Меню

Қашқадарё

20.07.2017 2088

ДУНЁНИНГ БИРИНЧИ МИЛЛИАРДЕРИ

Жон бироз улғайгач, пойабзал тозалашни йиғиштириб, анчагина фойдалироқ ва обрўлироқ касб билан шуғулланди. Энди у маҳаллий матбуот бўлимидан газета ва журналларни олиб, кўчада юриб сотар ёки ўз эгаларига етказиб берарди. Бу ишнинг ортидан яхшигина даромад кела бошлади. Йиғаётган сармоясининг миқдори сезиларли ошаётганини ҳис қилган болакай ўша пайтларда 100 минг доллар пули бўлиши ва 100 йил яшашни орзу қиларди. Гарчи унинг иккинчи орзуси тўлиқ ушалмаган, яъни 100 йил эмас, 98 йил яшаган бўлса-да, биринчи орзуси минг баробар ортиғи билан рўёбга чиқди. У мисли кўрилмаган даражада катта бойлик тўплади. Ҳали-ҳамон дунёнинг ҳеч бир миллиардери Жон Рокфеллер тўплаган бойликнинг яқинига ҳам йўлай олгани йўқ.

“ТУҒМА ТАДБИРКОР”НИНГ БОЛАЛИГИ

Жон Девисон Рокфеллер 1839 йили Нью-Йорк штатининг Ричфорд шаҳрида дунёга келди.

Жон оиладаги олти фарзанднинг иккинчиси эди. Ота-онаси болаларини ёшлигидан оила маблағини тежашга, меҳнатга ва маблағ топишга ўргатганди. Шу боис Рокфеллерлар оиласи фарзандлари учун бизнес оилавий тарбиянинг бир қисмига айланганди. Айниқса, савдо-сотиқ билан шуғулланадиган, анчагина маблағ эгаси бўлган отаси ўғли Жонда тадбиркорликка иштиёқнинг жуда кучлилигини пайқар, шу боис бошқа фарзандларига нисбатан у билан айрича муносабат ўрнатганди. Масалан, ўғил отадан пул сўрагудек бўлса, унга сўраган маблағини берар, лекин аввал шарт қўярди. Шартга кўра, ўғил отаси берган пулларни кўпайтириб, фойдасинигина эҳтиёжларига ишлатиши мумкин эди. Шу боис, болакай жуда ёшлигиданоқ отасидан олган пулга дўкондан бир фунт конфет олиб келар, сўнг уни сингилларига ёки қўшни болаларга доналаб сотарди. 13 ёшида у 50 доллар йиғади ва ушбу маблағини йиллик 7,5 фоиз эвазига қўшнисига кредитга беради.

Шуниси ҳайратланарлики, Жон ёшлигидан ўз маблағи ҳақида ҳисоб-китоб олиб боришни яхши кўрган. Оила тарихини ўрганган одамларнинг айтишича, у топган пули миқдорини мунтазам ёзиб бориш учун биринчи маошидан кундалик дафтар сотиб олган ва уни умрининг охиригача сақлаган.

БИРИНЧИ ИШ, МАОШ ВА ИЛК ҚАДАМЛАР

Рокфеллер 16 ёшга тўлганда мустақил ишлай бошлади. Аввалига ҳисобчига ёрдамчи бўлди. Маоши ойига 17 доллар эди. Кейинроқ маоши 25 доллар бўлган ҳисобчи лавозимига тайинланди.

1857 йили у англиялик бир тадбиркор 2000 доллар маблағи бор шерик қидираётгани ҳақида эшитиб қолади. Бу пайтда унинг бор-йўғи 800 доллар пули бор эди. Аммо шу ишга жуда қаттиқ қизиқаётгани боис, отасидан йилига 10 фоиз устама билан қарз олади. Шундай қилиб, у уруғ, дон, гўшт ва бошқа товарлар савдоси билан шуғулланадиган “Кларк ва Рочестер” компаниясининг муассисларидан бирига айланади.

XIX асрнинг иккинчи ярмида АҚШда керосин лампалар урф бўла бошлади. Бу эса унинг хомашёси – нефтга бўлган талабни оширди. Ўша пайтда Жон амалиётчи химик Самуэль Эндрюс билан танишади. У нефтдан керосин олиш бўйича мутахассис эди. Шундай қилиб, икки ишбилармон кучларни бирлаштириб, нефтни қайта ишлайдиган “Эндрюс ва Кларк” компаниясига асос солишди.

Жон Рокфеллер нефть бозорининг келажаги борлигини олдиндан билади ва шеригига барча маблағни шунга йўналтиришни таклиф қилади. у бунга рози бўлмагач, унинг улушини 72500 долларга сотиб олади ва келгуси ҳаётини бутунлай нефть бизнесига бағишлайди.

ЖОН РОКФЕЛЛЕРДАН МАСЛАҲАТЛАР:

Агар пулинг кам бўлса – бизнес қил. Агар пулинг умуман бўлмаса – унда зудлик билан бизнес қил!!!

***

Улкан бойликка фақат кичик даромад орқалигина эришиш мумкин!  Бу қўшимча тушум сизнинг кичик уринишларингиз самараси бўлиши керак.

***

Бой одамда ҳеч қачон ортиқча пул бўлмайди. Камбағалда эса бўлади.

***

Камбағаллик масъулиятдан қочиш оқибатида юзага келади.

Ўзингизни оқлаб, турли баҳоналарни ўйлаб топманг. Нега ҳозирданоқ мақсадингиз сари олға қадам босолмайсиз?

***

Камбағалга миллион берсанг, ишлатиб юборади. Бойга ўн минг берсанг, миллион ишлаб олади.

“STANDARD OIL” — ДУНЁНИНГ ЭНГ ЙИРИК НЕФТЬ КОМПАНИЯСИ

1870 йилга келиб Жон Девисон Рокфеллер ўзининг “Standard Oil” компаниясига асос солади. Компания нефтни қазиб олишдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараённи амалга оширарди. У ўз ходимларига маош ўрнига компания акцияларини беради, бу эса ходимлар ҳам кўпроқ фойда олишини таъминларди. Шунинг учун компания ишчилари астойдил ва сифатли ишлашарди. Ҳар бир ходим қанча кўп ва яхши ишласа, шунча кўп даромад олишини билгани ҳолда меҳнат қиларди.

“Standard Oil” тезда ривожланиб кетди, олинган фойдага Жон бошқа нефть компанияларини ҳам сотиб ола бошлади. Рад этганлар эса, албатта, банкрот бўларди. Шундай қилиб, кўплаб компаниялар аста-секин “Standard Oil” таркибига кира бошлади.

Шуниси ҳайратланарлики, бор-йўғи ўн йилда Жон Рокфеллер компанияси АҚШда бутунлай монопол корхонага айланди. “Standard Oil” ўша пайтда мамлакатдаги 90-95 фоиз нефтга эгалик қиларди. Аста-секин тадбиркор ўз маҳсулотлари баҳосини оширди ва “Standard Oil” дунёдаги энг йирик нефть компаниясига айланди.

Орадан яна ўн йил ўтгач, АҚШда монополияга қарши қонун қабул қилинди. Аммо бу нарса Рокфеллерни сира ташвишлантиргани йўқ. У ўз корпорациясини 34 та компанияга бўлди ва ҳаммасида ўзининг назорат пакетини сақлаб қолди. Рокфеллерга бу компанияларнинг ҳар биридан жуда катта даромад келарди.

Умри давомида Жон Рокфеллер тўплаган маблағнинг умумий миқдори 1,4 миллиард долларни ташкил этган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бу маблағ бугунги кунда 318 миллиард долларга тенг бўлар экан. Бу ўша пайтдаги АҚШ ялпи ички маҳсулотининг салкам 2,5 фоизи деганидир.

САХОВАТПЕША МИЛЛИАРДЕР

Рокфеллер жуда бой яшарди, лекин ҳеч қачон бойлигини кўз-кўз қилмасди. Унинг турли штатларда бир нечта уй-жойи ва виллалари, 273 гектарлик ҳовлиси, яна шахсий гольф майдони бор эди.

У қанча бой бўлмасин, ҳеч қачон инсонпарварликни унутмасди. Рокфеллер ҳар доим ўзининг “Одамларга чин дилдан, ҳеч қандай манфаат кўзламай, ёрдам қўлини чўзинг. Даромадингизнинг 10 фоизини хайрия қилишга одатланинг” деган ақидасига қаттиқ амал қиларди.

Умри давомида Жон батистлар черковига 100 миллион доллар маблағ ўтказиб берган. Бундан ташқари, Чикаго университетига 80 миллион долларлик ёрдам кўрсатган. Шунингдек, у Нью-Йорк тиббиёт тадқиқотлари институтининг ташкилотчиси ва ҳомийси бўлди, машҳур Рокфеллер фондига асос солди. Умрининг сўнгида салкам ярим миллиард маблағни хайрия ишларига сарфлади. Бу ўша вақт учун жуда катта сумма эди. Қизиғи, отасининг бу саховатпешалигини унинг ўғли ва неваралари ҳам давом эттириб келишмоқда.

Рокфеллернинг муваффақияти ҳеч қандай иложи йўқ бўлган нарсани назарда тутмаган. У бутун умрини ўзи ёқтирган ишга ва меҳнатга бағишлади ва ҳақли равишда мукофотини олди. У 98 ёшгача яшаб, дунёдаги энг катта бизнес-империяни яратиш имкониятига эга бўлди. Жон Рокфеллер 96 ёшга тўлганда 5 миллион доллар суғурта пули олади. Чунки қария 95 ёшдан ошса, шунча пул олиш бўйича ўз ҳаётини суғурта қилганди. У сўнгги нафасигача ақли расолигини йўқотмади ҳамда бизнес соҳасидаги фаолиятини давом эттирди.

 Манбалар асосида ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!