Меню
Қашқадарё
ДУНЁ БЎЙЛАБ ТАРҚАЛГАН МЕРОС
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган музейларга, кўҳна шаҳарларга бориб уларни кўрганимизда қалбимиз ифтихор ва фахрга тўлади. Бу дурдоналар дунёнинг кўплаб музейларида ҳам намойиш этилмоқдаки, чет элларга саёҳат чоғида уларни қизиқиш билан томоша қилар эканмиз, улар бу музейларга қандай келиб қолганлиги ҳақида ҳам, албатта, фикр юритамиз.
Бу соҳада изланиш-тадқиқотлар олиб бораётган олимларнинг аниқлашича, бундай безавол дурдоналар юртимиздан турли йўллар билан олиб кетилган. Уларнинг юртимиздан чиқиб кетиши чор Россиясининг Марказий Осиёни, хусусан, Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларини босиб олиши билан бошланган. Тарих фанлари доктори, профессор Нодира Содиқованинг ёзишича, Россия империяси халқимизга тегишли бойликларга олдиндан белгиланган режалар асосида эга бўлишга ҳаракат қилган. Босиб олинган жойларда аскар ва зобитларга махсус тавсияномалар берилиб, уларга қандай буюм, осори атиқаларга аҳамият бериш зарурлиги кўрсатилган. Шунингдек, Россиядан юртимизга географлар, тарихчилар, шарқшунослар, савдогарлар, бошқа турли соҳа мутахассислари ҳам ҳар хил қиёфада ва турли вазифалар билан жўнатилиб турилган. Илмий экспедициялар ниқоби остидаги ғайриилмий сафарларнинг ҳам асосий мақсади маданий бойликларимизни талон-торож қилишга қаратилган эди.
Тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов “Топталган мерос” сарлавҳали мақоласида ёзишича, 1868 йил 2 майда Самарқанд руслар томонидан истило қилингач, бу ерга келган ҳарбийлар ва амалдорлар ўртасида қадимий буюмлар савдоси авж олган. Харобалар, мақбара, мадрасалардан хазина изловчиларнинг бозори чаққон бўлган. Ҳатто бу ишга ҳарбий амалдорлар ҳам киришиб кетган. Чунончи, князь Трубецкий 1 сўм эвазига бир харобани қазишга мардикорларни ёллаган. Ярим соатдан сўнг улар полковникка ўнг қўлида шернинг шаклини ушлаб турган аёл ҳайкалчасини тутқазган.
1883 йилда генерал-губернатор Михаил Черняевнинг буйруғи билан подполковник Всеволод Крестовский Афросиёбда қазиш ишларини бошлайди. У топилмаларнинг бир қисмини Тошкентда қолдириб, энг ноёб, қимматбаҳоларини Санкт-Петербургга жўнатади. 1895 йилда эса шарқшунос олим Николай Веселовский бошчилигидаги экспедиция аъзолари маҳаллий тўралар билан келишиб, Амир Темур мақбарасининг нафис нақшинкор эшигини Санкт-Петербургга олиб кетишган. Мақбаранинг ғарб томонидаги эшиги табақаси ҳам ғойиб бўлади. Кейинроқ Улуғбек мадрасасидаги қимматбаҳо тош ҳам шу тариқа йўқолади. 1903 йили император Александр III нинг музейи учун Амир Темур мақбараси ойнасидан бир қисмини жўнатиш сўралди ва бу илтимос дарҳол бажарилди. 1905 йилда Амир Темур мақбарасига яна катта зиён етказилди. Пештоқдаги “Жаҳонгир Амир Темур Кўрагоннинг қабри. Худо уни раҳмат қилсин ва абадий жаннатда бўлсин”, деган ёзувли лавҳа ҳам қўпориб олиниб, империя пойтахтига жўнатилган, у ҳозир Эрмитажда сақланмоқда.
Шарқшунос Александр Куннинг ёзишича, машҳур Амир Темур кутубхонасидан бизга фақат Усмоний Қуръон қолган. Руслар Самарқандни босиб олгач, старшина Серов Хўжа Аҳрор жомеъ масжидида Усмоний Қуръон сақланишини билиб қолиб, бу ҳақда генерал Абрамовга хабар қилади. Абрамов ушбу қадимий ноёб нусхани Тошкентга юборади. Бу ердан китоб Санкт-Петербургга жўнатилади. Фақат бир неча йиллардан сўнгина бу ноёб китоб юртимизга қайтарилган ва ҳозирда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфида сақланмоқда. Генерал-адъютант Фон Кауфман 1873 йилда Хива хони хазинасини талон-торож қилиб, уни Император география жамиятига топширган. Хон саройидан 300 дан ортиқ араб, форс ва турк-ўзбек тилларида ёзилган қўлёзма асарлар ҳам олиб кетилган.
