Меню
Қашқадарё
ДУНЁ БИЛАН БЎЙЛАШАДИГАН АВЛОДГА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ БЕРИШ ЧУҚУР МАСЪУЛИЯТНИ ТАҚОЗО ҚИЛАДИ
Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги тантаналари бу йил "Сен - қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!" шиори остида кенг нишонланмоқда. Биласиз, таълим муассасаларида янги ўқув йилининг илк машғулотлари доим Мустақиллик дарслари билан бошланарди. Аммо дунё аҳлини ҳали-ҳамон таҳлика остида ушлаб турган пандемия сабаб бу анъана бир муддат кечикадиган бўлди.
Гарчи анъанавий дарслар март ойидан тўхтаган бўлса-да, ўқувчию ўқитувчилар янги ўқув йилига, энг улуғ айёмимизга "қуруқ қўл" билан келишгани йўқ. Онлайн мактабдан олинган тажрибалар, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш кўникмаси бугун ҳеч бир ўқитувчига бегона эмаслигини алоҳида эътироф этиш керак.
- Масофавий таълим ёзги таътил кунлари, май-август ойларида Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан барча фанлар бўйича ташкил этилган онлайн олимпиадаларда ўз натижасини берди, - дейди Миришкор тумани халқ таълими бўлими мудири Бектош Шодиев. - Бу тадбирлар мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири саналган туманимиз ўқувчи-ёшларида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Буни онлайн олимпиадаларда 2 мингдан зиёд ўқувчиларимиз иштирок этганлигида ҳам кўрса бўлади.
Қайд этиш лозим, тумандаги 39 та умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг 50 нафардан ортиғи онлайн олимпиадалар натижаларига кўра республика миқёсида "Топ-50"таликдан ўрин олишган бўлса, 20-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчилари 5-синф математика, 8-синф информатика фанларидан ўтказилган олимпиадада фахрли биринчи, 7-синф она тили фанидан иккинчи ва учинчи ўринларни, 8-синф информатика фанидан учинчи ва бешинчи ўринларни эгаллашди.
"Оҳангларим етиб борсин дилларингизга", "Биз коронавирусга қаршимиз", "Мустақиллик мадҳи", "Қадринг баланд бўлсин она тилим" каби танловларда ҳам ёш ўғил-қизлар фаол эканини таъкидлаш ўринли. Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган "Мактабим китобхони" Республика онлайн танловида тумандаги 28-мактаб ўқувчиси Жасмина Нозова 2-ўринни эгаллади. Вилоят адлия бошқармаси ўтказган "Ҳуқуқий саводхонлик" викторинасида 6-мактаб ўқувчиси Озодбек Ражабов 1-ўринни қўлга киритди.
Онлайн танловларда ўқитувчилар ҳам фаол эканини айтиш жоиз. "Энг яхши илмий мақола", "Энг яхши видеодарс", "Энг яхши дарс ишланма" каби йўналишларда ўқитувчиларимиз ғолиблар сирасида эътироф этилди.
- Мен фалон соат дарс олишим керак!
- Нега менга фалончидан кам дарс берилаяпти?
- Фалончи раҳбарларнинг тилини топган...
Янги ўқув йили арафасида ўқитувчилар ўртасида дарс тақсимоти ўтказиш жараёнида ана шундай фикрлар бўлмаслиги учун халқ таълими, молия ва соғлиқни сақлаш вазирликларининг кўшма қарори билан умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Эндиликда дарс тақсимоти жараёнида ўқитувчи фаолияти сифати ва самарадорлиги бош мезон қилиб белгиланди. Бу яхши ишлаган, дарсларни сифатли ташкил этиб, ўқувчиларининг халқаро, шунингдек, республика миқёсида ўтказилаётган олимпиада ва танловларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаган ўқитувчи дарс тақсимоти мобайнида қўшимча имтиёзларга эга бўлишига имкон бериши билан аҳамиятлидир.
Бугунги давр таълим тизимини ҳар томонлама такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда. Аввал эди: ўқув йили пахта билан бошланиб, ягана билан тугарди. Мустақиллик фарзандлари дунё билан бўйлашаман, дейди, кўп ҳолларда ўзиб ҳам кетаяпти. Демак, уларга дастлабки таҳсилни бериш жараёнида истиқлол берган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ишни шунга қараб режалаштиришимиз керак.
Абдунаби АБДИЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.