Меню

Қашқадарё

08.09.2016 2255

ДУНЁ САВОДСИЗЛИККА ҚАРШИ

Саводсизликка барҳам бериш мақсадида 1966 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 8 сентябрь Халқаро саводхонлик куни (International Literacy Day) деб эълон қилинди. 1965 йилда БМТнинг фан, таълим ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти – ЮНЕСКО томонидан ташкил этилиб, Теҳрон шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон таълим вазирларининг саводсизликни тугатишга бағишланган конференциясида шундай таклиф ўртага ташланган эди. Айнан 8 сентябрда эса конференциянинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтганди.

Мазкур санада ҳар йили дунё бўйича ўтказиладиган тадбирларда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, ўқитувчилар, шу соҳа экспертлари иштирок этишади. Улар барча зиёли одамларни саводсизликка қарши курашишда фаолликка чақиради.

Экспертларнинг фикрича, саводсизликни келтириб чиқараётган омиллар талайгина. Айрим давлатларда хотин-қизларга салбий муносабат туфайли улар орасида саводсизлик даражаси юқори бўлса, баъзи ҳудудларда бу муаммо эркаклар орасида ҳам етарли. Хусусан, мактабларда таълим олиш нархларининг қимматлиги, қашшоқлик, нотинчликлар саводсизликка олиб келувчи омиллар сирасига киради. Шу билан бирга, тан олиш керак, қатор халқаро ташкилотлар томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар боис саводсизликка қарши кураш соҳасида сезиларли натижаларга ҳам эришилаяпти. Масалан, бу кун байрам сифатида нишонлана бошланганидан бери дунёда саводли одамлар сони 4 миллиардга етди...

Бизда эса, шукурки, бу соҳада муаммо йўқ. Сабаби, мамлакатимизда мустақиллик йиллари таълим тизимига, аҳолининг саводхонлигига катта аҳамият қаратилди. Конституциямизда таълим жараёнига алоҳида боб ажратилгани,  1997 йил 29 августда “Таълим тўғpисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани, “Кадpлаp тайёpлаш миллий дастуpи” ишлаб чиқилгани соҳадаги туб ўзгаришларга сабаб бўлди.

 Мамлакатимизда фаолият юритаётган барча таълим муассасаларида жаҳон талабларига жавоб берадиган, халқаро стандартларга мос таълим тизимининг жорий этилгани бизнинг улкан ютуқларимиздан бири бўлди. 12 йиллик бепул мажбурий таълим тизимининг жорий этилгани ёшларимизнинг баркамол, соғлом дунёқарашли авлод бўлиб вояга етишини таъминламоқда. Айниқса, уларнинг дунё миқёсидаги фан олимпиадаларида эришаётган ютуқлари юртда аҳолининг саводхонлик даражаси нақадар юксаклигининг яққол ифодасидир.

Соҳиба СУЮНОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!