Меню
Қашқадарё
ДУНЁСИДА ҚУЛЛУҚ БОР ЭКАН, ҚУЛЛИК ТО ҚИЁМАТГА ДОВУР...
Сараланган сатрлар
"Демократия мукаммал бошқарув эмас, бироқ инсоният бундан яхшироғини ўйлаб топгани йўқ", деган эди Уинстон Черчилль. Дарҳақиқат, 1991 йилда совет истибдодидан қутулиб, мустақиллик сари қадам қўярканмиз, юртимизда демократия, эркинлари шабадалари эса бошлади. Албатта, истиқлолга, озод ҳаётга ҳеч нарса тенг келмайди. Аммо тан олайлик: одамлар жудаям бахтли бўлиб кета олмадилар. Тўғри, давлат ҳали тетапоя қилаётган боладек эди, бинобарин, иқтисодий қийинчилик, айрим муаммолар бўлиши табиий. Аммо қоғозбозлик, отангга бор - онангга бор, қабилидаги тутум, баъзи идораларга ҳаддан ортиқ ваколат бериб юборилгани ва бу зўрларнинг ожизлар устидан ҳукмронлигига сабаб бўлгани, диний қизиқишлар туфайли бўлган босим, қама-қамалар, кимлардир жуда бойиб, айримлар ўта қашшоқлашиб кетгани, ишга яраша маош тўланмагани, қолаверса, маош тўланадиган иш йўқлиги, ризқ излаб, кўплаб юртдошларимиз хорижга чиқиб кетгани ва у ерда минг машаққат билан йиғиб-тергани... каби ҳолатлар йўқ эди, деёлмаймиз.
Ёзувчи Нортўхта Қилич "Туҳмат" асарида шу давр воқелигини қаламга олади. Ваколатли идоралар "ташаббуси" билан уюштирилган туҳмат тадбиркор ва унинг оиласи бошига қанча кулфатлар келтирганини ўқиб, чуқур ўйга толади киши. Ваҳоланки, ҳеч қайсиси бегона эмас бизга: табиийки, барчамиз жараёнлар иштирокчиси бўлганмиз, кўрганмиз, ҳис этганмиз. Бир хулоса шуки, бундан буёғига у хатолар такрорланмаслиги керак! Одам борки, бахтга интилади, уни чеклаш, бўғишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Қуйида "Туҳмат"дан саралаган лавҳаларимиз сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деб ўйлаймиз.
* * *
Мустақиллик - тенглик, барча ўзига тўқу, ҳеч ким ҳеч кимга муттаҳам эмас, дегани эмасми?.. Агар биров бировга қарам ё муттаҳам бўлса ёки бугунидан эртасининг қайғуси янаям дардлироқ кечса... кечаверса... Ёки, дейлик, эл қатори кун кўрмоғи учун бир бурда нонию бир ютум ҳавоси етарли бўлсаю, лекин роҳат-фароғат масаласида имкону ихтиёри бўлмаса-чи?.. Масалан, зувиллаб айланаётган чархпалакдаги олмахондай: ўз-ўзича тўхтаёлмайди; мабодо тўхтаса - тамом!..
* * *
Дунё ғалваларининг уяси - АҚШ деганимиз... дунёсининг ҳали у-ҳали бу мамлакатида тинмай қирғинбаротни авж олдираётгани... Бола-бақраю қари-қартангларни аямай қираётгани... Яъни, арава синса - ўтин, от ўлса - гўшт!..
* * *
Халқ дейдики, ўлма, эшагим, баҳорга етсанг, шўра ейсан.
* * *
Ўйлай-ўйлай, ота-она, эрта баҳорда Россияга жўнабди: нима қилсин, бечоралар, борган сари мамлакатда иш қаҳат; дунёсининг энг қашшоқ мамлакатларидаги каби кун-кундан оғир кечаётир.
...шундай жаннатмакон юртда-я?!. Қўй қирилса - қирқ йил, юрт бу-зилса - юз йил, деганлари шу-да!..
* * *
Тубсиз жаҳаннам ёқасига ногаҳон бориб қолганингизда, аянч қадар мўртлигингизни, устига-устак, чорасиз бир нотавонлигингизни ич-ичингиздан бамисоли идроку иродани емиргувчи оғриқ билан ҳис этиб, Ўзига зору нолон тавалло қилар экансиз: - Тангрим, ё туҳмат балосидан тезроқ қутқар, ё ол омонатингни?!
* * *
Қўқонбойнинг асли оти Худоёрхон. Лекин, асл отини айтиб чақиришларини ёқтирмайди. Ростиси, Худоёрхонлигини ўзиям унутвормоқчи!.. Кунларнинг бирида дунёсига боладай беғубор кулиб-жилмайиб қарашига жудаям ишонгиси келади.
* * *
Э, дунёсида қуллуқ бор экан, қуллик то қиёматга довур...
* * *
Бир хайрли тасодиф, деймиз-ку, лекин, аслида, ўша тасодифнинг ҳам асл сабаби айни воқеага бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлади. Ҳа-де, дунёсида тасодиф-пасодиф деганлари йўқ!.. Ғалвахонасида фақат қасд бор, ғараз бор экан; тўғри, унда-бунда кимнингдир хайрихоҳлигини демаса!.. Лекин, хайрихоҳлар капитализм шароитида кун сайин... соат сайин анқога шафе... Гарчи, хайрихоҳликларига арзирли бир эмас, бира тўла бир неча арзирли жиддий сабаблар бўлса ҳам!..
