Меню

Қашқадарё

02.05.2017 2211

ДУНЁ - САҲНА, ҲАР КИМСАНИНГ ТЕГИШ РОЛИ БОР

Қуйида буюк ижодкорнинг турфа асарларидаги тимсоллар тилидан айтилган ҳикматларни сараладик.

У хилда бўласанми, бу хилда бўласанми – бу кишининг ўзидан. Бизнинг вужудимиз – бир боғ, иродамиз эса – у боғнинг боғбони, шунинг учун бу боғда сассиқ алаф ўстирамизми ёки жамбилу райҳонлар билан зийнат берамизми, бу боғни бир рангдаги кўкатлар билан безаймизми ёки ранго-ранг гуллар биланми, бизнинг боғимиз ялқовлигимиз орқасида мевасиз ажриқзор бўлиб ётадими, ё ғайратимиз орқасида ҳосилдор – мана шуларнинг ҳаммаси устидан ҳукмронлик қилиб тургувчи куч – бизнинг иродамиздадир.

* * *

Зотида олижанобликдан нишона ҳам бўлмаган тубан кишилар муҳаббатга гирифтор бўлгандан кейин ўзларига табиат бахш қилгандан ҳам зиёдароқ олижаноб бўлиб кетади.

* * *

Эрта биз учун бу кундан кўра кўпроқ нарса беради.

* * *

Бир пасткашлик бошқасини бошлаб келади.

* * *

Чидами йўқ одамларга мен ачинаман!

Қайси яра бита қолар бир зумда осон?

* * *

Туғиларкан биз йиғлаймиз, чунки ҳаётнинг саҳнасида аҳмоқларнинг ролин ўйнаймиз.

* * *

Дунё – саҳна, ҳар кимсанинг тегиш роли бор.

* * *

Улуғлик дегани – оғир, машаққатли юк.

* * *

Ҳасад эзгуликни яралайди, қонга бўяйди.

* * *

Севги мислсиз қудратга эга: дунёда унинг кулфатига йўлиқишдан ҳам оғирроқ жазо йўқ, ундан баҳраманд бўлишдан ортиқроқ бахт йўқ.

* * *

Дўстнинг маслаҳати ғанимларга қарши энг яхши қалқондир.

* * *

Кўрнамаклик хиёнатнинг тиғидан ёмон.

* * *

Қасос-интиқом биз ўзимиз қуйган заҳар тўла косани ўзимизга тутар.

* * *

Фосиқликда майдан товламачиси йўқ. Оёғингни ердан узиб, ботир қиладиган ҳам, қайтиб лойга ботирадиган ҳам ўзи. Васвасага солиб, сиринг очадиган ҳам, расвойингни тортгач, бош қутқариб қочадиган ҳам ўзи!

* * *

Қуруқ “миш-миш” вишиллаган илондан баттар.

* * *

Биз ҳар ишни ичимизда бир илинж билан

“Эртага!” – деб пичирлаймиз кундан-кун чўзиб.

Умр товуш чиқармасдан, оёқ учида,

Астагина адоғига етгач, қарасак:

Ўтган барча ўша кунлар бизга сездирмай,

Йўл ёритиб, бошлаб кепти гўрнинг лабига.

* * *

Ҳаёт – соя; саҳнадаги муқаллид, холос,

Ўйнаб-кулиб муддатини ўтар-да кетар.

* * *

Умид – ошиқларга ҳасса!

* * *

Агар эркак ўз сўзида собит бўлганда,

Камолотнинг чўққисига чиққан бўларди.

* * *

Наҳотки беозор, соддадил одам

Таҳқирсиз, туҳматсиз яшай олмаса!

* * *

Ёвуз ўз тиғига санчилиб ўлар.

* * *

Ишончим комилки, охир-оқибатда инсонларнинг пасткашлиги олдида шайтон маъсум бир фаришта бўлиб қолади.

* * *

Бахт меъёрни билишда.

* * *

Такаббурлик – ҳилвираган, омонат мато.

* * *

Ботирликнинг бир зийнати - камтаринлик.

* * *

Ташқи гўзаллик ўзининг пинҳоний ички олами билан янада қимматлидир. Китоб муқоваси зарҳалли бўлибгина қолмай, ичидаги мазмуни ҳам олтинга тенг бўлса, у алоҳида аҳамият касб этади.

* * *

Кўриш ва сезиш бу мавжуд бўлмоқликдир, мулоҳаза юритиш эса яшаш демакдир.

* * *

Ушбу қоидага ҳамиша амал қил: сўзларга – торлик, фикрларга эса кенглик керак.

* * *

Бир қадар азият қўшилмаган соф бахт бўлмайди.

* * *

Ўз қобилиятини кўз-кўз қилмаслик – ҳамиша истеъдод кафолатидир.

* * *

Ҳалол одам учун энг оғир ҳақорат – уни ноҳалолликда гумон қилишдир.

* * *

Тоза юракни қўрқитиш қийин.

* * *

Фақат чин дўст дўстининг заиф томонларига чидайди.

* * *

Сўз – шамол, ҳақоратли сўз эса елвизак каби зарарлидир.

* * *

Ҳеч нарса ҳамма вақт бир хилда яхши бўлолмайди, чунки ўша яхши ҳам ўзининг чексиз яхшилигидан адойи тамом бўлади.

* * *

Беғамлик ёшларнинг шўри бўлганидай,

Ортиқча куюнчаклик кексаларнинг шўридир.

* * *

Фақат ўзи учун яшаш инсонликни суиистеъмол қилишдир.

Дилфуза ЖУМАЕВА тўплади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!