Тарих фанлари номзоди Дилафрўз Қурбонованинг тадқиқотларига кўра, чор Россиясининг Туркистондаги маъмурияти ва илмий жамиятлари ўлкадан қимматбаҳо нодир буюмларни тортиб олишнинг яна бир янги усулини ўйлаб топган. Бу турли доираларда хилма-хил кўргазмалар ташкил қилиш усули эди. Генерал-губернатор томонидан тайинланган махсус вакиллар хон хазиналаридан дурдона буюмларни танлаб, кўргазмаларга тавсия этишган, кўргазмалардан сўнг эса бу буюмлар ҳақиқий эгаларига қайтарилмасдан Санкт-Петербургга жўнатилган. Чунончи, 1891 йилда Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги Бутунроссия кўргазмасида иштирок этган, аммо унда намойиш этилган осори атиқаларнинг ҳаммаси империя пойтахтининг ўзида қолдирилган. Москва этнография музейи 1867-72 йилларда Туркистонда ўтказилган кўргазмалар экспонатлари асосида ташкил этилган. 1900 йилда Париждаги жаҳон кўргазмасида намойиш этиш учун Бухородан 300 дан ортиқ энг ноёб буюмлар жўнатилган, аммо улар кейинчалик Россиядаги музейларга бўлиб берилган.
Октябрь инқилобидан сўнг ҳокимият тепасига келган большевиклар даврида юртимиздан тарихий ва маданий бойликларни ташиб кетиш янада кўпайди. Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона водийсида ўтказилган экспедицияларда археологлар томонидан топилган ашёларнинг энг саралари Москва ва Ленинград (Санкт-Петербург)даги музейлардан жой олди. Улар орасида Ишратхона, Бибихоним масжиди, Улуғбек мадрасаси деворларидан кўчириб олинган кошинлар, археологик қазилмалар пайтида Тупроққалъа, Гулдурсун, Қизилқалъа ва бошқа ёдгорликлардан чиққан антик ва ўрта асрларга доир бебаҳо осори атиқалар, Сурхондарё воҳасидан топилган Геракл ва Будда ҳайкалчалари, Кушон подшоси Хувишка тасвири туширилган медальон, Пайкент шаҳри харобаларида дуч келинган кушонлар, сосонийлар, суғдийлар тангалари каби жуда кўп нодир бойликлар бор.
Шаҳрисабзлик олима Дилафрўз Қурбонованинг мавзуга оид докторлик диссертациясини тайёрлаш жараёнида олиб борган тадқиқотларига кўра, ҳозир Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида Ўзбекистон маданияти, санъати, ҳунармандчилигига доир 13 мингдан ортиқ, Россия этнография музейида 10 минг 240 та, Москвадаги Шарқ халқлари тарихи музейида 10 мингга яқин нодир ашё сақланмоқда. Тарихимизнинг турли даврларига мансуб моддий маданият ёдгорликлари Британия музейи, Виктория ва Альберт музейи, Лувр музейи, Берлин этнография музейи, АҚШдаги Метрополитен санъат музейи, Эрондаги Гулистон саройи музейи, Қоҳира ва Қатардаги ислом санъати музейларида намойиш этилмоқда. Тадқиқотчи Амир Темур ва темурийлар даврига оид безавол дурдоналаримиз дунёдаги 24 та йирик музейда сақланаётганини аниқлади. Улар жами 273 та ноёб ашёдан иборат. Хусусан, Берлин амалий санъат музейида 43 та, Лондондаги Британия музейи ва Озарбайжон Миллий музейида 24 тадан ноёб осори атиқа сақланмоқда.
1870 йил август ойи охирида Китоб чор қўшинлари томонидан эгаллангач, Жўрабек Қаландарҳожи ўғли саройидаги кутубхона ҳам талон-торож этилади. Шунингдек, беклик аҳолиси қўлидан ҳам 24 та нодир қўлёзма китоб йиғиб олингани маълум. Шарқшунос олим Александр Кун Шаҳрисабзда ноёб қўлёзмаларни излаш билан шуғулланиб, 100 нусха китобни топишга муваффақ бўлади. Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфманнинг буйруғи билан генерал-майор Абрамов барча қўлёзмаларни Тошкентга юборади, бу ерда улар яна саралангач, энг нодир қўлёзмалар империя пойтахтига жўнатилади. Эрмитажда жездан ясалиб, феруза тошлар билан зийнатланган офтоба ва кумуш билан ишлов берилган диаметри 30,7 сантиметр, баландлиги 12 сантиметр бўлган дастшўй бор. Улар 1886-1896 йилларда Қарши шаҳридан олиб кетилган.
