Меню
Қашқадарё
ДУНЁДА ШУНДАЙ ИШЛАР БОРКИ, КИРМАГАНДИР ТУШДА ҲАМ ФАЛСАФАНГИЗГА!
Сараланган сатрлар
Бош кентимиздаги "Навоий-30" ҳақида билмаган, эшитмаган одам топилмаса керак. Баланд пештоқлари, баҳайбат устунлари, муаззам аркалари, ноёб архитектура ёдгорлиги экани учунгина эмас албатта.
Бир вақтлар бу ерда Маданият министрлиги, Кинематография давлат комитети, Нашриётлар, полиграфия ва матбуот ишлари бўйича давлат комитети, Совет Иттифоқи Телеграф агентлигининг Ўзбекистон бўлими, Журналистлар союзи ва ҳоказо ва ҳоказо бир-биридан нуфузли ва пурвиқор идоралар фаолият юритган. Бундан ташқари, бу баланд даргоҳ қаърида қатор-қатор нашриёт ва босмахоналар, газета-журналларнинг редакциялари, мафкура фронтига дахлдор жуда кўп керакли ва кераксиз ташкилот ва муассасалар ҳам қўр тўкиб турган.
Бинонинг ён-атрофида эса "Панорама" киносаройи, Ёш томошабинларнинг рус театри, Адабиёт музейи, Шоирлар хиёбони, "Пассаж" китоб дўконлари, Ўзбекистон телевидениеси, Ҳамза театри, Кўкалдош мадрасаси каби масканлар жойлашган.
Бугун ҳаммаси ўз ҳолича турибди, фақат номлар ўзгарган, янгиланган, замонавийлашган...
Шу кунгача "Навоий-30"да не-не буюк ижодкорлар, таржимонлар, адабиёт билимдонлари фаолият кўрсатмаган дейсиз. Эътиборлиси, ёзувчи Хайриддин Султон ана шу маҳобатли бинода ўтган йиллари ҳақидаги хотираларни жамлаб, китоб ҳолида нашр эттирди. Китоб номи ҳам "Навоий-30". Унга "Жанри йўқ китоб" деган илова ҳам тиркалган. Унда таниқли ижодкорлар билан боғлиқ ўзга портретларни кўрамиз.
Китоб шу қадар қизиқ, жонли, таъсирчан ёзилганки, ҳар қандай ўқувчи мароқ билан ўқийди. Қуйида келтирилаётган лавҳалар ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Бошқа кўп китоблар қатори у машҳур "Олтин бузоқ" романини ҳам ўзбекчага ўгирган. Шу китобда Остап Бендердан "Сиз кимсиз?" деб сўрашганида оригинал тилида қаҳрамон "Какое ваше собачье дело?" деб жаҳл билан жавоб қайтаради. Мирзиёд Мирзоидов эса бу жумлани "Онангнинг эриман!" деб қойилмақом таржима қилган.
"Служебный роман" кинофильмининг номини "Ишдаги ишқ" деб боплаб ўгирган ҳам Мирзиёд ака бўлади.
* * *
Раззоқ ака мулзам тортиб:
- Одил Эгамбердиевич, кечирасиз, корректурасини қайта-қайта ўқиган эдим, ҳайронман, бу хато қандай қилиб ўтиб кетди экан. Миртемир домланинг олдида жуда хижолатда қолдим, - дебди.
- Кўп сиқила берманг, - дебди Одил ака уни юпатиб, - ўзи, бизнинг Туркистонда "Онагинам" демайди, "Онангинам" дейди. Так что, аслига тўғри. Миртемир акаям туркистонлик, буни тўғри тушунади. Машойихлар айтади - "Хотин жафосиз бўлмас, китоб хатосиз бўлмас". Катта хатолардан Худонинг ўзи асрасин.
* * *
"Э, қаёқларда юрибсиз, балам? - деб гинахонлик қила кетди оқсоқол. - Ҳа, бу "Гироза"нинг бир боби тушиб қолибди-ку, балам?"
"Қандай тушиб қолади?" - дедим оёқ-қўлим бўшашиб.
"Ҳа, анави жувонмарг Шаҳрияр... - Карим ота теварагида ўралашиб юрадиган шотирларидан бирининг номини айтди, - "Гироза"дан бир гиловасини аяллар журналига бераман, деб олган эди, кейин қайтариб жойига қўйиш эсидан чиқиб кетибди. Ўзиниям тоза адабини бердим. Энди, балам, ҳозир шопирдан ўша гиловасини бервораман, жойини топиб, қўшиб қўясиз, маъқулми?"