* * *
Одамзод яхши кунларини унутворсаям, ёмон кунларини унутолмайди чоғимда.
* * *
Йўлда нима кўп - блок-пост кўп. Тавба, мамлакат ичкарисида-я!.. Қўй қўранинг олдига оч бўрини занжирлаб қўйгандек, халқни хавотир исканжасида тутишдан мақсад... муддао нима ўзи?.. Тушунолмайсиз. Тавба, ҳар тумандан туманга ўтаётганда битта блок-пост. Салкам тўрт юз чақиримлик масофа. Камида бешта блок-пост бор. То довонга етгунларигача учта!.. Ҳар блок-постда бегона биров учун, мелиса-миршабнинг чўнтагига пул тиқиштиравериб... Эшагидан тушови қиммат бўп кетади-ку!..
* * *
Мамлакатни беаёв... беомон ёв босиб келаётгандек, ҳамма блок-постларда биттадан танка, БТР, тиш-тирноқларигача қуролланган бир неча нафар миршабларни, аскарларни кўриб, беихтиёр кишини ваҳима босади: ё Худо, бунча?!
Бўйниларига автомат, камарларига ханжар, қўша-қўша кишан освоган миршабларнинг бари пойтахтга оқиб кираётган деҳқонлар ҳамда қирғиз савдогарларидан хитойликларнинг қўлучи бутланган бўмағур, шилдир, арзонгаров молларини Тошкент бозорларига ташиётган тужжорлар билан овора: ишқилиб, нимадир ундирсалар бўлгани.
...яъни, бер порани - ўлдир фуқарони. Тамом!..
* * *
...тужжорларнинг шиори шу: пул кетса кетсину, вақтинг кетмасин! Тўғри-да, вақт - пул. Вақт - шаъну шавкат. Вақт - умр.
* * *
...ўт балосидан ҳам, сув балосидан ҳам, ҳатто, пошшо ғазабидан ҳам туҳмат балоси ёмон... ёмон экан!..
* * *
Капиталист - чўртан, капилист наҳанг. Аксинча бўлса, чўртанларга, наҳангларга тайёр емиш!.. Капитализмнинг машҳур темир маликаси Маргарет Тетчер айтганки, бизнинг дўстларимиза йўқ, манфаатларивуза бор.
* * *
Уятсизда ҳаё йўқ. Ҳаёсизда ибо йўқ. Ибосиз Дўзахнинг гўлахидир. Унутма, йигитнинг ҳаёси қизнинг ҳаёсидан чандон зиёда бўлиши керак.
* * *
Етимлик... ёмон - болани ҳар кўйга солади. Айниқса, уйғонаётган қизни...
* * *
Пул - пулни топар, пулсиз - бошоғриқни!
* * *
Ҳа-я, кўрсатувни бошқараётган анави бўйни калитдай, уккикўз, кунда-шунда маддоҳнинг ўзи бир даврада айтган экан: бугун ишдан кетсам, эртага кўзу қошдай қўшним ҳам худойи саломини бериши нари турсин, ҳатто, ҳойнаҳой, башарамга палчиллатиб тупуришини биламану, лекин, на чора?.. Ҳа-да маддоҳларнинг бари оқибати нима билан тугашини билади. Билади-ю, лекин... Имонсиз-да!
* * *
...олма тугул, нина отсангиз ҳам ерга тушмас-э! Эсиз-а, ўзбекнинг қизи... ўзбекнинг аёли бозорга чиқиб кетди! Ўзбек айтганки, бозор кўрган эчкидан қўрқ.
* * *
Чиндан ҳам, туҳмат одамни ичдан сўлитвораркан-эй!
* * *
Зўрдан зўр чиқсангиз яшайсиз... Энг ёмони шундаки, сизнинг муттаҳамлигингиз касофати билан вояга етаётган боқимандалар эрта албатта супер муттаҳам бўлишлари керак. Тамом, акс ҳолда, бошқа бир зўравон муттаҳамларга ем бўп кетадилар. Шундай қилиб, Ватан - кимгадир ғамхона, кимгадир - ғархона...
* * *
Вақт - қилич-а!
* * *
Жони гаровга тушган одам дақиқаларнинг, лаҳзаларнинг нималигини... О, юрак-юрагидан ҳис этаркан: қайтмас бўлиб ўтаётган лаҳзаларнинг ҳар бири, - воажаб! - бир умрга тенгдай-а!
* * *
Одамнинг ўз шаънига гард юқтирмай яшаши... Йўқ, бунинг учун киши чап бетига тарсаки еса, ўнггиниям тутадиган авлиё бўлиши кера-а-ак.
* * *
Одамнинг шаъни баридан... ҳатто, жоннинг ўзидан ҳам азиз экан.
* * *
Туҳмат ҳам ёвузликнинг энг учига чиққан даҳшатли бир усули.
НАСРИДДИН тайёрлади.