Меню
Қашқадарё
ДУНЁДАГИ ҲАР БИР КИШИНИНГ ЭНГ АЯМЛИК, ҚИЗҒАНИБ САҚЛАЙДИГАН БЕШ НАРСАСИ БОР...
Сараланган сатрлар
Истиқлол - халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган бебаҳо неъмат эканини кўп таъкидлаймиз. Аммо ана шу неъмат азоб-уқубатлар, машаққатлар, жон олиб-жон беришлар, завол кетган умрлар эвазига келганини ҳаммамиз ҳам биламизми? Айниқса, 20-25 ёш миёнасидаги йигит-қизлар мустақиллик аҳамиятини қандай тушунади, қай даражада англайди?
Муҳташам тарихга эга давлат қай сабаблар билан 130 йил эрксиз, ҳуқуқсиз яшашга маҳкум бўлди? Зулм кишанлари остидаги халқнинг тақдири не кечди, бошига не балолар тушди?
Алихонтўра Соғуний (1885-1976) қаламига мансуб "Туркистон қайғуси" асари бу борадаги аянчли манзараларни кўз олдимизда гавдалантиради.
Алихонтўра Соғуний умр бўйи Туркистон халқининг озодлиги ва миллий мустақиллиги учун курашган, ёшлигида чор Россиясига қарши кўтарилган қўзғолонларда фаол иштирок этган, Шарқий Туркистон ислом жумҳуриятининг 1-Президенти ва маршал бўлган, мустабид совет тузумининг бутун кирдикорларини илк кунларидан бошлаб танқид қилган ва унга қарши турган, унинг мустамлака сиёсатини қабул қилмаган фидойи инсон эди. Шу сабаб умрининг кўп қисмини қувғинда, қамоқхоналарда, тазйиқ ва таъқиб остида ўтказди.
Ўз ўрнида, "Туркистон қайғуси", "Тарихи Муҳаммадий" каби бебаҳо асарлар ёзиб, "Темур тузуклари"ни форс тилидан ўзбекчага, Ҳерман Вамберининг "Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи" асарини тилимизга таржима қилишга вақт ва имкон топди.
Ана шундай улуғ инсонлар кураши билан юртимиз истиқлол остонасига қадам қўйганини эътироф этмаслик хато ва ахлоқсизлик бўлади...
* * *
Маълумдирки, маҳкумиятда эзилган, қуролсиз, дудуқ тиллар ғолибият зулми билан ғурурланиб турган, ҳар бирининг тумшуғидан тўнғиз қурти тушган қуроллик, шаҳдам тиллар олдида нима дея оладилар?
* * *
Афсуски, биз яқин ўтмишимизда ҳам жирканчли иттифоқсизлик сабабли ўз давлатимиздан ажрадик. 1840-йиллардан бошлаб руслар Ўрта Осиёни истило қила бошладилар. Бу ерда учта хонлик бор эди: Бухоро амирлиги, Хўқанд ва Хива хонликлари. Оврупода илм-маданият тараққий қилиб, бутун инсоният оламига уйғониш ёғдусини соча бошлаган бир даврда бу хонликлар хурофот ботқоғига ботиб, жоҳилиятнинг ниҳоятига етган эдилар. Не қобилиятлик Ватан ўғлонлари ўзларининг азиз умрларини Бухоронинг қадимги эски мадрасаларида арабий, форсий тилларни ўрганиш билангина ўтказдилар.
Форобийлар, Ибн Синолар чиққан бу улуғ Ватаннинг ва миллатнинг келгуси истиқболи учун ҳеч ким қайғурмас эди. Шундай аҳволда бўлишларига қарамай, иттифоқсизлик балосининг энг юқори босқичига етганликларини кўрсатиб, душманга қарши бирлашиш ўрнига доимо ўзаро низо ва қон тўкишлар билан шуғулланиб келдилар. Инқироз бўлиш олдида туришларига қарамай, илмсизлик натижасида, бунинг олдини олиш учун қўлларида бор имкониятдан ҳам фойдаланолмадилар, кераклик сабабларини қилмадилар.