* * *
Айтишларича, Миркарим Осим 20-йилларда Эски шаҳардаги "Намуна" мактабида Ойбек билан бирга ўқиган. Шу даргоҳда ишлаган, асли зобит бўлган турк муаллимларидан - Шаҳобиддин Аҳмадий уни тарғибот қилиб, Туркияга олиб кетмоқчи бўлади. Устоз-шогирд Туркияга Грузия орқали ўтиб кетишга ҳаракат қилиб, поездда у ерга боришади. Ажария чегараси атрофида уларни совет аскарлари тутиб олади. "Кимсан, нима қилиб юрибсан?", деган саволга содда йигит, "Ўзим, шундоқ айланиб юрибман", деб жавоб қилади. Табиийки, у ҳибсга олинади ва уч ойдан сўнг озод этилади.
Миркарим Осимнинг ўтмиш тарихини ҳамма унутган бўлса ҳам, тегишли идоралар унутмаган экан: 50-йилларда аксилшўравий тарғиботда айбланиб, ўн йилга кесилади...
Қамоқдан кўзининг ўтини, юрагининг оловини олдириб қайтган бечора адиб шу тариқа деворга суйкалиб юрадиган бўлиб қолади...
* * *
Ўша пайтларда кўпчилигимиз, дубляж санъатимиз зўр, иттифоқда биринчи ўринда, деб мақтанардик. Машраб Бобоев эса, аксинча, бундай гапларни эшитганда, пешонаси тиришиб: "Эй, бу қандай нодонлик, ахир, дубляж, пародия - тақлиднинг энг юксак чўққиси, бу билан мақтаниш эмас, бунга йиғлаш керак, бу оригинал санъат яратишдаги нўноқлигимиз ва оқсоқлигимизни кўрсатади", деб фиғони фалакка чиқар эди.
* * *
Ўша йиллари Брежневнинг "Қўриқ", "Кичик ер", "Тикланиш" деган хотиралардан иборат китоблари эълон қилинган бўлиб, икки юз эллик миллионли совет халқи уларни чуқур ўқиб-ўрганиш ва мадҳ этиш билан банд эди.
Шу муносабат билан зиёлилар ўртасида латифанамо гаплар ҳам тарқаган эди. Эмишки, бир куни Бош секретарнинг олдига Сиёсий бюро аъзоларидан Устинов кириб, унинг китобини мақтабди, кейин Суслов, кейин Громико мақтабди. Охири Леонид Ильич ёрдамчисини чақириб, "Менга қара, бу китобни ҳамма мақтаяпти, мен ҳам ўқиб чиқсаммикан?" - деб сўраган эмиш.
* * *
"Одамлар аслида ёмон эмас, фақат квартира масаласи уларни бузади", деганида Михаил Булгаков минг карра ҳақ эди.
Очиғини айтганда, уйсизлик, ижарама-ижара дарбадар кезиб юришлар роса жонимга теккан эди. Бир куни эринмасдан ҳисоблаб чиқсам, талабаликнинг биринчи курсидан бошлаб то қонуний квартира эгаси бўлгунимга қадар Тошкенти азимда ўттиз етти жойда ижарачи бўлиб яшаган эканман.
* * *
Даврада бошқа миллат вакиллари ҳам борлиги сабабли у киши йиғилганларни рус тилида байрам билан табриклаб, кейин шеър ўқий бошлади. Эндигина беш-ўн қатор ўқиган ҳам эдики, тавба, орқадаги тутзорда бир... эшак тўсатдан ҳанграб юборса денг!
Бирам ноқулай, мулзам вазият юзага келди-да!
Эркин ака бўлса, ўзини мутлақо йўқотмасдан, шалпангқулоқ хонишини тугатгунча сукут сақлаб турди-да, кулимсираб:
- Как только поэт начинает читать стихи, то сразу критик подаёт голос, - деди.
Қарсак, кулги, қийқириқ бўлиб кетди.