Россия этнография музейида Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар сероб. Улар орасида Шаҳрисабз зардўзлари томонидан тикилган зарчопонлар, шоҳона пардалар, шунингдек, эркаклар белбоғи, келинлар сўзаналарини кўриш мумкин. Музейдан Шаҳрисабз ва Қарши ҳунармандлари томонидан ясалган заргарлик буюмлари ҳам жой олган.
Марказий Осиё ҳунармандчилигида шоҳона от анжомларини тайёрлаш ўзига хос санъат ҳисобланган. Бу соҳада Шаҳрисабз усталарининг олдига тушадигани бўлмаган. 1885 йил охири – 1886 йил бошларида рус элчилари таркибида Шаҳрисабзда бўлган зобит ва ёзувчи Всеволод Крестовский шаҳар расталарида савдога қўйилган чиройли эгарлар, от ёпиқчиси, айилларни кўриб, уларнинг юксак маҳорат билан ясалганлигини қайд этган. Берлин этнография музейида шаҳрисабзлик усталар томонидан тайёрланган ана шундай шоҳона от анжомлари ҳам ўрин олган.
Россия этнография музейи ходими Б.Гамбург турли этнографик ашёларни аниқлаб, уларни музейга олиб келиш учун юртимизга 12 марта экспедиция уюштирган. У Қашқадарёда ҳам бўлган, араблар яшайдиган Жейнов ва бошқа қишлоқларни кезиб чиққан, жуда бой коллекция тўплаган. Ҳозир улар музей экспозицияларига қўйилган.
Қашқа воҳасидан ғорат қилинган моддий маданият меросимиздан ташқари, Шаҳрисабздаги машҳур Оқсарой, Жаҳонгир мақбараси, Мирзо Улуғбек қурдирган Кўкгумбаз масжиди деворларидан кўчириб-қўпориб олинган нақшинкор парчинлар, сирли кошинлар бизга номаълум ўзга юрт музейларининг мулкига айланган. Ерқўрғон харобалари, Шўртепа, Қўштепа, Овултепа, Олтинтепа ёдгорликларида қазув ишлари олиб борилганида археологлар ер остидан қанчадан-қанча қадимий тангалар, зебу зийнат буюмлари, шиша идишлар, зардуштийлар динига оид ашёлар топишган, уларнинг энг қимматбаҳо ва ноёблари албатта юртимиздан чиқиб кетиб, ҳозир биз билмаган музей залларини безаб турибди.
Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, дунёнинг йирик музейларидаги юртимизга оид осори атиқаларни, тарихий ҳужжатларни ўрганиш, уларни юртимизга қайтариш ёки миллий меросимизнинг “эгизак нусха”ларини яратиб, музейларга қўйиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 1998 йил 29 августда Ўзбекистон Республикасининг “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. 2002 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида махсус комиссия тузилади. Ноёб қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларни ўрганиш учун кўпгина давлатларга мутахассислар юборилди. Улар илмий-маърифий, маданий-маънавий муассасалар, архивларда жиддий изланишлар олиб боришди. Натижада 3 мингдан ортиқ ҳужжатлар қайтарилиб, Марказий архив фондига топширилди. Камолиддин Беҳзод миниатюраларидан 27 таси эгизак насхалари яратилиб, музейларга тақдим этилди. Темурийлар тарихи давлат музейига Франциянинг Лувр музейи томонидан Амир Темур сиймоси туширилган картиналар нусхалари, Эрон элчихонасидан Амир Темур ва темурийларнинг қўшни давлат ҳукмдорлари билан ёзишмаларидан нусхалар, шунингдек, дунёнинг турли музейларида сақланаётган темурийларга оид 21 та ашёнинг эгизак нусхалари олинган. Теҳрондаги Коҳи Садобод музейида Амир Темурга тегишли қилич сақланмоқда. Эрон элчихонаси билан ҳамкорликда бу қиличнинг сурати олиниб, Темурийлар тарихи давлат музейига берилди.
2017 йил 15-16 майда Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” халқаро конгресси ҳам дунё музейларида сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий меросдан халқимизни бохабар этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. “Ўзбекистоннинг маданий мероси” альбом-каталоги нашр этилиб, конгресс иштирокчиларига тақдим этилди.
Тарихчилар, шарқшунослар, музейшунослар мустамлака ва шўро даврида четга чиқиб кетган миллий бойликларимизни ўрганиш ва уларнинг ўз ватанига имкон қадар аслини, шунингдек, нусхаларини, фотоларини қайтариб, музейларимизни яна бойитиш йўлидаги хайрли ишларини давом эттирмоқдалар.
Мўмин АЗИЗОВ, журналист