГУЛЛАРИ ЮЛДУЗЛАРДАН РАВШАНРОҚ
Таъкидлаш жоиз, Алишер Навоий даврида туркий шоирларнинг кўпчилиги форс тилида ижод қилар эди. Жуда катта довруқ қозонган, ижодкорлар ичида фақат шу тилда асарлар ёзиш ўзига хос анъанага айланган, ҳар томонлама сайқалланган форс тили қаршисида ишлов берилмаган, шеърхонлик оқшомларида қўлланмайдиган туркий тил шоирларнинг кўзига шеъриятдек нозик санъатга яроқсизга ўхшаб кўринар, том маънода авом тилига айланиб қолганди.
Алишер Навоий эса шундай мураккаб даврда туркий тил мавқеини тиклаш масаласида беқиёс жасорат кўрсатди. Форс тилига ҳурматини сақлаб қолган ҳолда, туркий тилнинг афзалликларини ҳам назарий, ҳам амалий томондан кўрсатиб бера олди.
У ўзининг "Муҳокамат ул-луғатайн" асарида бу ҳақда ёзар экан, ўзи ҳам ёзишни форс тилида бошлагани, аммо тушуниш ёшига етиб, туркий тил ҳақида фикр юритиш эҳтиёжи туғилгач, унинг кўз ўнгида зебу зийнатлари сон-саноқсиз ўн саккиз минг оламдан ортиқ олам намоён бўлганини таъкидлайди. Фазилат ва етукликда чек-чегараси бўлмаган тўққиз фалакдан ортиқ фалак кўргани, дур ва гуллари юлдузлардан равшанроқ хазина ва гулшан учратгани, аммо бу оламга ҳеч кимнинг қадами етмагани ва қўли тегмагани ҳақида ёзади. Шунингдек, туркий тилни форс тили билан қиёслаш асосида туркий тил бой экани ва бу тилда ҳам бадиий асарлар яратиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини амалда исботлаб берган.
Ана шундай имкониятлардан бири туркий тилдаги ёзилиши бир хил сўзларнинг икки хил маъно англатиши, яъни омонимлик ҳодисасидир. Навоий ана шу шаклдош сўзлар воситасида тажнис санъатини юзага келтиради ва у орқали адабиётда туюқ жанрини яратади. Форс-тожик тилида эса бундай имконият йўқ. Шунинг учун форс шеъриятида туюқ жанри ҳам бўлмаган.
Қолаверса, Мир Алишер Навоий туркий тилнинг афзаллик жиҳатларини назарий томонлама исботлаб бериш билан бир қаторда, ўзининг бу тилда ёзилган ўлмас асарлари орқали унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди. Жумладан, 1470-йилларнинг охирларида у ўзининг туркий тилда ёзган шеърларидан иборат илк девони - "Бадоеъ ул-бидоя" ("Бадиийлик ибтидоси")ни тузди. Мазкур девонда 777 ғазал, 85 рубоий, 52 муаммо, 46 қитъа, 53 фард, 10 туюқ, 10 луғз, 3 мустазод, 5 мухаммас, 3 таржеъбанд, 2 мусаддас бўлиб, туркий тилда бундай мукаммал девон тузишни Навоийга қадар бирор-бир ижодкор уддалай олмаган эди. 1480-йилларнинг охирида эса туркий тилда ёзилган шеърлари асосида яна бир девон - "Наводир ун-ниҳоя" ("Беҳад нодирликлар")ни ҳам тузади.
Шоирнинг беш достондан иборат "Хамса" асари эса туркий тилнинг бойлиги ва бетакрор гўзаллигига ҳеч қандай шак-шубҳа қолдирмади. Боиси, Навоийнинг "Хамса"си мазкур жанрда яратилган туркий тилдаги биринчи асар ҳисобланади. Сўз мулкининг султони туркий тилда ҳам бу каби йирик кўламдаги асар яратилиши мумкинлигини исботлаб берди.
Ҳа, Навоий "Турк назмида чу тортиб мен алам, Айладим ул мамлакатни якқалам", деб ёзганида минг бора ҳақ эди. Чунки, Навоийдан сўнг туркий халқлар орасида бу тилнинг шуҳрати ниҳоятда ортиб кетди. Ҳатто ўзга мамлакатларда ҳам туркийча ёзмоқни ҳавас қилгувчилар сони кенгайиб борди. Шу жиҳатдан олганда, Алишер Навоий, унинг ижоди ҳозирги адабий тилимиз шаклланишида замин ва таянч манба бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Жавлон ИБРАГИМОВ,
Паҳлавон ЖЎРАЕВ,
Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчилари