Меню
Қашқадарё
ДУНЁ САҲНИ: ЙИЛНИНГ ЭНГ АКС-САДОЛИ ВОҚЕА-ҲОДИСАЛАРИ
Ўтган кунимиз тарих. Унга назар ташлар эканмиз, ниҳоялаб бораётган 2023 йил ҳам жаҳон саҳнида кузатилган кўплаб шов-шувли воқеа-ҳодисаларга тиркаб айтиладиган давр бўлиб қолаётганини кўрамиз. Очунда рўй бераётган турли ҳодисотлар бамисоли дунё инсониятни янада мураккаб синовлар сари бошлаб бораётгандай таассурот уйғотади...
Вайронкор зилзила
6 февраль куни эрта тонгда Туркиянинг жануби-шарқи ва қўшни Сурия давлатининг унга туташ шимолий ҳудудларида содир бўлган 7,8 балли зилзила 65 сония, унинг ортидан кузатилган такрорий 7,6 балли ер силкиниши эса 45 сония давомийлик касб этди. Эпимаркази Қаҳрамонмараш вилояти Пазаржик туманида бўлган зилзила XXI асрнинг энг ҳалокатли ҳодисаларидан бири деб тан олинди.
Якуний маълумотларга кўра, табиий офат Туркияда 48 мингдан ортиқ одамнинг ёстиғини қуритди, 11 мингдан кўпроқ киши жабрланди, қулаган ва зарар кўрган бинолар сони 105 мингтага етган. Сурияда эса 4 минг нафарга яқин аҳоли вайроналар остидан омон чиқмади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатда рўй берган мазкур зилзила 1939 йилдан буёнги энг кучлиси бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу "аср офати" ҳатто эпимарказидан 500 километр узоқ масофаларда ҳам вайронкорликни келтириб чиқарди.
Ҳукумат мамлакат жануби-шарқида содир бўлган вайронкор зилзила кучини 500 атом бомбаси портлашига тенг дея баҳолади.
Рекордчи жазирама
Глобал ҳарорат янги рекордларни қайд этмоқда. Иқлим ўзгариши энди келажак хавф ҳисобланмайди. Бу дунёнинг янги ҳақиқати. 2023 йил, эҳтимол бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиб қолади.
Глобал ҳарорат охирги 125 минг йил ичида бу қадар юқори бўлмаган ва у 2015 йилдаги Париж келишувида белгиланган 2 даражалик чегарадан ошишга тайёр. Натижада бутун дунё бўйлаб тарихий ўрмон ёнғинларидан тортиб, кучли қурғоқчилик ва рекорд даражадаги сув тошқинларигача бўлган экстремал об-ҳаво ҳодисалари рўй берди.
30 ноябрь-12 декабрь кунлари дунё дипломатлари мавзуга оид режа ва келишувларни муҳокама қилиш учун Дубай шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP28)да тўпланди. Бироқ бу учрашув кўринишидан "айтилгани бажарилганидан кўпроқ", деган иборани эслатди.
Улар иқлим ўзгаришига қарши курашишни фаоллаштиришга ваъда беришди. Ўтган йили дунё молия муассасалари иқлим билан боғлиқ лойиҳаларга рекорд миқдорда маблағ (61 миллиард доллар) ажратгани айтилди. Бироқ бу етарли эмас. Бинобарин, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш COP28да қазиб олинадиган ёқилғилардан воз кечиш сайёрани қутқаришнинг ягона йўли эканини таъкидлади.
Эҳтимол, инсоният ҳалокатли иқлим ўзгаришидан қочиш имкониятини ўтказиб юборди.
Кўпаяётган одамлар
Қатор давлатлар демографик муаммоларга рўбарў келаётганига қарамай, Ер аҳолиси сони ўсишда давом этмоқда. Countrymeters лойиҳаси ҳисоб-китобларига кўра, 15 август куни дунё одамларининг сони 8 миллиарддан ошди. Уларнинг 4,04 миллиард нафари эркак, 3,96 миллиард нафари аёллардир. Ер юзининг қарийб 70 фоиз аҳолиси 20 давлатда яшамоқда. Қитъалар бўйича эса энг кўп инсонлар Осиёда - 4,7 миллиард киши.
Ҳиндистон аҳолиси 177 миллионга, Хитой аҳолиси эса 73 миллионга кўпайган. Шу билан бирга, тадқиқотчилар келажакда дунё аҳолисининг кўпайиши жараёнида ҳиндлар улуши фақат ортиб боришини таъкидлаяпти.
World Population Review ҳисоб-китобларига кўра, Ҳиндистон аҳолиси 18 январь ҳолатига кўра 1,423 миллиард кишига етган. Бошқа бир тадқиқот ташкилоти - Macrotrends мамлакатда 1,428 миллиард одам истиқомат қилишини даъво қилмоқда.