* * *
Баъзан турли минбарлардан туриб, "Демократия!", "Демократия!" деб томоқ йиртадиган, лекин умрида демократиянинг совунига кир ювмаган, унинг бундай "жилвагар ўйин"ларини кўрмаган, ноҳақ кўпчиликнинг ҳақ бўлган озчилик устидан қозонадиган ғирром ғалабаларини бошидан ўтказмаган айрим шоввозларни кўрганда, беихтиёр Шекспиримнинг тили билан: "Азизим Горацио! Дунёда шундай ишлар борки, кирмагандир тушда ҳам фалсафангизга!" деб бақириб юборгим келади...
* * *
Эркин ака хизматлардан озод бўлиб, нафақага чиққан, ижодий иш билан шуғулланиб юрган пайт эди. Бир куни қандайдир тадбирда кўришиб қолдик. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин:
- Ишингиз жуда оғир, масъулиятли. Худо сизга куч-қувват, сабр-бардош берсин, - деб сўз бошлади. - Қанча бўлди бу идорада ишлаётганингизга?
- Йигирма беш йил бўлади яқинда, - дедим кулимсираб.
Эркин ака менга ачиниб тикилди-да, кейин бош чайқаб, маъноли оҳангда:
- Ўзи сизга неча йил берган? - деб сўради.
* * *
- Нима?! - дедим қулоғимга ишонмасдан.
- Ҳа-ҳа, иш ташлаймиз! - деб опанинг гапини қувватлаб кетди бошқалар. - Шу бугуноқ ташлаймиз!
Кулишимни ҳам, ўлишимни ҳам билмай қолдим.
- Ҳай, опажонлар, сингилжонлар, - дедим қўлимни кўксимга қўйиб, - иш ташлаш учун аввало ўша зорманда ишнинг ўзи бўлиши керакми-йўқми? Қўлингларда ҳеч қанақа иш бўлмаса, нимани ташлайсизлар?..
Делегация аъзолари бир-бирларига қараб, ҳайрон бўлиб қолишди.
* * *
Оғайнилар Саид Аҳмад ака ўтирган бизнинг даврага яқинлашиб, қўллари кўксида, ширин табассум билан салом беришди.
- Ваалайкум ассалом, - деди Саид Аҳмад ака кулимсираб, - аммо-лекин, аканг айлангурлар, телевизорда кечаги суҳбатинглар зўр бўлди. Айниқса, бир-бирингни "мавлоно", "малик уш-шуаро" деб улуғлашинг, "мустағний", "дунёву уқбо", яна нимайди, ҳа, "руҳ ашжорий" деб Навоий замонидек гапиришларинг, ҳай-ҳай... Шахсан мен жуда кўп нарсани билиб олдим.
Икки дўстнинг оғзи қулоғига етиб, жилмайиб туришибди.
- Сир бўлмаса, нимани билиб олдингиз, устоз? - деб сўради Т.И. тавозе билан.
- Икковингнинг ҳам қазои ҳожатга эҳтиёжинг бор экан-у, улгуролмай қолганингни билдим, - деди Саид Аҳмад ака.
Мавлоно А. билан мавлоно Т. турган жойларида қотиб қолишди.
* * *
Жамоатчиликнинг мурожаатлари инобатга олиниб, Низомий номидаги пединститут олдидаги майдонда савлат тўкиб турган, Туркистонни қонга ботирган саркарда М.Фрунзенинг ҳайкали ҳам олиб ташланди.
Ижодкор зиёлилар билан бўлган учрашувда Ислом Абдуғаниевич Каримов бу ҳақда йиғилганларга сўзлаб берди. У киши гапини тугатганидан кейин Саид Аҳмад ака қўл кўтариб:
- Ислом ака, агар Фрунзенинг отини биров "зайнить" қилмаган бўлса, илтимос, менга берсангиз, миниб турардим, - деди.
Ислом ака ажабланиб, адибга савол назари билан қаради.
- Чунки, - деб изоҳ берди Саид Аҳмад ака, - мен мана шу пединститутда ўқиганман. Мабодо қачондир менга ҳайкал қўядиган бўлсанглар, харажат камроқ бўлади, деяпман-да.
Ҳамма кулиб юборди.
* * *
Асқад аканинг ўзи ёзганидек: "Одиссей арвоҳларни ўзи билан суҳбатлашишга кўндириш учун уларга ўз қонидан бериб тирилтиради. Ёзувчи тарихий шахслар ҳақида ёзганида шундай қилиши керак".
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.