* * *
Онги очилмаган, билимсиз бир миллат ўз душманлари олдида кушхонага ҳайдалаётган бир тўп ҳайвондан ҳеч қандай айирмаси йўқдир. Инсоннинг ўзига энг яқин ҳалокатлик душмани онгсизлик, илмсизликдир.
* * *
Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи бундай жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Чет давлатлар билан алоқа боғламадилар, ўқиш-ўқитиш ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиш ва бор шароитдан фойдаланиш имкониятлари бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур.
* * *
Улуғ файласуфларнинг айтишларича ҳамда тарихий тажрибаларнинг кўрсатишича, қайси бир миллат ўз миллий давлатидан ажраб, унинг ҳукумати йўқолар экан, ҳукумат эгаси бўлган келгиндилар ҳисобига йил сайин насллари озайиб бориб, энг сўнгида бутунлай ютилиб кетиши тажрибада кўрилмишдур. Ўз ҳокимиятидан ажради демак инқирозга юз тутди демакдир. Шу сабаблик дунёдаги онглик, маданий миллатлар ўз ҳокимиятларини сақлаш учун неча миллионлаб қурбон беришга тайёрдирлар.
* * *
Бир миллатнинг ўз ҳуқуқлари бутунлай ўз қўлига топширилмагач, Ўзбекистон оти қоғоз устида ёзилиши билан ёки бошқаларнинг юкини кўтарган, аравасини тортган эшак, отлардек бирмунча ўзбек номидаги виждонсиз, қуруқ ҳайкалларни ўз мақсадларини қўлга келтириш учун ўриндиқ устига ўлтиргизиб қўйиш билан у миллат қандай озодликка чиқдик дея олади? Балки, бундай миллатлар шу каби хиёнат пардалари остида бутун ҳиссиётларидан ажраган ҳолда ем бўлиб ютилиб, охири инқироз чуқурига юзтубан йиқилиб ҳалок бўлишлари шубҳасиздир.
* * *
Маълумдирки, дунёда яшаган ҳар бир кишининг энг аямлик, қизғаниб сақлайдиган беш нарсаси бордир. Биринчи жони, кейингилари дини, моли, оиласи, она Ватанидир. Мана бу беш нарсани сақлаш учун онглик инсонлар қандай жонбозлик қиладилар! Дунёнинг ҳар бир ерида тўкилган ва тўкилаётган инсон қонлари кўз олдимизда кўриниб туради. Бу фожианинг бирдан-бир сабаби шу юқорида айтилган нарсадан бошқа эмасдир.
* * *
Эрклик Ватан ҳокимияти ўз қўлимизда бўлмагач, бошқалар фойдасига бутун ҳуқуқларимиз оёқ остига тушиб депсалмоқда. Лекин ҳуқуқлар ҳимоясининг энг кучлик қуроли ҳисобланган илм-ҳунар, маориф эшиклари ҳозирги кунда инсон олами юзига бутунлай очиқдур. Шу сабабдан тушунган Ватан ўғлон-қизларимиз замонавий ҳар илм-ҳунарни асоси билан яхши тушуниб, имконият борича билиб ўзлаштиришга бошқалардан ортиқроқ киришмоқлари лозимдур. Чунки, "Иш - билганники, қилич - урганники" деган ҳикматли оталар сўзини амалга оширар эканлар, албатта, Ватан аҳллари, айниқса, замонавий ўқишиб етишган ўғил-қизларимиз ўз ишларини бажариб, муносиб ўринларига эга бўла оладилар.
* * *
Инсон насли яратилиб, ер устига қадам қўйган кундан бошлаб, бизнинг ота-боболаримиз шу Ўзбекистон ўлкасида яшаб келган эканлар, шу кунларгача тирикларимизни бўйнида кўтариб, ўликларимизни қўйнида сақламишдир. Бу Ўзбекистон Ватанимизнинг бир қатлами биз ўзбек халқи ота-боболаримизнинг суяклари билан кўтарилмишдир. Демак, бўйнида кўтарган, қўйнида сақлаб оқ сут бериб тарбият қилган бу Ўзбекистон - Туркистон бизнинг ўз она Ватанимиздир.