Хитойда 1979 йилдан то 2015 йилгача "бир оила - бир фарзанд" тамойили амал қилгани бугун ҳам ўз таъсирини кўрсатаяпти. Расмий маълумотларга кўра, айни вақтда мамлакат аҳолиси сони 1,4 миллиард кишидан ошган.
Шу тарзда Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойни ортда қолдирди.
Яқин Шарқ можароси
Ғазода Исроил ва Ҳамас ҳаракати ўртасида кечаётган қуролли қарама-қаршилик энди қандай ечим топишидан қатъий назар аллақачон бегуноҳ инсонлар, айниқса минглаб фаластинлик болалар ва аёллар қирғин қилинган, юздан ортиқ халқаро инсонпарварлик ташкилотлари ва ОАВ вакиллари ҳалок бўлган қонли урушлардан бири сифатида тарихда қолиши аниқ бўлиб улгурди.
Минтақадаги бугунги воқеалар ривожи 7 октябрда Ҳамаснинг жанговар қаноти кутилмаганда Фаластиннинг Исроил томонидан эгаллаб олинган ҳудудларига ҳужум уюштириб, 1200 нафардан ортиқ ҳарбий ва оддий одамларни ўлдириши ҳамда 250 нафарга яқинини гаровга олиши ортидан шиддатли тус олди.
Аввалига Исроил ҳарбийлари томонидан бомбаланган ва кейин Ҳамас аъзоларига қарши қуруқликдан ҳам жанговар ҳаракатлар бошланган Ғазода қурбон бўлган оддий аҳоли сони 20 минг нафарга яқинлашди. Албатта, жангларда исроиллик ҳарбийлар ҳам сезиларли йўқотишларга учрамоқда.
Ушбу можаро қандай якун топиши ва ундан кейин нима бўлиши ҳақидаги саоллар ҳозирча очиқ қолмоқда.
Шунингдек, Россия Украинага қарши 2022 йил 24 февралда бошлаган ҳарбий ҳаракатлар жорий йилда ҳам давом этди. Озарбайжон сентябрь ойи охирида узоқ йиллар айирмачи арманлар ишғолида бўлган Тоғли Қорабоғ ҳудуди устидан назоратни тўлиқ қайтариб олди.
Сайлов ва сиёсий қудратлар
Дунёдаги сиёсий вазиятга таъсир ўтказиш қурбига эга сиёсатчилар атрофидаги гап-сўзлар ҳамиша жаҳон жамоатчилиги диққат-этиборида бўлиб келади. Шундай экан, Туркияда 14 майда ўтган ва амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам номзод сифатида кўрсатилган президент сайловнинг биринчи турида мутлақ ғолиб аниқланмагани ушбу сиёсий тадбир натижаси қандай тугашига бўлган қизиқишни ошириб юборди.
Унда Ражаб Тоййиб Эрдўғон 49,52 фоиз, унинг асосий рақиби, мухолифатдаги партиялар иттифоқи (Халқ альянси) кўрсатган номзод Камол Қиличдорўғли 44,88 фоиз овоз олди. "Отатурк альянси" вакили Синан Оғанни эса сайловчиларнинг 5,28 фоизи қўллаб-қувватлади. 28 майда ўтган иккинчи - ҳал қилувчи турда эса барибир Ражаб Тоййиб Эрдўған кичик устунлик - 52 фоиздан ортиқроқ овоз билан ғалаба қозонди.
Ўшанда мамлакатда чоп этиладиган Hürriyet газетаси: "Иқтисодиётнинг ҳолати, зилзила, пандемия. Эрдўған яна ғалаба қилди. Бундай шароитдаги ғалаба - катта муваффақият. Бу ғалаба аввалгиларидан муҳим", деб ёзганди.
Келгуси йилда дунёнинг икки йирик ҳарбий қудратга эга мамлакати - Россия ва АҚШда ҳам президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 2023 йил учун тегишлилиги шундаки, уларда амалдаги лидерлар - Путин ва Байденнинг иштирок этиш истаги борлиги ҳамда сиёсатчилар бунинг учун амалий ҳаракатларни ҳозирданоқ бошлаб юборгани аллақачон дунё афкор оммаси эътиборига тушди.
Американи олдиндан айтиш қийину, бироқ Россияда 2024 йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтиши белгиланган овоз бериш натижаларини аввалдан тахмин қилса бўлади. Бунгача Путин тўрт марта: 2000, 2004, 2012 ва 2018 йилларда президентлик лавозимига сайланган. Мамлакат конституцияга киритилган ўзгартиришлар қабул қилингандан сўнг у 2024 йилда номзод сифатида яна сайловда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.