Энди юқоридаги сўзга кўра биз ўзбеклар шу кунги ҳолимизни юзаки эмас, чуқурроқ текшириб кўрайлик. Қайси ҳолда турамиз, қандай хорлик остида яшаймиз, ҳаётимиз устидан кимлар ҳукм юргизиб, тақдиримиз кимлар қўлига топширилмишдир? Жаннат каби боғи-бўстон, ноз-неъматлик Ватанимизга кимлар эга бўлиб, ул жойларда кимлар ўлтиради? Ватанимиз, боз устига мол-дунёмиз, ахлоқ-одобларимиздан бизни ким ажратди? Бутун ҳаёт, ҳосилот, эрк-ихтиёримизни мажбурий равишда қўлимиздан кимлар тортиб олди?
* * *
Ҳозирги ўқимишлик, тушунган Ватан болаларимиз, агар миллий ҳислик бўлмас эканлар, улардан бизга, яъни ўз халқига фойда етиши ҳеч вақт мумкин эмасдир. Балки болта сопини ўзимиздан чиқарсак ёв қўлида туб илдизимиз билан кесиб қуритишга қурол бўладилар. У ҳолда эса ўзларидан умид этилган Ватан ўғилларининг қўллари билан Ватан аҳлларини кўмишга чуқур қазилади демакдир.
* * *
Одам боласи ҳар ишга чидаёлса ҳам, бекорчиликка чидаёлмайди. Шунинг учун Пайғамбаримиз: "Бекорчи, соғлом йигитларни Аллоҳ душман тутади, ишчан қариларни дўст кўради. Бузуқчилик, фитна-фасод ишлар кўпинча бекорчилардан чиқади", дедилар.
* * *
Инсоният оламида кўрилмаган, ваҳшат оламида ҳам сийрак учрайдирган ваҳшийлар қилиғини Пишпекдан қочиб борган тунгон Юсуфҳожи устидан ўтказдилар. Шундоқки, уруш кунлари унинг Учдарвозадаги қўрасида куппа-кундузида ўт қўйдириб, бутун мол-мулки, катта-кичик бола-чақалари билан 13 жонлик бир оилани куйдириб юборишди. У кунлари кўча-куйларда аскар кишилардан бошқаларга юриш туриш ясақ (маън бўлганликдан, рухсат бўлмаганликдан) бўлганликдан, буларга ёрдам етказиш мумкин эмас эди. Шу қилган ваҳшийликларини топширувчилари олдида исботлаш учун, ичида инсон авлоди аланга олиб ёнаётган ўтнинг чиркин манзарасини ҳар ёқлама расмга тушурмоқда эдилар. Лекин Юсуфҳожи ўзи 11 ёшлардаги ўғли билан, нима бўлиб шу куни уйда йўқ экан; ажали етмаганлиги учун бу каби кўрилмаган ачинарлик фожиадан омон қолмишдур. Бироқ бу даҳшат ваҳшатлик хабарни онглаб, югурганича етиб келса, бутун оиласи, ҳолимоли билан қип-қизил ўт ичида ёниб ётканини кўради; сўнгра, бу фожиали бало қаёқдан келиб чиққанини тушунгач, бирданига эси оғиб йиқилади. Шундай бўлиб, ажали етмай ўлимдан қолган бўлса ҳам, умри ичида шу ўтган фожиани эскариб, қолмиш ҳаётини бутунлай ғам-қайғу, ҳасрат билан ўтказиб турмоқдадур. Бу оғир мусибатга чидаёлмаганидан Шинг Дубан даврида, 1935 йили Ҳаж йўли очилиши билан ўлимдан қолган ўғлини олиб Ҳажга кетмишдур.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади